Ўзбекистон 2022 йилгача Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» ҳисоботидаги жаҳон мамлакатларининг биринчи йигирматалиги даражасига мос келадиган энг қулай шарт-шароитларни яратишга интилмоқда.
Бу Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 13 июлдаги «Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида ўз ифодасини топган.
Қайд этиш керакки, сўнгги 5 йил давомида Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтинги 2 баравардан ортиқ яхшиланди. Ўзбекистон жаҳоннинг 190 мамлакати орасида 2012 йилдаги 166-ўриндан 2017 йилда 74-ўринга кўтарилиб, бизнес юритиш учун энг қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш кўрсаткичи бўйича ислоҳотчи мамлакатларнинг биринчи ўнталигидан жой олди.
Пойтахтимизда бўлиб ўтган Жаҳон банкининг «Бизнес юритиш» ҳисоботидаги «Контрактлар ижросини таъминлаш» индикатори бўйича Ўзбекистондаги ислоҳотларга бағишланган семинарда шу ҳақда сўз юритилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратура, Савдо-саноат палатаси, Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг «Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик» лойиҳаси ходимлари, тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда контрактлар ижросини таъминлаш билан боғлиқ ҳолатлар таҳлил этилди. Бу жараёнда вақт, сарф-харажатлар, суд жараёни сифати (шу жумладан, суд тизими ва мажлиси, ишларнинг кўриб чиқилиши, судларнинг автоматлаштирилиши) каби масалалар суд тизимида қандай ҳал этилганлигига алоҳида эътибор қаратилди.
2018 йил май ойида эълон қилинган Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботига кўра, Ўзбекистон «Контрактлар ижросини таъминлаш» индикатори бўйича 67,26 балл кўрсаткичи билан 190 давлат ичида 41-ўринни эгаллади.
Давлатимиз раҳбарининг юқорида номи зикр этилган қарорида контрактлар ижросини таъминлаш соҳасида бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раисининг ўринбосари Қобилжон Комилов, USAIDнинг Ўзбекистон бўйича директори Гари Роббинс Ўзбекистонда ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, халқаро ҳамжамиятда мамлакатнинг ижобий қиёфасини шакллантириш бўйича изчил ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Олий суд томонидан қарор билан тасдиқланган «Йўл харитаси»да белгиланган тадбирларни амалиётга жорий этишга киришилди. Иқтисодий судларда ишларни юритишга доир статистик маълумотлар, хусусан, иқтисодий ишларни кўриш давомийлиги ҳақидаги, шунингдек, иқтисодий судларга келиб тушган даъво аризалар ва кўриб ҳал этилган ишлар ҳақидаги статистик маълумотларни Олий суд расмий веб-сайтида жойлаштириб бориш йўлга қўйилди. Фойдаланувчиларга зарур маълумотларни осон топиши учун қулайлик яратиш мақсадида Олий суд расмий сайти бош саҳифасида «Статистика» рукни жойлаштирилди.
Барча фойдаланувчилар, шу жумладан, судьялар ва ишда иштирок этувчи шахслар фойдаланишлари мумкин бўлган электрон тизим яратилиб, Олий суд расмий веб-сайтидаги интерактив хизматлар ёрдамида суд амалиёти умумлашмалари ва обзорлари, судга тақдим этиладиган мурожаатлар намуналарини олиш, суднинг иш юритувида бўлган барча ишлар бўйича суд мажлислари жадвали (иш кўриладиган сана, масъул судья, иш рақами ва бошқалар акс эттирилган) ҳақидаги маълумотларни автоматик равишда олиш имконига эга бўлишди.
Шунингдек, иқтисодий судларга мурожаатларни электрон тарзда тақдим этиш, мазкур электрон мурожаатлар юзасидан олиб борилган процессуал ҳаракатлар, уларнинг бориши ҳамда натижаларини кузатиб боришни таъминлайдиган E-XSUD ахборот тизими ишлаб чиқилди. Ҳар қандай манфаатдор шахсга ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун даъво аризасини (аризани), шикоятни (протестни), мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни иқтисодий судга электрон ҳужжат тарзида юбориш имконияти яратилди.
Олий суднинг расмий сайтида «Суд қарорлари тўплами» деб номланган алоҳида интерактив меню жойлаштирилган бўлиб, мазкур интерактив хизмат суд ишларини юритиш электрон тизими билан интеграция қилинган ва ҳозир исталган фойдаланувчи Олий суднинг расмий сайтида жойлаштириб борилаётган қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари билан эркин танишиши мумкин.
ЎзА материаллари асосида.