Norma.uz
Газета СБХ / 2019 год / № 07 / Солиқ солиш

Тушумга қараб солиқ солинади

 

Корхонамиз трикотаж маҳсулотлар ишлаб чиқаради. Жисмоний шахс билан ижара шартномаси тузиб, савдо марказидаги дўконни ундан ижарага олмоқчимиз. Унда ўзимиз ишлаб чиқарган товарларни сотамиз. Корхонанинг айланмаси 1 млрд сўмдан ортиқ, бироқ 3 млрд сўмга етмайди. Ўзбекистоннинг бориш қийин бўлган ва тоғли туманида жойлашганмиз.

1. Дўконни ижарага олиш учун қандай ҳужжатларни расмийлаштириш зарур?

2. 2019 йилда қандай солиқларни тўлашга тўғри келади?

 

1

Корхонангиз дўконни ижарага олганда унинг мулкдори – жисмоний шахс билан ижара шартномаси тузиши керак (ФКнинг ­539-моддаси).

Ижарага берувчи жисмоний шахс уни шартнома тузилган кундан эътиборан 10 кундан кечиктирмай солиқ органларида ҳисобга қўйиши шарт (АВ томонидан 11.10.2018 йилда 3077-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 6-банди).

Ижара шартномаси ДСҚнинг расмий веб-сайтидаги шахсий кабинет орқали электрон тарзда ёхуд ижарага берувчининг доимий яшаш манзили ёки кўчмас мулк жойлашган жойдаги ДСИга келганда ҳисобга қўйилиши мумкин (Низомнинг 9, 10-бандлари).

 

2

2018 йил якунларига кўра корхонангизда реализация қилишдан тушган тушум 1 млрд сўмдан ошганлиги сабабли 2019 йилдан у умумбелгиланган солиқлар тўловчисига айланади.

Ушбу тизим доирасида корхонангиз қуйидагиларни тўлаши шарт:

● фойда солиғи;

● ҚҚС;

● юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ;

● ер солиғи;

● сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ.

Бунда (тасдиқланган рўйхатга кўра) тўқимачилик ва тикув-трикотаж тармоғининг ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарига 2020 йилнинг 1 январига қадар фойда солиғи ва мол-мулк солиғи тўлашдан озод қилиш кўринишида солиқ ҳамда божхона имтиёзлари ва преференциялари берилган (21.12.2016 йилдаги ­ПҚ-2687-сон қарорнинг ­14-банди).

Ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар жумласига (рўйхатга кўра) ҳисобот даври якунлари бўйича умумий сотиш ҳажмида шундай товарларни ишлаб чиқаришдан тушган тушумлар улуши камида 60%ни ташкил этадиган корхоналар киради.

Имтиёзларнинг қўлланилиши Тўқимачилик ва тикув-трикотаж соҳасида ноозиқ-овқат истеъмол товарларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар томонидан солиқ ва божхона имтиёзларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 16.05.2017 йилда 2885-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланган.

Чунончи, 2019 йилда корхона трикотаж маҳсулотларини реализация қилиш қисмида кўрсатилган мезонларга мувофиқ келганда мол-мулк солиғи бўйича имтиёзни қўллаши мумкин.

Президентнинг 29.12.2017 йилдаги ПҚ-3454-сон қарори билан фойда солиғи ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи билан бирлаштирилган. Бунда ушбу солиқлардан бирини тўлашдан тўлиқ озод қилиш кўринишидаги вақтинчалик имтиёзларга эга бўлган юридик шахслар фойда солиғини имтиёзлар амал қилиш муддати тугагунга қадар 2 баравар пасайтирилган ставкада тўлашлари керак ­(ПҚ-3454-сон қарорга 7-иловага изоҳ). Ушбу тартиб 2019 йилда ҳам сақлаб қолинди (26.12.2018 йилдаги ПҚ-4086-сон қарорнинг ­4-банди).

ПҚ-2687-сон қарорнинг 14-банди билан фақат фойда солиғи бўйича имтиёз берилган. Ўша пайтда амал қилган ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича имтиёз берилмаган. Бинобарин, корхона имтиёзнинг амал қилиш муддати ўтгунга қадар юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини 2 баравар пасайтирилган ставкада (6%лик ставка бўйича) тўлаши керак. Фойда солиғи ставкалари Солиқ кодексининг 159-1-моддасида белгиланган.

Бундан ташқари, ўтган йилдаги тушумингиз 1 млрд сўмдан 3 млрд сўмгача доирада бўлса, корхона ҚҚСни тўлашнинг соддалаштирилган тартибини қўллашга ҳақли. Уни қўллаш учун солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги солиқ органига ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибига ўтиш тўғрисида ёзма хабарномани жорий йилнинг 1 февралидан кечиктирмасдан тақдим этишингиз ҳамда йил бошидан соддалаштирилган ҚҚСни тўлашингиз керак эди (Солиқ кодексининг 226-1-моддаси).

Соддалаштирилган тартиб доирасида солиқ солинадиган база реализация қилинаётган товарларнинг қиймати асосида, унга ҚҚСни киритмасдан белгиланади.

Солиқ солинадиган оборотлар бўйича ҚҚС солиқ солинадиган база ва Солиқ кодексининг 226-4-моддасида белгиланган фарқланган ставкалардан келиб чиққан ҳолда Солиқ кодексининг 39-бобида назарда тутилган солиқни ҳисобга олишни қўлламасдан ҳисоблаб чиқарилади (Солиқ кодексининг 226-3-моддаси 3, 5-қисмлари).

Солиқ даври давомида ялпи тушуми 3 млрд сўмдан ошган, ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибини қўллаётган солиқ тўловчилар, ялпи тушуми белгиланган меъёрий миқдордан ошган ойдан кейинги ойнинг бошидан уни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг умумбелгиланган тартибига ўтади.

Соддалаштирилган тартибдан ихтиёрий равишда воз кечилганда солиқ тўловчилар ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг умумбелгиланган тартибига ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг умумбелгиланган тартибига ўтиш тўғрисида ёзма хабарнома тақдим этилган ойдан кейинги ойнинг бошидан ўтади. ҚҚСни тўлашнинг умумбелгиланган тартибида корхона уни 20%лик ставкада ҳисоблаб чиқаради ва олинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлади (Солиқ кодексининг ­226-1-моддаси).

 

Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.

 

Прочитано: 1409 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика