Norma.uz
Газета СБХ / 2019 год / № 16 / Солиқ солиш

Реклама хизматларидан солиқлар

 

Корхона дори воситаларини улгуржи ва чакана сотади, умумбелгиланган солиқларни тўлайди. Ўз товарларини илгари суриш учун Telegram каналини (гуруҳ) очди. Бир нечта юридик шахс ўз маҳсулотларини ушбу каналда реклама қилиш учун корхона билан шартнома тузмоқчи. 

1. Реклама хизматларини кўрсатиш учун муайян рухсат берувчи ҳужжатлар ёки лицензия олиш зарурми?

2. Реклама хизматларини кўрсатиш савдо корхонаси учун қандай солиқ оқибатларига олиб келади?

 

1

Реклама – бевосита ёки билвосита фойда (даромад) олиш мақсадида юридик ёки жисмоний шахслар, маҳсулот, шу жумладан товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси ва технологиялар тўғрисида ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай воситалар ёрдамида қонун ҳужжатларига мувофиқ тарқатиладиган махсус ахборот («Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддаси). Тегишинча, реклама Telegram мессенжери каналида қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ жойлаштирилган бўлиши керак. Дори воситалари «Реклама тўғрисида»ги Қонун (22-модда) ва Рекламани жойлаштириш тўғрисидаги низом (17, 18, 18-1-бандлар, АВ томонидан 6.04.2001 йилда 1024-сон билан рўйхатдан ўтказилган) талабларига мувофиқ реклама қилиниши керак.

Реклама ишлаб чиқариш ва жойлаштириш лицензияланадиган фаолият тури ҳисобланмайди, шу сабабли ушбу хизматларни кўрсатиш учун лицензия талаб этилмайди.

2

Реклама хизматларини кўрсатиш савдо корхонаси учун қўшимча фаолият тури ҳисобланади, у фойда солиғи ва ҚҚС бўйича солиқ оқибатларига олиб келади.

Фойда солиғини ҳисоблаш чоғида реклама хизматларини реализация қилишдан олинган тушум корхонанинг жами даромади таркибига киритилади (Солиқ кодексининг ­129-моддаси 1-қисми, 130-моддаси). Хизматлар таннархидан паст баҳоларда ёки бепул кўрсатилганда тушум уларнинг таннархидан келиб чиқиб аниқланади (Солиқ кодексининг 130-моддаси 10-қисми).

Реклама хизматларини реализация қилиш обороти ҚҚС солинадиган объект ҳисобланади (Солиқ кодексининг 198, 199-моддалари). Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш жойи Ўзбекистон бўлса, уларни реализация қилиш оборотларига ҚҚС солинади. Реклама хизматларини сотиб олувчи фаолият юритадиган жой реклама хизматларини реализация қилиш жойи деб эътироф этилади (Солиқ кодексининг 202-моддаси).

Реклама жойлаштирмоқчи бўлган буюртмачингиз:

 Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор бўлса;

 Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган доимий муассаса ҳисобланиб, бош компания учун у орқали ишлар бажарилган (хизматлар кўрсатилган) бўлса, реклама хизматларини кўрсатишга ҚҚС ҳисобланиши керак.

Реклама берувчингиз ўз мамлакатида фаолият юритувчи хорижий компания бўлса, реклама хизматларини кўрсатишга ҚҚС ҳисоблаш керак эмас.

Солиқ солинадиган база реализация қилиш қиймати асосида, унга ҚҚСни киритмаган ҳолда белгиланади (Солиқ кодексининг 204-моддаси 1-қисми). Хизматлар таннархидан паст баҳоларда ёки бепул кўрсатилганда уларнинг таннархи ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база ҳисобланади (Солиқ кодексининг 204-моддаси 2-қисми).

 

Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.

 

Прочитано: 693 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика