Фуқаролиги бўлмаган шахс Тошкентда доимий прописка қилиниши мумкинми?
К.Р. Чирчиқ ш.
– Қуйидаги шахслар Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниш ҳуқуқига эга (Рўйхат, ВМнинг 16.02.2012 йилдаги 41-сон қарори билан тасдиқланган Низомга илова):
1) қонун ҳужжатларига мувофиқ сотиб олинган уй-жойга эга бўлган хорижий давлатларнинг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар – хусусий мулк қилиб сотиб олинган уй-жойга;
2) қариндошлар – ўзларининг тўғри шажара бўйича биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошлари, мазкур Рўйхат кучга киргунга қадар доимий прописка қилинган уй-жой майдонига;
3) эр (хотин) – хотини (эри) доимий прописка қилинган уй-жой майдонига, башарти камида 5 йил биргаликда яшаётган бўлса;
4) васийлик ва ҳомийликдаги шахслар – васий (ҳомий) доимий прописка қилинган уй-жой майдонига;
5) ота-оналари бўлмаган вояга етмаган туғишган ака-укалар ва опа-сингиллар – ўзларининг туғишган ака-ука ёки опа-сингиллари доимий прописка қилинган уй-жой майдонига;
6) давлат ҳокимияти органларига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, республика аҳамиятига молик давлат бошқа ташкилотларига ишга таклиф этиладиган юқори малакали мутахассислар, тор ихтисосдаги мутахассислар тегишли орган ёки ташкилот раҳбарининг илтимосномасига кўра, шунингдек уларнинг оила аъзолари (эри, хотини, шунингдек уларнинг ўз оиласи бўлмаган фарзандлари) – кўрсатиб ўтилган шахслар лавозимда турадиган даврга.
Изоҳ. Мазкур Рўйхатнинг 2 (эр ёки хотин, ўз оиласи бўлмаган вояга етган болалари ва эр-хотиннинг биргаликдаги ва (ёки) олдинги никоҳидан ёки никоҳсиз туғилган вояга етмаган болалари, шунингдек фарзандликка олинган болалари бундан мустасно), 3, 4, 6-бандларига мувофиқ Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилинган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг қариндошлари Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилинмайди.
Санжар Хўжааҳмедов,
«Norma» МЧЖ эксперти.