Norma.uz
Газета СБХ / 2019 год / № 21 / Божхона

ДБҚ делегациясининг араб мамлакатларидаги музокаралари

 

Президентимизнинг жорий йил март ойида Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги шерикликни мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришда янги босқични бошлаб берди. Халқаро эксперт-таҳлил доираларида катта нуфузга эга «The Diplomat» журналида эълон қилинган мақолада Ўзбекистон янги стратегик муҳим алоқалар ўрнатаётгани, мамлакатимиз раҳбари илк босқичда Марказий Осиё давлатлари, сўнг Россия, АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, европалик бир қатор йирик давлатлар, Жанубий Корея каби қудратли мамлакатлар билан мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйгач, араб дунёсини ҳам муҳим ҳамкорликка чорлади, деб қайд этилади.

 

Дарҳақиқат, мазкур ташриф давомида инвестициялар, молия, муқобил энергетика, саноат ва инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, маданият ва бошқа соҳалар қаторида божхона маъмуриятчилиги соҳасида ҳам ҳамкорлик бўйича умумий қиймати 10 млрд доллардан ортиқ бўлган келишувларга эришилди. Галдаги вазифа эришилган келишув ва битимларнинг ўз вақтида ва сўзсиз ижросини таъминлашга қаратилган бўлиб, бу борада республикамиз Давлат божхона қўмитаси аниқ амалий ишларни бошлаб юборди. Жумладан, жорий йилнинг 3–8 май кунлари ДБҚ раиси М.Азимов бошчилигидаги делегация БАА ва Қувайтда бўлиб, мазкур мамлакатларнинг замонавий логистика терминаллари ва божхона омборлари фаолияти билан яқиндан танишди.

Ташриф доирасида Қувайт божхона администрацияси ва БАА Федерал божхона администрацияси Олий комиссари билан мамлакатларимиз ўртасида божхона иши соҳасида ўзаро ҳамкорлик бўйича икки томонлама музокаралар ўтказилди.

Делегация аъзолари Қувайтдаги «Anham Fzco» компаниясининг логистика терминали билан яқиндан танишди. 2004 йилдан бери муваффақиятли фаолият олиб бораётган мазкур компания харидларни амалга ошириш ва маҳсулотларни дунёнинг турли давлатларидаги 300 дан ортиқ мижозга, хусусан улгуржи харидор ва супермаркетлар тармоқларига етказиб бериш бўйича катта тажрибага эга. Фаолият кўлами, транспорт оқими ва товар айланмаси катта бўлган мазкур компания «Товарларни етказиб бериш занжирини бошқариш тизими» орқали ўз ишини тизимли ва бир маромда йўлга қўйган.

Компания фаолиятига ахборот-коммуникация технологиялари кенг кўламда жорий этилган бўлиб, омборлар, транспорт ва харидларни бошқариш тизимлари, логистика портали ҳамда бизнес-таҳлил ахборот маҳсулотлари делегациямиз ­аъзоларида алоҳида қизиқиш уйғотди.

Қувайтликларда администрацияси раҳбари Жамол ал-Желавий билан ўтказилган музокараларда тадбиркорлик, инвестициялар ва ўзаро савдони ривожлантиришда божхона соҳасидаги узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича фикр-мулоҳазалар алмашилди.

Қувайтликларда Ўзбекистондан узум, қуруқ мевалар ва полиз маҳсулотларини етказишни ташкил қилиш, шунингдек, Ўзбекистонда кўчмас мулк харид қилиш масалалари алоҳида қизиқиш уйғотди. Масалан, «Anham Fzco» компанияси қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини мамлакатга Жанубий Америкадан ҳаво йўллари орқали 20 соатда етказаётган бўлса, Ўзбекистондан атиги 3 соатда олиб келади. Бу эса юртимиз маҳсулотларининг экспорти учун янги имкониятлар эшигини очади.

Шунингдек, мазкур компания вакиллари ўз товарларини Афғонистонга етказишда Сурхондарё вилоятидаги «Termez Cargo» логистика маркази имкониятларидан кенг фойдаланишга ҳам алоҳида қизиқиш билдиришди.

Музокаралар якунига кўра ҳар икки мамлакат ўртасида божхона иши соҳасида Ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам бўйича келишувни ишлаб чиқиш ва уни Ўзбекистон-Қувайт савдо-иқтисодий ҳамкорлиги бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишида имзолашга келишиб олинди.

БААга ташриф давомида Дубай халқаро аэропорти божхона хизмати ва қатор логистика терминаллари фаолияти билан яқиндан танишилди.

Дубай халқаро аэропортининг божхона хизмати божхона назоратининг энг сўнгги замонавий технологиялари, видеокузатув тизими, металл излагичлар, назорат-рентген ускуналари, шахсий кўрикни божхона ходимининг аралашувисиз ўтказишга имкон берувчи инсон танасини сканерловчи ускуналар билан таъминланган. Мазкур аэропортда кунига 70 мингдан ортиқ йўловчи турли парвозларни амалга оширади. Уларни божхона назоратидан самарали ўтказишда видеокузатув ва назорат-рентген аппарати тасвирлари билан ишлайдиган автоматлаштирилган мониторинг тизими муҳим роль ўйнайди.

Шунингдек, ҳаво транспорти, йўловчилар ва уларнинг багажларига доир дастлабки ахборотларни олдиндан (2 соатгача) тақдим этиш тизими мавжуд ресурслар ва иш кучини тўғри тақсимлаш имконини беради.

БАА Федерал божхона администрацияси Олий комиссари Али Саид Матар ал-Неяди Ўзбекистонда қурилиши режалаштирилган божхона терминалларини бунёд этишда араб компаниялари билан ўзаро ҳамкорликнинг йўлга қўйилаётганига юқори баҳо берди. Хусусан, «DP World» и «Anham Fzco» компаниялари бу борада улкан нуфуз ва катта тажрибага эга эканлигини қайд этди.

Музокаралар давомида томонлар ҳар икки мамлакат ўртасида олиб ўтилаётган товарлар ҳақида дастлабки ахборотларнинг электрон алмашинувини йўлга қўйиш бўйича техник талабларни ишлаб чиқишга доир келишувга эришишди. Яъни томонлар божхона чегаралари орқали олиб ўтиладиган товар ва транспорт воситаларига доир маълумотларни икки давлат божхона хизматлари ўртасида реал вақт режимида электрон шаклда олдиндан алмашишлари йўлга қўйилади. Бу эса, табиийки, божхона расмийлаштирувини тезлаштириш ҳамда божхона назоратининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, Ўзбекистонда бунёд этилаётган йирик 9 та божхона терминали – замонавий логистика марказларининг қурилишида БАА божхона хизмати тажрибасини кенг татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилади.

Ташрифнинг энг муҳим янгиликларидан яна бири Ўзбекистон давлат божхона хизмати органлари ходимларининг ушбу мамлакатда малакасини ошириш ва экспертлар алмашинуви орқали БААдаги мавжуд илғор тажриба ҳамда амалиётни ўрганишдан иборат бўлди.

«DP World» компанияси раиси Султон Аҳмад бин Сулайем билан бўлиб ўтган учрашувда компания раҳбари Ўзбекистон Президенти томонидан мамлакатда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестицион муҳитни яхшилаш борасида олиб борилаётган сиёсатни эътироф этиб, мамлакатимизга турли соҳаларда инвестиция киритишга ўз қизиқишини билдирди. Шунингдек, маҳаллий компания билан ҳамкорликда чегара-божхона постларига туташ ҳудудда замонавий божхона терминаллари ҳамда Навоий вилоятида қуруқлик портини бунёд этишда ҳам ҳамкорликка тайёр эканлигини маълум қилди. Бу эса «Бир макон, бир йўл» лойиҳасидаги ташаббусларни амалга оширишда Ўзбекистоннинг ҳал қилувчи ролини белгилаб беради.

2005 йилда ташкил қилинган «DP World» компанияси дунёдаги учинчи йирик порт оператори бўлиб, 78 та денгиз ва қуруқликдаги терминалларига эга. ­Дунёнинг барча қитъаларидаги 40 дан ортиқ мамлакатда ўз фаолиятини йўлга қўйган бўлиб, ўз йўналишида жаҳон бозорининг 6,7 фоизига эгалик қилади.

Мазкур компания билан ўтказилган музокаралар якунига кўра фаолиятнинг муҳим йўналишлари бўйича самарали ҳамкорликни амалга ошириш юзасидан «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга келишиб олинди. «Йўл харитаси» Форс кўрфази мамлакатларига Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш, мамлакатимизнинг транспорт-транзит ва логистика салоҳиятини кучайтиришда мазкур компания тажрибасини ўзлаштириш каби масалаларни қамраб олади.

 

Бир сўз билан айтганда, ДБҚ делегациясининг БАА ва Қувайт давлатларига амалга оширган хизмат сафари Ўзбекистон давлат божхона хизмати органлари фаолиятига илғор хорижий тажрибаларни татбиқ этиш, божхона назоратига инновацион ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, соҳада билимли ва професссионал кадрларни тайёрлашга хизмат қилади.

 

Саҳифани тайёрлашда ДБҚ Ахборот хизмати бош инспектори
Ҳусан ТАНГРИЕВ материалларидан фойдаланилди.

Прочитано: 654 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика