Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 03 / 2018 йил солиқ ўзгаришлари

Солиқ мониторинги: кимлар учун кўзда тутилган ва қандай ўтказилади

 

«Солиқ маъмуриятчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун (30.12.2017 йилдаги ЎРҚ-455-сон) («Норма маслаҳатчи»нинг 16.01.2018 йилдаги 2 (651)-сони ҳужжатлар пакетида чоп этилган) билан 2018 йилнинг 1 январидан солиқ назоратининг янги шакли жорий этилди.

 

Солиқ мониторинги* – Солиқ кодексининг 67-моддасида назарда тутилган бошқа шакллар билан бир ­қаторда солиқ назорати шаклларидан бири ҳисобланади. У давлат солиқ хизмати органлари ва инсофли солиқ тўловчилар ўртасида кенгайтирилган ахборот алмашинувини назарда тутади.

Ушбу маълумотлар алмашинуви Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланадиган махсус регламентга асосан амалга оширилади.

Солиқ тўловчилар учун солиқ мониторингини ўтказиш – ихтиёрий қарор. Кенгайтирилган ахборот алмашинуви ўрнига солиқ тўловчи 3 афзалликка эга бўлади:

● солиқ органлари солиқ солишнинг жорий масалаларини ҳал қилишда ҳар томонлама кўмак кўрсатади;

● солиқ мониторинги билан қамраб олинган давр учун камерал назорат ўтказилмайди (бундан солиқ мониторинги муддатидан илгари тугатилган ҳоллар мустасно);

● солиқ мониторинги билан қамраб олинган давр учун молия-хўжалик фаолиятини текшириш ҳам ўтказилмайди (бундан солиқ мониторинги муддатидан илгари тугатилган ҳоллар мустасно).

 

Кимлар «янгича тарзда» назорат қилинади

Янги давлат хизматидан ҳамма солиқ тўловчилар ҳам фойдалана олмайди. Бунинг учун ўтган йил якунларига кўра, товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш жорий йилнинг 1 январь ҳолатига ЭКИҲнинг 70 000 бараваридан (бугунги кунда бу 12 млрд 56 млн 800 минг сўм) ортиқни ташкил этиши керак.

Қонун лойиҳасида микрофирмалар ва кичик корхоналар солиқ мониторингига «ўтишлари» мумкин эмаслиги кўрсатилган эди. Ҳужжатнинг эълон қилинган таҳририда бу чеклов олиб ташланди.

Солиқ тўловчи томонидан кейинги молия йилида (2019 йил) солиқ мониторингида иштирок этиш тўғрисидаги ариза солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги солиқ органига жорий йилнинг 1 июлидан кечиктирмасдан ёзма шаклда, шу жумладан электрон шаклда тақдим этилади. Ариза шакли ДСҚ томонидан тасдиқланади.

Солиқ органлари 1 августдан кечиктирмай қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

● солиқ мониторингини амалга ошириш;

● солиқ мониторингини амалга оширишни рад этиш.

Солиқ мониторингини амалга оширишни қуйидаги ҳолларда рад этишлари мумкин:

√ солиқ тўловчи томонидан ариза ўз вақтида тақдим этилмаганда (1 июлдан кейин) ёки ариза белгиланмаган шаклда (ДСҚ томонидан тасдиқланган шаклдан фарқ қилади) тақдим этилганда;

√ регламент талабларига риоя этилмаганда.

 

Солиқ мониторинги қандай ўтказилади

Солиқ мониторинги 1 январдан 31 декабрга қадар бўлган бутун молия йилини қамраб олади. Бу солиқ мониторингининг даври ҳисобланади. Бироқ солиқ органлари солиқ мониторинги бўйича ишларни амалда мазкур молия йилининг 1 январидан кейинги молия йилининг 1 июнига қадар ўтказади. Шу тариқа, солиқ тўловчи регламентнинг барча талабларига яна ярим йил риоя қилишига тўғри келади.

Солиқ хизмати солиқ тўловчидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўғри ҳисобланиши, тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши билан боғлиқ зарур ҳужжатлар, маълумотлар, тушунтиришларни талаб қилиб олиш ҳуқуқини олади. Талаб қилиб олинадиган ҳужжатлар ёзма шаклда (шу жумладан электрон шаклда) 10 кун ичида тақдим этилади.

