Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 18 / Профессионал ҳамжамият

Божхона брокерлари уюшмаси ўзгаришларга ҳозирланмоқда

 

Президентнинг «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш, шунингдек, бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» (11.04.2018 йилдаги ПФ-5409-сон) ва «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги (12.04.2018 йилдаги ПФ-5414-сон) фармонлари чиқиши билан Божхона брокерлари уюшмаси (ББУ) семинари ўтказилди. Унинг мавзулари олдиндан белгиланган бўлса ҳам, у сўнгги янгиликларни муҳокама қилишдан бошланди.

 

 

 

ПФ-5414-сон Фармоннинг жорий йил 1 июлдан бошлаб товарларни божхона режимларига жойлаштиришда божхона органлари томонидан бериладиган рухсатномалар бекор қилиниши ҳақидаги 4-банди қувонч билан қабул қилинди. Бунда ­ПФ-5409-сон Фармон билан 2018 йил 1 июндан бошлаб божхона брокери сифатида фаолиятни амалга оширишга рухсат бериш тартиб-таомилларининг бекор қилиниши билан боғлиқ жиҳатлар божхона брокерлари вакилларида айниқса катта қизиқиш уйғотди. Инқилобий, ижобий ўзгариш. Бу ўзгариш бир қатор тушунтиришлар бериш заруратини туғдиради.

Рухсатнома бекор қилиниши билан божхонадаги брокерлик фаолиятини тартибга солувчи ва тўғрилаб борувчи механизмни жорий этиш зарурати масаласи юзага келади. Бу аввало хизматлар бозорини хуфия схемалар бўйича ишловчи инсофсиз брокерлардан ҳимоялаш учун керак. Афсуски, унга аниқ жавоб топиб бўлмайди. Гап шундаки, божхона брокерлари фаолиятига таъсир кўрсатувчи механизм ушбу соҳа ривожланишига тўсқинлик қилиши ҳам, тақдим этилаётган хизматлар сифатини назорат қилиш вазифасини бажариши ҳам мумкин.

Божхонадаги брокерлик хизматлари бозорига давлат таъсир кўрсатиши эҳтимоли катталигини инобатга олсак, брокерлик хизматлари мувофиқлигини сертификатлаш сингари тартиботни жорий этиш мақсадга мувофиқдир. У сертификатланиши лозим бўлган, аниқ белгиланган стандартлар ва шартларга асосланиши даркор. Бу сертификат доирасида божхона брокери фаолиятига ташқаридан баҳо бериш имконини беради. Мисол учун, божхона тўловларини тўлаш ­вазифаларини бажармоқчи, божхона хизматлари буюртмачисининг манфаатларини кўзлаб ТИФ-шартнома тарафи бўлиб чиқмоқчи, ТИФ субъектларини судда ҳимоялаш мажбуриятларини олмоқчи бўлган ва бошқа мутахассислар учун сертификатлашдан ўтиш мажбурий деб белгиланиши мумкин.

Таваккалчилик даражаларини аниқлашда мувофиқлик сертификати мавжудлиги божхонада расмийлаштириш жараёнида инобатга олинишини норматив-ҳуқуқий нормаларга киритиш имконияти мавжуд. Божхона брокерлари фаолиятини тартибга солишнинг бундай механизми ТИФ соҳасида божхонада брокерлик хизмати кўрсатиш ҳолатига батартиб малакали таъсир кўрсатади.

ББУ амалга ошираётган божхона брокерларини баҳолаш рейтинг тизимини божхона брокери малакасини баҳолашдаги дастлабки қадам деб ҳисоблаш мумкин. У божхона брокерининг сўнгги ҳисобот давридаги фаолияти натижаларига доир объектив маълумотлар, шунингдек божхона брокери штатида ишлаётган мутахассислар тўғрисидаги маълумотлар таҳлилига асосланади.

Семинар иштирокчилари 2018 йил 1 июлдан бошлаб ТИФ иштирокчиларининг божхона брокерларига мурожаат қилмай БЮДни тўлдириш ва Интернет орқали реал вақт режимида божхона органларига тақдим этиш ҳуқуқини белгиловчи тартиб билан ҳам қизиқдилар. Ушбу янгилик киритилиши муносабати билан уларнинг хизмат кўрсатиш истиқболлари кўриб чиқилди. Охирги НҲҲ қоидаларини чуқур ўргангандан сўнг ҳамжамиятда юзага келган саволлар муҳокамасига қайтишга қарор қилинди.

 

Ёппасига эмас, танлаб кўздан кечириш

Божхона органларини ислоҳ қилишнинг муҳим йўналишлари орасида бешинчи ўринда ПФ-5414-сон Фармон билан «ялпи» божхона назоратини ўтказишдан хавфни бошқариш тизимига ўтиш белгиланди. У ҳар томонлама таҳлил асосида божхона назорати объектларини аниқлаш, шунингдек ТИФ иштирокчилари учун маъмурий тўсиқларни камайтириш имконини беради. ДБҚнинг Хавфларни мониторинг қилиш ва баҳолаш бошқармаси бош инспектори Рамиль Контюков семинарда ушбу тизим, уни қўллашдан мақсад, божхона органлари маълумотлар ахборот базасини шакллантириш мезонлари ҳақида сўзлаб берди. У хавфлар юзага келиши эҳтимоли ва улар олиб келиши мумкин бўлган оқибатларни ўз ичига олувчи хавфларни таҳлил қилиш ва баҳолаш принциплари ҳақида, шунингдек уларни бартараф этиш ва камайтиришга доир чораларни қўллаш ҳақида батафсил маълумот берди.

 

 

ДБҚга 2018 йилнинг 1 сентябригача божхона органларида хавфларни бошқариш тизимини (ХБТ) жорий этишга доир чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш топширилди. Шу муддатга келиб танлаб божхона назоратини ўтказиш имконини берувчи хавфларни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими ишга туширилиши зарур. Божхоначи у тахминан қандай ишлашини тушунтириб берди.

Хавфларни бошқариш – катта ҳажмдаги ахборотни таҳлил қилиш ёрдамида хавф соҳасини фош этиш ва аниқ ҳаракат қилиш демак. Бу божхонага оид ҳуқуқбузарликларни прогнозлаш, аниқлаш, олдини олиш ва бартараф этиш, шунингдек самарали бошқарув қарорларини қабул қилишга йўналтирилган ахборотни автоматлаштирилган тарзда йиғиш, умумлаштириш, аналитик ўрганишдан иборат узлуксиз жараёндир. Бу божхоначилар хавфларни бошқариш тизимидан фойдаланиб, фураларни кўздан кечириш учун бир неча бор камроқ тўхтатишларини, бу билан нафақат бизнес ва давлатнинг, балки товарларни пировард истеъмол қилувчиларнинг ҳам вақти ва маблағини тежашларини англатади. Хавфларни бошқариш тизими – хизматда фойдаланишга мўлжалланган анча ёпиқ тизим, бироқ божхона хизмати майори ББУ аъзолари учун унинг ишлаши борасидаги айрим жиҳатларни очиб берди.

ПФ-5414-сон Фармонга мувофиқ, виждонли ТИФ қатнашчиларини аниқлаш, уларга нисбатан соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларини қўллашнинг тартиб ва мезонларини ишлаб чиқиш Хавфларни мониторинг қилиш ва баҳолаш бошқармасининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган. Бу инсофлилик, қонунга итоаткорлик учун ўзига хос «мукофот» бўлади. Халқаро тажриба асосида ТИФ иштирокчиларини тоифаларга ажратиш тизими шаклланмоқда. Бу танлаб назорат қилиниши мумкин бўлган инсофли импортчилар ва экспортчилар танловидир. Айтайлик, улар барқарор ишловчи корхоналар бўлиши мумкин. Муайян маҳсулот ишлаб чиқариш учун, у ишлаб чиқариш жараёнларига жорий этилганлиги сабабли ташқи савдо фаолияти билан шуғулланадилар. Улар божхона қийматини камайтириш, товарлар сони ва номенклатурасини бузиб кўрсатиш билан боғлиқ хуфия схемалардан умуман манфаат кўрмайдилар. Шу сабабли уларга нисбатан минимал назорат белгиланиши мумкин.

