Муассис бир вақтнинг ўзида корхона ходими ҳисобланади. Муассисда иш ҳақи ўтказиладиган пластик карта бор.
Дивидендларни муассиснинг иш ҳақи ўтказиладиган пластик картасига туширса бўладими? Дивидендларни тушириш учун қўшимча пластик карта очиш шартми?
– Банк карталарини бериш, Ўзбекистонда уларга хизмат кўрсатиш ва улардан фойдаланиш тартиби Низом (АВ томонидан 30.04.2004 йилда 1344-сон билан рўйхатдан ўтказилган), шунингдек банк ва жисмоний шахс – банк картасини сақловчи ўртасидаги шартнома билан белгиланади.
Банклар мижозларга хизмат кўрсатишда янада қулай шарт-шароит яратишни кўзлаб, ўтказиладиган даромад турлари чекланмайдиган универсал карталарни кўпроқ чиқармоқдалар. Шу сабабли картага хизмат кўрсатиш шартномасида бундай чекловлар бўлмаса, банк бошқа турдаги даромадлар (масалан, дивидендлар) картага ўтказилишига тўсқинлик қилмаслиги керак.
Бунда шартномада иш ҳақидан ташқари, бошқа турдаги даромадлар ўтказилганда банк воситачилик ҳақини ундириши назарда тутилиши мумкин.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.