Уларни тақдим этиш имконияти мавжуд бўлмаган тақдирда, солиқ тўловчи бу ҳақда сабабларини кўрсатган ҳолда тегишли солиқ органини талабномани олган кундан эътиборан 3 кунлик муддатда хабардор қилади. Яъни ҳужжатларни тақдим этиш имконияти мавжуд эмаслиги тўғрисида ДСИга хабар бериш учун 10 кун кутишга йўл қўйиб бўлмайди.

Солиқ органи ҳужжатларни ўрганиб, қонунбузарликларни аниқлаган ҳолда солиқ тўловчига асослантирилган фикрни юборади. Бундан ташқари, солиқларнинг тўғри ҳисобланиши, тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши борасида шубҳалар мавжуд бўлганда, солиқ тўловчи солиқ хизматининг асослантирилган фикрини олиш тўғрисида сўров билан мурожаат қилиши мумкин (сўровда ўзининг позициясини акс эттириш ҳам талаб этилади). Солиқ тўловчининг сўрови бўйича асослантирилган фикрни тайёрлаш ва юбориш муддати – бир ой.

Солиқ тўловчи солиқ органининг асослантирилган фикрини олган ҳолда:

ушбу фикрга рози бўлган тақдирда – фикрни олган кундан эътиборан 1 ой ичида бу ҳақда унинг ижросини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда ДСИни хабардор қилиши;

ушбу фикрга рози бўлмаган тақдирда – ўз эътирозларини тақдим этиши шарт.

Эътирозлар мавжуд бўлган тақдирда ўзаро келишув жараёни бошланади. Дастлаб солиқ органи 3 кун муддатда эътирозларни юқори турувчи органга юборади. Шу билан бирга асослантирилган фикрни тузган солиқ хизмати ходимлари, солиқ тўловчи ва юқори турувчи орган вакилларининг шахсий иштирокида ­эътирозларни кўриб чиқиш учун бир ойлик муддатни ҳисоблаш бошланади. Мулоқот натижаларига кўра, солиқ тўловчига шу куннинг ўзида шахсий кабинет орқали ўзаро келишув натижалари тўғрисидаги хабарнома юборилади.

Солиқ мониторинги қуйидаги ҳолларда муддатидан олдин тўхтатилади:

1) солиқ тўловчи томонидан ўзаро ахборот алмашинуви бўйича регламент талаблари бажарилмаганда, шунингдек солиқ тўловчининг асослантирилган фикрга ёки ўзаро келишув натижалари бўйича тузилган хабарномага розилиги (рози эмаслиги) тўғрисида маълумотлар тақдим этмаганда;

2) солиқ мониторингини амалга ошириш даврида давлат солиқ хизмати органига молиявий ва солиқ ҳисоботларини топшириш муддатлари бузилганда;

3) солиқ мониторингини амалга ошириш даврида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ўз вақтида ва тўлиқ тўланмаганда;

4) солиқ мониторингини қўллаш даврида ҳисобланган солиқ тўловлари камайишини, зарарлар миқдорининг ошишини назарда тутувчи аниқлаштирилган молиявий ва солиқ ҳисоботлари тақдим этилганда;

5) солиқ мониторингини амалга ошириш жараёнида солиқ тўловчи томонидан нотўғри ахборот тақдим этилганда;

6) ҳужжатлар, маълумотлар ва тушунтиришлар ўзаро ахборот алмашинуви бўйича регламентда белгиланган талаблар солиқ тўловчи томонидан мунтазам равишда бузилган ҳолда тақдим этилганда;

7) солиқ тўловчи томонидан солиқ мониторингини муддатидан олдин тугатиш тўғрисида ариза тақдим этилганда.

Солиқ мониторингини муддатидан олдин тугатиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин давлат солиқ хизмати органи шу куннинг ўзида солиқ тўловчини ёзма шаклда, шунингдек солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали хабардор қилади.

Ушбу ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) 30.12.2017 йилда расман эълон қилинган ва 1.01.2018 йилдан кучга кирди.

 

Самир Латипов,

«Norma» МЧЖ эксперти.

 


*Хўжалик юритувчи субъектлар ходимларининг ҳисоботдаги ва ҳақиқий сонининг мувофиқлиги юзасидан мониторинг билан чалкаштирилмасин.

Прочитано: 1478 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика