Norma.uz
Газета СБХ / 2019 год / № 16 / Божхона

АҚШда хавфни бошқариш тизими

 

АҚШнинг божхона хизмати тарихи Америка Конгресси томонидан ташкил қилинган вақтга, яъни 1789 йилларга бориб тақалади. Ўша вақтда чегарани кесиб ўтган ҳар қандай юк жисмоний кўрикдан ўтказилар эди. Ушбу тартиб XX асрнинг иккинчи ярмигача, яъни асосий техник жараёнларни автоматлаштириш, хусусан, хавфларни таҳлил қилишга қадар давом этди. 1970 йилда божхона хизмати раҳбарияти ишларни автоматлаштирилган режимга ўтказиш лозимлиги ҳақида қарор қилди. Бир нечта автоматлаштирилган тизимлар устида иш олиб борилди.

 

Узоқ йиллик тарих

Орадан 13 йил ўтгач, 1983 йилда автоматик юк ташиш тизими шакллана бошланди ва бутун мамлакат бўйлаб «тасодифий текшириш» тизими жорий этилди. Яна 10 йил ўтгач, 1993 йилда бутун автоматлаштириш жараёни учун жуда муҳим бўлган воқеа юз берди: АҚШ Конгресси божхона хизматини модернизациялаш тўғрисидаги расмий ҳужжатни қабул қилди, бу эса божхона расмийлаштирувининг кўплаб жараёнларини такомиллаштириш ва ахборот технологиялари афзалликларидан фойдаланиш имконини берди. Ушбу ҳужжатда белгиланган асосий қоида қонунларга максимал даражада риоя қилиш учун божхона органи юк олиб келувчилар билан биргаликда тенг жавобгар бўлишини назарда тутган эди.

Ниҳоят, 2003 йилда Миллий хавфсизлик вазирлиги (МХВ) бошчилигида АҚШнинг Божхона-чегара хизмати (БЧХ) ташкил этилди.

БЧХ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган сифатида дунёдаги энг катта ташкилотларнинг бири ҳисобланади ва унда 60 000 дан зиёд хизматчи фаолият олиб боради. БЧХнинг асосий вазифаси мамлакат ташқарисидаги террористлар ва уларнинг қуролларини АҚШ ҳудудига киритилиши билан боғлиқ масалалар, шунингдек халқаро савдо ва саёҳатларнинг қонун доирасида бўлишини таъминлашдан иборат. АҚШнинг Божхона ва чегара хизмати чегара назоратидаги биринчи ягона бирлашма бўлганлиги туфайли, чегарада комплекс бошқарувни амалга оширади ва божхона, муҳожирлик, чегара хавфсизлиги, қишлоқ хўжалиги ҳимоясида ягона марказлаштирилган фаолиятни олиб боради.

БЧХ бир кунда миллионга яқин сай­ёҳни, 67 000 дан ортиқ юк контейнерларини қабул қилиш билан бирга, 1 100 дан ортиқ қоидабузарларни аниқлайди ва 6 тоннага яқин тақиқланган наркотик моддаларни мусодара қилади.

АҚШнинг 2017 йилги экспорт-импорт ҳажми 5,2 трлн доллар миқдорида бўлиб, 2,3 трлн доллар экспортга ва 2,9 трлн доллар товарлар ва хизматлар импортига тўғри келган, БЧХ бундай ҳажмдаги товарнинг қонуний савдосига ёрдам беради, шу билан бирга, АҚШ савдо қонун-қоидаларига амал қилинишини таъминлайди.

Америка экспорт салоҳиятининг ўта юқорилигини унинг дунё экспортидаги улуши 16%ни ташкил этишининг ўзидан билса бўлади. Мамлакат иқтисодиётида импортнинг аҳамияти экспортдан ҳам юқори бўлиб, дунё импортининг 23%ини ташкил этади. Тасаввур қилинг, шундай катта ҳажмдаги товар айланмаси ва сайёҳлар оқимини назорат қилиш учун қандай техника ва технология талаб этилади?! Агар назоратнинг анъанавий усулларидан фойдаланилганда борми, бундай ҳажмдаги натижаларга эришиш амри маҳол бўлар эди.

Сўнгги 20 йил давомида божхона жараёнларини бошқаришнинг мажмуали тизимини яратишга 3 млрд доллардан зиёд маблағ сарфланди ва эвазига йилига 20 млн дан ортиқ юклар туркумини расмийлаштириш мумкин бўлди.

Бундай иш ҳажмини божхона расмийлаштируви ва божхона назорати автоматлаштирилган тизими, шунингдек, унинг асосида яратилган хавфни бошқариш ва таҳлил қилиш тизимидан фойдаланмаган ҳолда амалга ошириш мумкин эмас эди.

 

11 сентябрь воқеаларидан сўнг...

Хавфни бошқариш тизими туфайли исталган божхона ходими, унинг фаолияти натижалари қандай қилиб ва қай даражада ўзи ишлайдиган божхона органи фаолиятига таъсир кўрсатишини аниқлаши мумкин. Бироқ, ХБТнинг муваффақиятли ишлаши, ҳар бир амалга ошириладиган операция ёки ҳаракат учун ишончлилик ва жавобгарликнинг етарлича юқори даражасини талаб этади. Бугунги кунда ХБТдан фойдаланиладиган дастурлар орасида Контрагентларга доир маълумотларни юритиш дастури, Норматив-ҳуқуқий мувофиқликни баҳолаш дастури ва шунга ўхшаш бошқа дастурларни айтиб ўтиш жоиз.

АҚШ божхона хизматида хавфларни таҳлил қилиш ва бошқариш тизимини жорий қилиш мақсадида Марказий аппарат ҳузурида хавфларни бошқариш бўйича ишчи гуруҳ тузилган. Бу гуруҳга қонун ҳужжатларига амал қилиш жараёни билан боғлиқ хавфларни аниқлаш ва бошқариш вазифаси юклатилган.

Миллий мақсадли марказ (МММ) 2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан бироз кейин, яъни 21 октябрда ташкил этилган. Шу вақтдан бошлаб, у АҚШнинг БЧХда терроризмга қарши кураш бўйича етакчи бўлимига айланди. Ҳозирги кунда МММда 60 нафар ходим ишлайди ва улардан 46 нафари таҳлилчи мутахассисдир.

МММ дала операциялари қисмига бўйсунади ва унинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

● шахслар ва ташқи иқтисодий операцияларни тезкор назорат ва таҳлил қилиш, хусусан миллий хавфсизликни таъминлаш (оммавий қирғин қуроллари, икки мақсадли товарлар олиб кирилиши устидан, АҚШ ҳудудига терроризмга алоқадор шахсларнинг кириши ва ҳоказолар устидан назорат);

● федерал (ҳуқуқни муҳофаза қилувчи) органлар ва Миллий хавфсизлик вазирлиги ва БЧХнинг бошқа тузилмалари билан тезкор ҳамкорликни амалга ошириш;

● миллий хавфсизлик, терроризм хавфларини аниқлаш бўйича тактик иш;

● маҳаллий божхона органлари ходимлари учун кўрсатма ва тавсияларни шакллантириш.

МММда иш кечаю-кундуз икки белгиланган йўналишда: юк ва жисмоний шахслар бўйича амалга оширилади. МММ фаолиятида федерал органлар (Федерал қидирув бюроси, Федерал авиация маршаллари, АҚШнинг Энергетика вазирлиги, Транспорт хавфсизлиги хизмати ва ҳоказо) вакиллари, шунингдек, БЧХнинг бошқа тузилмалари (Божхона лабораторияси, Разведка тузилмаси ва ҳоказо) вакиллари иштирок этади. Божхона расмийлаштируви ва божхона назоратининг барча жараёнлари хавфни бошқариш тизимини қўллашга асосланган. Марказ даражасида турли фаолият йўналишларида хавф моделларини ишлаб чиқиш ва уларни қўллаш устидан назорат амалга оширилади. Ҳар бир етказиб бериш учун, автоматик режимда, хавф моделлари асосида, бир неча даражага эга бўлган баллар ҳисобланади: минимал, мумкин бўлган ва максимал хавф.

МММ мутахассислари максимал хавфга тўғри келиши мумкин бўлган етказиб беришлар бўйича қўшимча тезкор эксперт назоратларни ҳам амалга оширадилар. Улар томонидан чиқариладиган қарорлар ижроси божхона ходимлари учун мажбурий ҳисобланади.

Божхона органлари даражасида ваколатли шахслар ёки МММ томонидан назорат қилинадиган мақсадларни аниқлаш бўйича махсус гуруҳлар параллел равишда ушбу божхона органида расмийлаштирилиши кўзда тутилган товар, етказиб беришлар бўйича тезкор эксперт баҳолашни амалга оширадилар. Божхона органидан келиб чиқиб, олиб ўтилаётган товарларнинг 1-5% миқдордаги ҳажми божхона кўригидан ўтказилади. Кўрикнинг самарадорлиги тахминан 10%ни ташкил этади. АҚШ БЧХ томонидан хавфни бошқаришни қўллашга мўлжалланган қуйидаги турли дастурлар ишлаб чиқилган ва амалиётга муваффақиятли жорий этилган:

● Терроризмга қарши курашиш юзасидан савдо жамияти билан ҳамкорлик дастури (С-ТРАТ);

● Контейнерда ташиш хавфсизлиги дастури;

● 24 соат қоидаси;

● SENTRI (the Secure Electronic Network for Travelers Rapid Inspection – Сафарларни тезкор текшириш учун хавфсиз электрон тармоқ) дастури.

 

С-ТРАТ дастури

Қўшма штатларга олиб кирилганда товарларни етказиб бериш хавфсизлигини ташкил этишга ёрдам берадиган, товарларни ташишда барча иштирокчиларнинг ихтиёрий ташаббусига йўналтирилган. С-ТРАТ дастури қатнашчилари учун хавфсизликнинг 3 та даражаси белгиланади ва улар махсус БЧХ ходимлари – етказиб бериш занжири хавфсизлиги мутахассислари томонидан назорат қилиниши керак. Учинчи (юқори) даражани бажариш ва контейнерларни ташиш пайтида уларнинг очилишини назорат қилиш учун махсус жиҳозлардан фойдаланиш, шунингдек юкларни CSI дастурида иштирок этувчи бандаргоҳлардан жўнатишни таъминлаш, божхона расмийлаштирувининг бенуқсон амалиётига эга бўлиши лозим.

 

Контейнерда ташиш хавфсизлиги дастури

Контейнерда ташиш хавфсизлиги дастурига мувофиқ АҚШга жўнатилиши мўлжалланган контейнерлар, БЧХ томонидан хавфни баҳолаш мезонлари асосида жўнатиш бандаргоҳида дастлаб танлаб олинади.

Ушбу дастурда йирик халқаро бандаргоҳлар иштирок этади, шу жумладан Бельгиянинг Антверпен ва Зеебрюгге, Франциянинг Гавр, Германиянинг Бремерхафен ва Гамбург, Грециянинг Пирей, Италиянинг Специя, Генуя, Неаполь, Жоя-Тауро ва Ливорно, Голландиянинг Роттердам, Испаниянинг Альхесирас, Швециянинг Гетеборг, Буюк Британиянинг Феликстоу, Тилбери ва Саутгемптон каби бандаргоҳлари шулар сарасидандир. Ушбу бандаргоҳларда юкларни контейнерларга жойлаштириш устидан қўшимча назоратни амалга оширишда БЧХ ходимлари иштирок этади.

 

24 соат қоидаси

24 соат қоидаси – юкларни ташиш билан шуғулланувчи шахснинг қонун жиҳатдан тартибга солинган мажбурияти бўлиб, бунда у томонидан контейнерни денгиз кемаси бортига (жами 600 млрд долларга тенг 43 фоиз товарлар денгиз транспортида ташилади, шундан 66 фоизи контейнерлар орқали) юкланишидан 24 соат аввал БЧХга транспорт воситаси ва товар билан бирга жўнатиладиган ҳужжатлардан маълумотларни электрон шаклда тақдим этилиши лозим. Товарларни бошқа турдаги транспорт воситаларида олиб ўтишда шунга ўхшаш қоидалар қўлланилади: автомобиль транспорти учун чегарани кесиб ўтишдан 1-2 соат аввал, ҳаво транспорти учун эса – 1 соат аввал. Ҳар куни БЧХга етказиб бериш бўйича 310 мингта маълумот келиб тушади.

 

SENTRI дастури

SENTRI дастури жисмоний шахс ҳақидаги маълумотларнинг олдиндан тақдим этилишини ва улар БЧХ томонидан текширилишини назарда тутади. Сўнгра бериладиган рўйхатга олиш картачаси юз тузилишини тезлаштирилган ҳолда идентификация қилиш учун фойдаланилади. Шу билан бирга, божхона ходими томонидан транспорт воситаси ва жисмоний шахснинг автоматик равишда рўйхатга олиш учун автомобилнинг олд ойнасига трансмиттер ўрнатилади.

АҚШ божхона хизмати реал вақт режимида импорт қилинадиган товарлар ҳақидаги маълумотларнинг тўлиқ рўйхатини тақдим этиш имконига эга. Компьютер тизими нафақат ўзи қарор қабул қилиш, балки вазиятни таҳлил қилиш, башорат қилиш ва бошқа давлат органларига тўлиқ маълумот беришга ҳам қодир.

Ташқи савдо юкларининг 98 фоизи автоматик режимда расмийлаштирилади. Қарор қабул қилиш тезлиги сонияларни ташкил этади. Бугунги кунда автоматлаштирилган тизим ўлчами бўйича дунёдаги учинчи йирик маълумотлар базасига эга бўлиб, божхона органи мансабдор шахсининг иштирокисиз божхона назорати ва божхона расмийлаштирувини тўлиқ автоматик режимда амалга ошириш имконига эга.

Ноёб компьютерлаштирилган телекоммуникация тизими Automated Commercial System (ACS) яратилган бўлиб, уни таъминлайдиган 2 300 дан ортиқ ташқи савдо субъектлари ва тузилмаларни боғлашга эришилди. Унда тахминан 200 та турли хил компьютер тизимости дастурлари қўлланилмоқда ва 800 та маълумотлар базаси мавжуддир.

Ушбу тартиб-таомиллардан фойдаланишнинг асосий мезонлари қуйидагилар:

● қабул қилувчи ўтказиш пунктида божхона расмийлаштирувига тайёрлиги;

● ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиси йилига камида 50 та жўнатма амалга оширганлиги;

● қабул қилувчи бошқа тартибга солиш органлари билан муаммолари бўлмаслиги ва АҚШга юкларни ташишда ишончлилигини намойиш этиши керак;

● импорт қиладиган товарлар хусусиятларининг (номенклатураси, келиб чиқиши, божхона қиймати) такрорланиши лозим.

Ушбу тизим товарлар ва қабул қилувчи ҳақидаги асосий маълумотларни ўз ичига олган махсус штрих-коддан фойдаланади. Қоида бўйича штрих-код божхона брокери томонидан шакллантирилади ва инвойсга киритилади. Юк ташувчи ёки юк олиб келувчининг ваколатли шахси штрих-код туширилган инвойсни, шунингдек бошқа юк ҳужжатларини ўтиш пунктида тақдим этади. Божхона органи ходими ­штрих-кодни АҚШнинг божхона хизмати компьютер тизимига сканер қилади. Компьютер тизими кодни расшифровка қилади ва божхона брокери томонидан тизимга аввалдан киритилган маълумотлар билан таққослайди. Шу билан бирга, мезонли текширув (товар ёки олиб келувчи хавф гуруҳларига тааллуқли эканлиги бўйича 40 дан зиёд мезонлар) ҳам амалга оширилади. Сўнгра товарларни чиқариб юбориш бўйича қарор қабул қилинади. Текширув учун сарфланадиган вақт 5–10 сонияни ташкил этади.

АҚШнинг БЧХ хавфни бошқариш тизимини амалга ошириш мақсадида турли автоматлаштирилган ахборот тизимлари билан қуролланган. Масалан, автоматлаштирилган тижорат тизими (Automated Commercial System) – божхона расмийлаштируви, шунингдек дастлабки маълумотларни тақдим этишда декларант ва божхона органлари орасида ҳамкорликни таъминлайди.

 

А.АКБАРОВ,

ДБҚ Божхона институти кафедра доценти,

божхона хизмати полковниги,

 

А.УЗОҚОВ,

ДБҚ Божхона институти кафедра катта ўқитувчиси,
божхона хизмати подполковниги.

 

Прочитано: 863 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика