Хусусий корхонанинг асосий фаолият тури – улгуржи савдо.
1. Хорижий ҳамкордан молиявий қарз олса бўладими?
2. Солиқ оқибатлари қандай бўлади?
1 |
Ҳа, корхона хорижий ҳамкордан қарз маблағлари олиши мумкин. Қонун ҳужжатларида ушбу операцияга доир чекловлар белгиланмаган.
Қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади (ФКнинг 732-моддаси).
2 |
Хорижий ҳамкор – норезидентдан хорижий валютада фоизсиз қарз олинганда сизда солиқ оқибатлари юзага келмайди (Солиқ кодексининг 135-моддаси 5-қисми).
Фоиз тўлаш шарти билан қарз берилса, корхонангиз уни хорижий ҳамкор – қарз берувчига тўлаш пайтида юридик шахслардан тўлов манбаида 10%лик ставкада олинадиган фойда солиғини ушлаб қолиши шарт (Солиқ кодексининг 160, 165-моддалари). Бунда Ўзбекистоннинг иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги халқаро шартномалари нормалари ҳисобга олинади.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.