Мамлакатимизга сайёҳлар оқими тобора ортиб бормоқда. Бу юртимизда сўнгги йилларда жадал амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг ижобий натижасидир.
Республикамизнинг хорижий сайёҳлар учун жозибадорлигини янада ошириш йўлида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар жумласига, фикримизча, улар учун (мамлакатга ташриф буюрган бошқа шахсларга ҳам) «Tax free» тизимининг жорий қилинишини киритиш мумкин.
Маълумки, қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) солиш тартиби Солиқ кодексида белгиланган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқарилган ва мамлакатимизда реализация қилиниши назарда тутилган товарлар (ишлар, хизматлар)дан ҚҚС ундириш солиқ органлари зиммасига юклатилган. Божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарлардан ҚҚСни эса божхона органлари ундирадилар.
Солиқ кодексига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиладиган товарларга (қимматбаҳо металлар бундан мустасно) ноль даражали ставка бўйича ҚҚС солинади (яъни ундирилмайди). Масалан, маҳаллий автосаноат корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган ва Россияга экспорт қилинаётган «Lacetti» автомобилига, божхона органи томонидан ҚҚС солинмайди. Республикамиз дўконларидан маҳаллий аҳоли қатори сайёҳлар томонидан харид қилинган товарлар қийматига ҚҚС суммаси киритилган бўлади. Бироқ, мазкур товарларни мамлакатимиздан олиб чиқишда сайёҳларга ҚҚС суммаси қайтарилмайди.
«Tax free» (инглизча «солиқсиз») тизимида сайёҳлар мамлакатдан олиб чиқаётган товарлар учун тўланган ҚҚСни қайтариш назарда тутилади. Саёҳатга отланганлар сотиб олинган товар қийматидан маълум суммани қайтариб олиш имкони борлигини билмасликлари мумкин. 140 га яқин мамлакатда товарлар ҚҚС билан сотилади, уларнинг 50 дан ортиғи ушбу товарларни чегарадан олиб чиқишда ҚҚСни қайтариб беради. Қайтариладиган маблағ ҚҚС ставкаси ҳамда товарнинг қиймати ва турига қараб, 7–20 фоизни ташкил этиши мумкин. Айрим давлатларда ҚҚС ставкаси 20 фоиздан юқори бўлса ҳам сайёҳлар учун кўрсатиладиган «Tax free» хизмати учун маълум сумма ушлаб қолиниши сабабли камроқ қисми қайтарилади.
Ушбу тизимни сайёҳлар, мамлакатга ташриф буюрган шахсларни юртимизга оҳанрабодек жалб қилишнинг яна бир усули дейиш мумкин.
Европа Иттифоқи мамлакатларида
ЕИ мамлакатларига келган сайёҳлар аэропорт ҳудудидан ташқаридаги дўконларда солиқсиз савдо қилишлари мумкин. Сайёҳ товар сотиб олаётганда унинг қийматига киритилган ҚҚС суммасини ҳам тўлайди, бироқ товарни олиб чиқиб кетаётганда тўлаган солиғи қайтариб берилади. Бунинг учун оддий талабларга риоя этиш лозим: шахс ЕИга аъзо давлат фуқароси бўлмаслиги, саёҳат 6 ойдан узоқ давом этмаслиги, сотиб олинган товарлар 3 ой ичида олиб чиқилиши, улар шахсий эҳтиёжи учун мўлжалланган бўлиши лозим. Бундан ташқари, товарларнинг савдо чекларини сақлаб қўйиб, чиқиш чоғида божхонага тақдим этиш лозим. Божхона ходими товар олиб чиқилаётганини тасдиқлаб чекларга муҳр босади. ЕИ давлатларининг ҳар бирида ҚҚС ставкаси ҳам, қайтариш учун сотиб олинган товарларнинг минимал қиймати ҳам турлича. Масалан, Испанияда сайёҳларни кўпроқ жалб қилиш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ҚҚСни қайтариш учун сотиб олинадиган товарлар қиймати (камида 90,15 евро) бўйича чеклов 2018 йил июлдан бекор қилинди.
Венгрияда камида 57 форинт қийматидаги товар олиб чиқилиши керак. Мамлакатда ҚҚС ставкаси 27 фоизни, озиқ-овқат маҳсулотлари учун 18 фоизни, тиббиёт буюмлари ва китоблар учун 5 фоизни ташкил этади. Унда ҳам ЕИ давлати фуқароси бўлмаслик, сотиб олинган товар учун «Tax-free» шаклини тўлдириш, уни 90 кун ичида божхона хизматига тақдим этиш ва божхона муҳрини бостириш лозим бўлади. Божхона муҳри қўйилган ушбу шаклни тақдим этиб, бир йилгача ҚҚСни қайтариб олиш мумкин бўлади.
Арманистонда
Арманистонда сайёҳлар ҚҚСни қайтариб олиш учун кунига қиймати 50 000 драмдан кам бўлмаган товарларни харид қилишлари лозим. Сотиб олинган озиқ-овқат, тамаки маҳсулотлари, дори-дармонлар ва маданий бойликларга «Tax-free» тизими қўлланилмайди. Товар олиб чиқилгунга қадар ишлатилмаслиги керак. Сайёҳлар мамлакатдан чиқаётиб қилган харидлари учун тегишли чекларни божхоначига тақдим этадилар. Шубҳа туғилган ҳолда божхона ходими мамлакатдан янги товар ниқоби остида эскиси олиб чиқилишининг олдини олиш мақсадида уларни текшириш ҳуқуқига эга. Чегарани кесиб ўтаётган сайёҳларга ҚҚС нақд пул шаклида ёки банк счётига қайтарилиши мумкин.
Австралияда
Австралияда сайёҳлар томонидан 60 кун ичида сотиб олинган, қиймати 300 Австралия доллари ёки ундан кўп миқдорда олиб чиқилаётган қўл юки ёки алоҳида олиб кетиладиган товарларга тўланган солиқ қайтарилади. Дейлик, бир дўкондан 270 Австралия долларига, бошқа дўкондан 130 Австралия долларига, жами 400 Австралия долларига тенг товар олсангиз, сизга ҚҚС қайтарилмайди, чунки битта дўкондан камида 300 Австралия долларига тенг товар харид қилишингиз лозим. Алкоголли маҳсулотлар, дори-дармон, озиқ-овқат, кўрсатилган хизматлар, яшаш учун сарф-харажатлардан ҳам солиқ қайтарилмайди.
300 Австралия долларига тенг товар учун алоҳида ҚҚС шаклини тўлдириш шарт эмас. Товарлардан Австралия ҳудудида фойдаланмаслик учун ўралган ҳолда сақлаш керак. Кийим-кечак, телефон, видеокамералар бундан мустасно.
ҚҚС аэропортда ёки денгиз портларида қайтарилади, бунда товарларга доир ҳужжатнинг асли тақдим этилиши лозим. Чегара ва божхона хизмати товарни кўрикдан ўтказиш учун тақдим этишни талаб қилиши мумкин.
Америкада
АҚШда сотиб олинган товарларга ҚҚС солинмаслиги сабабли уларга «Tax free» расмийлаштирилмайди, бироқ, товарларга савдо солиғи (Sailes Tax) жорий этилган. Қизиғи шундаки, Аляска, Орегона, Делавер, Монтана, Нью-Хэмпшир штатларида савдо солиғи қўлланилмайди.
Штатлардаги солиқлар бир-биридан фарқ қилади, бир штатда товарга солиқ солинмаса, бошқасида солиқ солинади. Шунинг учун фуқаролар бошқа штатдаги дўконларга буюртма беришлари мумкин.
АҚШнинг айрим ҳудудларида сайёҳлар олиб чиқадиган товарлар учун солиқлар қайтарилади. «Tax free» қўлланилмаса-да, маълум имтиёз олиш имконияти мавжуд. Айрим савдо марказларида 100–150 АҚШ долларилик товар харид қилинса, 9,5–14 фоиз миқдоридаги сумма қайтарилади. Мамлакат ҳудудида ёки аэропортда савдо солиғи суммаси нақд кўринишда қайтарилмайди. Бунинг учун махсус хизматга олинган товар чекини тақдим этиш зарур. Натижада керакли сумма банкдаги счётингизга ёки кредит картангизга ўтказиб берилади. АҚШни тарк этаётганда товар чекини тақдим этишга улгурмасангиз, уни ташлаб юборишга шошилманг, ушбу чекнинг амал қилиш муддати чекланмаган бўлиб, келгуси сафарингизда ундан фойдаланиш имконига эга бўласиз.
А.УЗОҚОВ,
ДБҚ Божхона институти катта ўқитувчиси, божхона хизмати подполковниги.
А.АКБАРОВ,
ДБҚ Божхона институти доценти, божхона хизмати полковниги.