Хавф даражаси турлича бўлган ТИФ иштирокчилари тахминан 4 та: хавф даражаси барқарор паст, паст, мўътадил ва юқори тоифага табақалаштирилади. Таҳлил қилиш чоғида ТИФ иштирокчисининг фаолияти (ишлаш даври, божхона ва солиқ органлари олдидаги қарзи, содир этган маъмурий ҳуқуқбузарликлари ҳақидаги ахборот ва ҳ.к.) тўғрисидаги электрон досьега киритиладиган ахборотдан фойдаланилади. Унда мавжуд ахборот асосида ТИФ иштирокчилари тоифаси автоматик равишда аниқланади. Дастурий восита ҳар бир ТИФ иштирокчисининг ўз электрон тарихини шакллантириши кўзда тутилмоқда, айни у божхона назорати даражасига таъсир кўрсатади.

Хавф даражаси паст тоифага киришнинг асосий шарти – қонун ҳужжатларига оғишмай риоя этиш. Объектив тавсифларга асосланган ҳолда ТИФ иштирокчиси тааллуқли бўлган тоифа белгиланади. Бунда уни божхонада қандай хавф тури бўйича текшираётганликлари, товари назоратдан ўтиш-ўтмаслиги ҳақида ҳатто тасаввурга эга бўлмайди. Бироқ ТИФ иштирокчиси қонун ҳужжатларига риоя этса, божхонада ижобий тарихга эга бўлишини билиши лозим. Бу махсус маълумотлар базасида акс этади. Бинобарин, вақт ўтиши билан, маълумотлар тўплангани сайин у камроқ назоратдан ўтказила бошлайди.

Тизим автоматик ишлайди. Ҳар бирида коррупцияга қарши таркиб мавжуд. Инсофсиз рақобат қилиб курашиш қийинлашади, ҳеч ким бировга зиён етказа олмайди. Постдаги инспектор компаниянинг муайян хавф даражасига киритилишига таъсир кўрсата олмайди. Бозор иштирокчисининг божхонадаги досьеси фақат унинг ўзига боғлиқ бўлади.

Семинар иштирокчилари хавф таҳлили объектлари билан ҳам қизиқдилар. Р.Контюков божхона назорати остида бўлган ёхуд импорт божхона режимига жойлаштирилган товарлар, тижорат учун фойдаланиладиган транспорт воситалари, божхона назорати остида турган товарларга нисбатан ваколатга эга бўлган шахсларнинг фаолияти хавф таҳлили объектлари жумласига киришини тушунтириб берди. Булар олди-сотди ёки айирбошлашга доир ташқи иқтисодиёт контрактларида (шартномаларида, келишувларида), товарларга эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва (ёки) уларни тасарруф этиш ҳуқуқига оид битимларда ёхуд бошқа ҳужжатларда кўрсатилган маълумотлар; товарнинг кузатув ҳужжатларида ва бошқа ҳужжатларда кўрсатилган маълумотлар; божхона назорати шакллари қўлланилишининг натижалари ҳамдир (БКнинг 205-моддаси).

Божхоначининг қайд этишича, хавфни бошқариш тизимини қўллашда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, ташувчилар, божхона иши соҳасида лицензияларга ва рухсатномаларга эга бўлган шахслар томонидан юк, йўловчилар, транспорт воситалари тўғрисида дастлабки тарзда тақдим этилган ахборотдан фойдаланилади. Дастлабки маълумотни тақдим этиш БКнинг 206-моддасида назарда тутилган.

2018 йил 1 ноябргача тайёрлаш вазифаси топширилган Божхона кодекси янги таҳрири лойиҳасини ишлаб чиқишда хавфларни таҳлил қилиш ва бошқариш тизими, шунингдек хавфи юқори бўлган, шу жумладан дастлабки маълумотларни таҳлил қилиш ва тасодифий танлов асосида товар партияларини божхона назорати учун мақсадли танлаб олиш методологияси, ХБТ самарали қўлланилишини доимий мониторинг қилишнинг барча тилга олинган жиҳатлари инобатга олинади.

 

Хатосиз БЮД

ДБҚнинг «Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида»ги қарорининг (АВ томонидан 6.04.2016 йилда 2773-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 2017 йилда қўлланилиши таҳлили декларантлар БЮДнинг муайян графаларини тўлдиришда кўпроқ хатога йўл қўйишларини кўрсатди. ДБҚнинг Ташқи савдо операциялари ва божхона статистикасини мониторинг қилиш бошқармаси бош инспектори Нуриддин Хайитов шу ҳақда хабар берди. У йиғилганларни хатолар таснифи билан таништирди, мисоллар келтирди ва қандай қилиб декларация нотўғри тўлдирилишининг олдини олиш мумкинлигини тушунтирди.

2017 йил якунларига кўра «Эркин муомалага чиқариш» божхона режимида жойлаштириладиган товарларга БЮДни расмийлаштиришда 2 633 та хато ва ноаниқлик топилган. Қуйидагиларни тўлдиришда кўп хатога йўл қўядилар:

● 8-«Импортчи/юкни қабул қилувчи» графаси – 198 та хато (7,5%);

● 20-«Етказиб бериш шартлари» графаси – 158 та (6%);

● 37-«Процедура» графаси, Божхона режимлари таснифлагичига (Йўриқномага 3-илова) мувофиқ аввалги божхона режимининг нотўғри коди кўрсатилади – 246 та (9,3%);

● 40-«Умумий декларация/аввалги ҳужжат» графаси, аввалги ҳужжат коди нотўғри кўрсатилади – 414 та (15,7%);

● 44-«Қўшимча маълумотлар/тақдим этилаётган ҳужжатлар» графаси – 233 та (8,8%);

● 46-«Статистик қиймат» графаси – 484 та (18,4%).

2018 йил I чорагида 369 та хато аниқланди. Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар яна ўша графаларда кўпроқ хатога йўл қўйганлар: 8-графада – 70 та (19%), 20-графада – 9 та (2,4%), 37-графада – 29 та (7,9%), 40-графада – 134 та (36,3%), 46-графада – 105 та (28,5%).

 

Маълумот учун. Декларация қилинаётган товарларга божхона тўловларини тўлаш бўйича қонун ҳужжатларида мавжуд имтиёз ва преференциялардан фойдаланмаслик ҳамда ушбу имтиёз ва преференциялар тўғрисидаги маълумотларни БЮДнинг тегишли графаларида акс эттирмаслик ҳам маълумотларни бузиб кўрсатиш ҳисобланади.

 

Божхона хизмати подполковниги БЮДнинг тилга олинган графаларини тўғри тўлдириш тартибини батафсил тушунтириб берди. У товарларни олиб киришда 8-графа Йўриқноманинг 25-банди талабларига мувофиқ тўлдирилишини эслатди. Унда импортчи ва товарларни қабул қилувчи ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади. Импортчи ва қабул қилувчи – турли шахслар бўлса, яъни қабул қилувчи импортчининг ёки бошқа шахснинг топшириғига кўра товарни қабул қилиб олаётган бўлса ёхуд бошқа шунга ўхшаш ҳолларда графада аввал қабул қилувчининг маълумотлари: қисқача номи, жойлашган жойи (юридик манзили), телефон рақами ва электрон почта манзили (мавжуд бўлганда) кўрсатилади. Шу билан бирга Йўриқноманинг 43-бандига мувофиқ товарлар божхона омбори божхона режимига жойлаштирилганда божхонада расмийлаштириш учун ташқи савдо контрактини тақдим этиш керак эмас. Бинобарин, товар импортчиси (молиявий тартибга солиш учун масъул шахс) бу пайтда аниқланмаган бўлиши мумкин, шу сабабли божхона омбори режимида БЮДнинг 9-графаси тўлдирилмайди.

Шу тариқа, божхона омбори режимида БЮДни тўлдиришда импортчи тўғрисида маълумотларни кўрсатиш шарт эмас, бироқ бунда юкни қабул қилувчи тўғрисидаги барча зарур маълумотларни кўрсатиш керак.

Йўриқномага мувофиқ географик пункт мамлакат ичида (икки мамлакат чегарасида эмас) жойлашган ҳолларда 20-графанинг иккинчи бўлмасида мамлакатнинг ҳарфли кодини электрон декларациялашда ҳарфли код учун ажратилган иккинчи катакчада эмас, балки биринчи катакчада кўрсатиш зарур.

37-графани тўлдиришда аввалги режим кодини нотўғри кўрсатадилар. Мисол учун – аввалги режим «Вақтинча сақлаш» режими бўлган бўлса, 70 ўрнига 74. Графада товарларни Ўзбекистон божхона чегараси орқали олиб ўтиш процедурасининг 7 белгили коди кўрсатилади. Ушбу код қуйидаги 3 та таркибий қисмлардан иборат:

биринчи 2 та рақам – Божхона режимлари таснифлагичига мувофиқ баён этилаётган божхона режими коди;

кейинги 2 та рақам – аввалги божхона режими коди. Агар аввалги божхона режими мавжуд бўлмаса «00» кўрсатилади;

охирги 3 та рақам – Товарларни олиб ўтиш хусусиятлари таснифлагичига (Йўриқномага 11-илова) мувофиқ декларацияланаётган товарларни олиб ўтиш хусусияти коди. Агар товарларни олиб ўтиш хусусияти белгиланмаган бўлса «000» кўрсатилади.

40-графада аввалги режимлар ёзувининг тартиб рақамлари кўрсатилади.

Экспорт қилувчи мамлакат БЮД рақамини кўрсатишда 44-графадаги экспорт БЮД рақами тўлиқ ва аниқ кўрсатилган бўлиши керак.

46-графада эса 42-графада кўрсатилган фактура қиймати асосида ҳисобланган ва «CIF (CIP) – Ўзбекистон чегараси» етказиб бериш шарти нархларига келтирилган товарнинг минг АҚШ долларидаги статистик қиймати (вергулдан сўнг 3 белгигача аниқликда яхлитланган) кўрсатилади.

Н.Хайитов семинар иштирокчиларининг бошқа, шу жумладан божхона қийматини аниқлаш, БЮДга тузатиш киритиш ва қайта расмийлаштиришга доир саволларига ҳам жавоб берди.

 

Декларациялаш очиқ-ойдин бўлиши учун

Семинардан сўнг давра суҳбати ўтказилди. Унда товарларни декларациялаш билан боғлиқ долзарб муаммолар муҳокама қилинди. ДБҚ ходимлари кўп саволларга жавоб бердилар, шунингдек божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар ва тадбиркорлик субъектларининг божхона тартиб-таомилларини такомиллаштиришга доир таклифларини божхона идораси раҳбарияти эътиборига етказишни ваъда қилдилар.

Улар қуйидагилар хусусида билдирилди:

● техник хатоларга йўл қўйилган БЮД божхонада расмийлаштирилмаслиги учун формат-мантиққа кўра ўтказиладиган назоратни яхшилаш;

● товарларнинг келиб чиқишига доир сертификатларни қабул қилиш мезонларини бир шаклга солиш;

● декларация тақдим этган шахснинг шахсий кабинетидаги божхона органи ходимининг хабарларида қайтар алоқа орқали бериладиган ахборот ҳажмини ошириш;

● ДБҚ сайтида божхона постлари билан алоқа боғлашга доир ахборотни жойлаштириш;

● божхона расмийлаштируви регламентига риоя этишга доир чора-тадбирларни (муддатлар, қайтарилган ҳолларда тушунарли ва керакли ахборот берувчи хабарлар ва ҳ.к.) такомиллаштириш.

 

Гулнора АБДУНАЗАРОВА, махсус мухбиримиз.

Прочитано: 2389 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика