ҚҚС (20%) тўлайдиган корхона «Ургут» ЭИЗ иштирокчиси ҳисобланади. Ишлаб чиқариш учун хом ашё импорт қилинади. БЮДда ҚҚС тўлаш бўйича имтиёз кўрсатилади, «Тўловсиз» деб қайд этилади.
Корхона божхона тўловлари бўйича имтиёз мавжудлиги сабабли импорт чоғида тўланмаган ҚҚСни ҳисобга олишга ҳақлими?
– Товарлар импорт қилинганда ҚҚС тўлашдан озод этиш тарзида бўшаган маблағларни аниқ мақсадларга йўналтириш шарти билан имтиёз берилган бўлса, бундай ҚҚС ҳисобга олинади (Солиқ кодексининг 218-моддаси 1-қисми 3-банди). ҚҚСдан озод этиш мақсадсиз тусга эга бўлганда ҳисобга олинмайди.
«Ургут» ЭИЗ иштирокчиларига солиқлар ва божхона тўловларидан озод этиш тарзида имтиёзлар тақдим этилган. Бунда божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этиш бўшаб қоладиган маблағларни қуйидагиларга мақсадли йўналтириш учун тақдим этилади (26.10.2016 йилдаги ПФ-4853-сон Фармоннинг 3-банди; 12.01.2017 йилдаги ПФ-4931-сон Фармоннинг 6-банди):
● янги корхоналарни ташкил этиш, шунингдек, мавжуд ишлаб чиқаришларни модернизациялаш, реконструкция қилиш ва техник, технологик қайта жиҳозлаш, кенгайтиришга;
● ишлаб чиқариш биноларини қуришга;
● ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун зарур хом ашё ва материаллар харид қилишга, ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган ускуналар, хом ашё, материаллар ҳамда бутловчи буюмларни, маҳсулот экспорт қилинганда вужудга келадиган ҚҚС манфий суммаси қайтарилмаслиги ҳуқуқи билан.
«Ургут» ЭИЗ иштирокчиси мазкур имтиёз мақсадли бўлганлиги сабабли товарларни импорт қилганда тўланмаган ҚҚС суммасини ҳисобга олиши мумкин.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.