Бизнинг МЧЖда ходим менежер лавозимида ишлайди. У 2019 йилда Ўзбекистондаги олий ўқув юртига контракт асосида ўқишга кирди, ёши 30 да.
Ходим иш ҳақи ҳисобидан контрактни тўлаган ёки контракт тўлаш учун олинган кредитни сўндирган тақдирда, ЖШДС бўйича имтиёзга эга бўладими?
– Корхона иш ҳақидан ушлаб қолиш билан ходимнинг ўқиши учун контракт тўловини тўлашга ҳақли. Бунинг учун ўқиш жойидан 3 томонлама шартнома керак бўлади. Ходимнинг раҳбар номига ёзган контракт тўловини тўлашга ссуда ажратиш тўғрисидаги аризасига асосан контракт тўловини муайян муддат (бу давр ходим билан келишилади) мобайнида ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш шарти билан корхона маблағлари ҳисобидан тўлаш ҳақида фармойиш чиқарилади (контракт суммаси аниқ кўрсатилади).
Директор фармойишига асосан контракт тўланганда бухгалтерия ҳисобида 4720-«Берилган қарзлар бўйича ходимларнинг қарзи» счёти дебети бўйича 5110-«Ҳисоб-китоб счёти» счёти билан корреспонденцияда акс эттирилади. Контракт тўлови суммаси иш ҳақидан ушлаб қолинганда ушбу сумма Дт 6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходим билан ҳисоблашишлар» - Кт 4720-«Берилган қарзлар бўйича ходимларнинг қарзи» проводкаси орқали акс эттирилади.
Ходимингизнинг ёши 26 дан юқори бўлганлиги сабабли тўланган суммани ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолишда ЖШДС бўйича имтиёзни қўллаш мумкин эмас (Солиқ кодексининг 179-моддаси 31-банди 2-хатбошиси; АВ томонидан 27.05.2010 йилда 2107-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 5-банди).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.