Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 02 / Янги йил бухгалтерияси

Хайрия ишларининг солиқ оқибатлари

 

«Norma Ekspert» мутахассислари ҳар йили Янги йил харажатларига доир бошланғич ҳужжатларни қандай қилиб тўғри тайёрлаш, ҳисобда акс эттириш ва солиқларни ҳисоблашни батафсил тушунтирар эдилар. Бироқ почта ўқувчиларимизнинг одатий Янги йил совғалари бўйича одатдан ташқари саволларини олиб келди. Бизни янада қувонтирган ҳол – улар манзилли йўналишдаги: меҳрибонлик уйларидаги болалар, маҳалладаги эҳтиёжмандлар, меҳнат фахрийлари учун хайрия билан боғлиқ. Саволларингизга «Norma Ekspert» мутахассислари жавоб берадилар.

 

 

Ҳар йили Янги йилни анъанавий равишда нишонлар эдик – ходимларнинг фарзандлари учун совғалар ва корпоратив. Бу йил анъанадан воз кечиб, уни меҳрибонлик уйидаги болажонлар билан нишонлашга қарор қилдик. Бироқ бизнинг тадбирлар режаси юзасидан солиқ ва ҳисоб бўйича саволлар юзага келди. Хусусан, катта гуруҳдаги болаларнинг хоҳишига кўра ҳар бирига электрон ўқиш ва таржима қилиш ускунасини сотиб олиб совға қилишга қарор қилинди. Яъни электрон девайслар меҳрибонлик уйига эмас, болаларга бериладиган бўлди.

Уларни сотиб олиш ва меҳрибонлик уйидаги болаларга бериш учун корхонада қандай бошланғич ҳужжатларни расмийлаштириш кераклигини тушунтириб берсангиз. Корхонада ва, энг асосийси, олувчи болаларда солиқ оқибатлари қандай бўлади? Агар бўлса, болаларни солиқ оқибатларидан халос этиш учун корхона нима қилиши керак?

Д.Багирова, ХК директори.

 

– Ҳар қандай хўжалик операциясини ўтказиш, шу жумладан ўқиш (таржима қилиш) ускунасини сотиб олиш ва уларни совға қилиб бериш бошланғич ҳужжатлар билан расмийлаштирилади. Бу ҳолда улар қуйидагилар ҳисобланади: тадбирлар режасини, харажатлар сметасини, уларни ўтказиш ва ҳисобот тузиш учун масъул шахс(лар)ни тасдиқлаш тўғрисидаги раҳбар буйруғи, шунингдек совғалар сотиб олинганлиги ва олувчиларга тақдим этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар. Кейингилари масъул шахснинг ҳисоботига илова қилиниши лозим, у раҳбар буйруқда белгилаган муддатда ҳисоботни топшириши керак. Ридерлар корпоратив карточка билан ҳақ тўлаган ҳолда харид қилиниши мумкин. Буни Юридик шахслар томонидан миллий валютадаги корпоратив банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомнинг (АВ томонидан 18.04.2005 йилда 1470-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 6-бандига мувофиқ қилиш мумкин. Бунда ҳисобдор шахс карточкани ҳисобдорликка олган кундан бошлаб 10 кундан кечиктирмай тўлов терминалларининг чеклари, юкхатлар ва сотувчидан олинган бошқа ҳужжатларни илова қилган ҳолда ишлатилган суммалар тўғрисида бухгалтерияга ҳисобот тақдим этиши шарт.

Совғаларни (ўқиш ва таржима қилиш ускуналарини) болаларга қайднома бўйича тарқатиш лозим, улар унга имзо чекишлари керак. Қайдномани ҳисобварақ-фактура реквизитлари билан расмийлаштириш мумкин. У ҳисобварақ-фактуранинг ўрнини босувчи ҳужжат деб тан олинади. «ҚҚС» устунида чизиқ тортиб қўйилади.

Амалдаги солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида текинга олинган совғалар қисмида қуйидагилар белгиланган: Солиқ кодексининг 177-моддаси 2-банди асосида улар солиқ солиш мақсадида ЖШДС солинадиган, бироқ ЯИТ ва суғурта бадаллари солиш объекти ҳисобланмаган моддий наф тарзидаги даромадлар деб тан олинади (Солиқ кодексининг 306-моддаси). ЖШДС шкала бўйича ёки даромад олувчининг аризасига кўра – энг юқори ставкада ушлаб қолиниши ёхуд ушлаб қолинмаслиги мумкин (Солиқ кодексининг 184, 186-моддалари).

Даромад олувчилар – меҳрибонлик уйидаги болалар хусусида қуйидагиларни тавсия қилиш мумкин. Корхона электрон девайслар қийматидан ўз маблағлари ҳисобига ЖШДС тўлаши мумкин, шунда солиқ мажбуриятлари бажарилган ҳисобланади (Солиқ кодексининг 185-моддаси).

Болалар учун махсус сотиб олинган совғалар (ўқиш ва таржима қилиш ускуналари) ҳисобда товар-моддий захиралар деб тан олинади (1090-«Бошқа материаллар» счёти). Уларнинг берилиши реализация қилиш деб тан олинади ва тегишли солиқ оқибатлари билан бирга 9220-«Бошқа активларнинг чиқиб кетиши» счёти орқали акс эттирилади.

Текин берилган совғалар бўйича фойда ёки зарар уларнинг чиқиб кетишидан даромаддан баланс қийматини ва ТМЗ чиқиб кетиши билан боғлиқ билвосита солиқларни айириш йўли билан аниқланади (АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган 4-сон БҲМСнинг 50-банди). Совғалар текинга берилиши сабабли даромад юзага келмайди. ТМЗни текинга беришдан кўрилган зарарлар солиқ солинадиган фойдани аниқлашда чегирилмайди (Солиқ кодексининг ­147-моддаси 24-банди).

ЯСТ тўловчиларда чет ташкилотлардан сотиб олинган совғаларни текинга беришда солиқ оқибатлари юзага келмайди.

Сотиб олинган совғалар бўйича ҚҚС суммаси ҳисобга олинмайди (Солиқ кодексининг 219-моддаси 6-банди) ва уларнинг харид қийматига киритилади. Совғалар берилганда ҚҚС бўйича оборот юзага келади (Солиқ кодексининг 199-моддаси 1-қисми 1-банди). Солиқ солинадиган база ҚҚС суммасини ўз ичига оладиган совғаларни реализация қилиш (чиқиб кетиш) қиймати билан баланс қиймати ўртасидаги ижобий фарқ сифатида аниқланади (Солиқ кодексининг 204-моддаси ­13-қисми). Шу сабабли совғалар текинга берилганда ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база нолга тенг.

Совғаларнинг берилиши ҳисоб ҳужжатлари билан расмийлаштирилади:

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Счётлар корреспонденцияси

 

дебет

 

кредит

 

Электрон ўқиш ва таржима қилиш ускуналари сотиб олинди

 

1090-«Бошқа материаллар»

 

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»

 

Электрон девайслар таннархи ҳисобдан чиқарилди (бериш чоғида)

 

9220-«Бошқа активларнинг чиқиб кетиши»

 

1090-«Бошқа материаллар»

 

Сотиб олинган электрон ўқиш ва таржима қилиш ускуналари берилди

 

9430-«Бошқа операцион харажатлар»

 

9220-«Бошқа активларнинг чиқиб кетиши»

 

 

 

Ахборот технологиялари соҳасидаги мутахассис ихтисослиги бўйича ўқимоқчи бўлган иккита битирувчига (меҳрибонлик уйидаги болаларга) корхона 2017 йил 30 декабрда исми ёзилган сертификатларни берди. Сертификатлар уларни олувчиларга бакалавриат дастури бўйича ўқиш даврида контракт суммасини корхона тўлашини кафолатлайди. Бунда корхона сертификат олувчига ишлаб бериш (тўланган суммаларни қайтариш) шартини қўймайди. Иккинчи ва ундан кейинги йилларда контракт ҳақини тўлашда давом этиш учун ўқув дастурларини муваффақиятли ўзлаштириш, аттестациядан, малака амалиётидан ўтиш зарур. Сертификат 2017 йил 30 декабрда берилди, тўлов учун эса шу йил (август–сентябрда) тақдим этилади.

Корхонанинг ушбу мажбуриятлари ҳисобда қандай акс эттирилишини тушунтириб берсангиз. Корхонада 2017 йилда муайян солиқ оқибатлари юзага келадими?

Е.Маринина, бухгалтер.

 

– Сертификат корхонанинг ички ҳужжати бўлиб, уни олувчига олий ўқув юртига кирганда контракт суммаси тўланишини кафолатлайди. ­Яъни корхона муайян шароит (ҳодисалар) юзага келганда тўлов тўлаш мажбуриятини зиммасига олади. Бироқ ҳодиса, сизнинг ҳолатда – олий ўқув юртига кириш ўтган йил эмас, фақат бу йил юз беради. Мажбурият юзага келган пайтда бухгалтерия ҳисобида акс эттирилиши керак, одатда, у бошланғич ҳужжатларда – шартнома, юклаб жўнатганлик ҳақидаги счётлар, бажарилган ишлар далолатномалари ва бошқаларда кўрсатилади. Сизнинг ҳолатда контракт ҳақи тўланиши ҳақида махсус шартнома тузилиши мумкин, ана шунда тегишли мажбурият юзага келади. Шу муносабат билан 2017 йилда сертификат бўйича мажбуриятларни ҳисобда акс эттириш учун асос йўқ, корхона учун ҳам, уни олувчи учун ҳам солиқ оқибатлари йўқ.

 

Маҳалла қўмитасини қўшмасдан туриб маҳалладаги айрим кишиларга молиявий ёрдам кўрсатмоқчимиз.

Пул маблағларини олиш ва бериш чоғида корхона қандай ҳужжатларни расмийлаштириши керак? Тўғридан-тўғри хайрия қилганда олувчиларда ва корхонада қандай солиқ оқибатлари бўлиши мумкин?

П.Цой, директор.

 

– Корхона маҳалладаги айрим фуқароларга манзилли молиявий (моддий) ёрдам кўрсатмоқчи бўлса, корхона раҳбари маҳаллада яшовчи шахсларга (Ф.И.О., манзилини кўрсатган ва паспорт, СТИР (мавжуд бўлса) нусхаларини илова қилган ҳолда) моддий ёрдам тўлаш тўғрисида буйруқ (фармойиш) чиқариши керак. Пул маблағлари олиш чекининг «Сарфлаш мақсади» устунида «Моддий ёрдам» кўрсатилади. Пул берилиши қайднома ёки чиқим ордери билан расмийлаштирилади. Олувчи ушбу ҳужжатларга имзо чекиши керак.

Кўрсатилаётган моддий ёрдам моддий наф тарзидаги даромадларга киради (Солиқ кодексининг 177-моддаси 2-банди). Бундай тўловларга ЖШДС солинади, бироқ улар ЯИТ ва суғурта бадаллари солиш объекти ҳисобланмайди (Солиқ кодексининг 306-моддаси).

Кўрсатилаётган моддий ёрдамдан ЖШДС шкала бўйича ёхуд жисмоний шахс аризаси асосида – энг юқори ставкада ушланиши (Солиқ кодексининг 186-моддаси) ёхуд ушланмаслиги мумкин (Солиқ кодексининг 184-моддаси).

Солиқ шкала бўйича ҳисобланса, Солиқ кодексининг 179-моддаси 1-банди 4-хатбошиси ва 180-моддасида назарда тутилган имтиёзлар қўлланмайди. Ҳисобот йилида 2 ва ундан ортиқ манбадан даромадлар олинган бўлса, кейинги йилнинг 1 апрелигача яшаш жойидаги ДСИга даромадларни олувчи жами йиллик даромад тўғрисида декларация топшириши керак.

ЖШДСни энг юқори ставкада ушлаб қолиш тўғрисида ариза берилганда бухгалтерия имтиёзларни қўлламасдан, уни 22,5%лик ставкада ушлаб қолади. Бу ҳолда декларация тақдим этиш зарур эмас (декларациялаш ихтиёрий).

Солиқни ушлаб қолмаслик тўғрисида ариза берилган бўлса, бу ҳолда корхонада даромад тўлаш манбаи сифатида ЖШДСни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш мажбурияти бўлмайди. Жами даромад тўғрисида декларация топширилганда солиқ ҳисобланади ва тўланади.

Корхона йил якунлангандан сўнг 30 кун ичида асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олган жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотномани ДСИга тақдим этиши шарт. У энг юқори ставкада солиқ ушланганда тақдим этилмайди (Солиқ кодексининг 187-моддаси).

Корхона ЖШДСни мустақил равишда тўлаши ҳам мумкин (Солиқ кодексининг 185-моддаси). Бу ҳолда тўланган солиқ суммаси ҳам жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги солиқ солинадиган даромади ҳисобланади.

Манзилли моддий ёрдам кўрсатишда (маҳалла иштирокисиз) ЖШДС солишнинг қайси усулини танлаш – корхона ихтиёрида. Фикримизча, молиявий ёрдам олувчининг аризасига кўра энг юқори ставкада ЖШДС солиш энг оқилона усулдир. Ҳар бир олувчига энг юқори ставкада ЖШДС ушлаб қолишга ариза бланкасини олдиндан тайёрлаб қўйиб, пул маблағларини бериш чоғида имзо чекишни сўраш лозим.

Умумбелгиланган солиқларни тўловчиларда молиявий ёрдам кўрсатишга доир харажатлар солиқ солинадиган фойдани аниқлашда чегирилмайди (Солиқ кодексининг 147-моддаси 9-банди).

ЯСТ тўловчиларда ушбу харажатлар ЯСТни ҳисоблашда инобатга олинмайди.

 

Корхонада 15 ва ундан кўп йил ишлаган пенсионерларга санаторийларга 12 кунлик йўлланмалар беришга қарор қилинди. Йўлланмалар қийматининг бир қисмини (10%) касаба уюшмаси ташкилоти, қолган қисмини корхона тўлайди. Умумий қиймат 850 минг сўмни ташкил этади. Йўлланмаларни касаба уюшмаси сотиб олади ва беради.

Пенсионерлар учун йўлланмаларни корхона ҳисобида акс эттириш керакми? Корхона ва олувчилар учун солиқ оқибатлари қандай бўлади?

М.Рашидова, бош бухгалтер.

 

– Йўлланмаларни касаба уюшмаси ташкилоти сотиб олади ва беради, шу сабабли улар корхона ҳисобида акс эттирилмайди. Корхона қилган харажатлар солиқ солинадиган фойдани аниқлашда чегирилмайди. ЯСТ тўловчиларда бундай харажатлар солиқни ҳисоблашда инобатга олинмайди.

Пенсионер учун йўлланма қиймати моддий наф тарзидаги даромад ҳисобланади (Солиқ кодексининг 177-моддаси 2-банди). Даромад олинган йилдан кейинги йилнинг 1 апрелигача пенсионер декларация топшириши ва йўлланма қийматидан ЖШДС тўлаши керак бўлади.

 

Касаба уюшмаси ташкилотининг маблағ ўтказиши ҳисобда қуйидаги ёзувлар билан акс эттирилади:

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Счётлар корреспонденцияси

 

дебет

 

кредит

 

Йўлланмалар сотиб олиш учун касаба уюшмаси ташкилотининг пул маблағлари ўтказилди

 

6990-«Бошқа мажбуриятлар»

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

Корхона харажатлари ҳисобдан чиқарилди

 

9430-«Бошқа операцион харажатлар»

 

6990-«Бошқа мажбуриятлар»

 

 

Ресторандаги корпоратив ўрнига саёҳат (Хива, Нукусга) уюштиришга қарор қилдик. 29 декабрда йўлга чиқдик ва 3 январда қайтдик. Бу даврда (29 декабрь, 2 ва 3 январь) ходимларга таътил берилади. Барча харажатларни (йўлкира, овқатланиш, меҳмонхонада яшаш, экскурсиялар) турфирмага корхона шартнома бўйича тўлайди.

Ушбу жамоавий тадбирни корпоратив деб аташ мумкинми? Барча харажатларни ҳисобда тўғри акс эттириш учун қандай бошланғич ҳужжатларни расмийлаштириш лозим? Корхона ва ходимлар учун солиқ оқибатлари қандай бўлади?

С.Ғофурова, бухгалтер.

 

– «Корпоратив» атамаси хорижда юзага келган бўлиб, «фирмадаги зиёфат» маъносини англатади (И.Мостицкий таҳриридаги хорижий сўзлар луғати). Сўнгги йилларда ўз ходимлари, ҳамкорлари, мижозлари учун атоқли саналарни биргаликда нишонлаш бўйича корпоратив тадбирлар ўтказиш анъанага айланди. Кўпгина корхоналар ушбу воқеадан жамоада дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, компания нуфузини илгари суриш мақсадида фойдаланадилар. Ҳуқуқни қўллаш амалиётида уни «корпоратив», солиқ солиш ва ҳисобда акс эттириш мақсадида эса «байрам тантанаси» ёки «расмий қабул» деб номлайдилар. Ушбу тадбирларга харажатларни Солиқ кодексининг 145-моддаси 11-бандига мувофиқ тегишли вакиллик харажатлари сифатида расмийлаштиришга уринадилар: «Вакиллик харажатларига солиқ тўловчининг ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш ёки уни сақлаб туриш, шунингдек солиқ тўловчининг бошқарув ва назорат органлари мажлисларига келган иштирокчиларни қабул қилиш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш мақсадларида қиладиган харажатлари киради. Бу харажатлар мазкур шахсларнинг расмий қабулини ўтказиш, транспорт таъминоти, овқатланиши ва турар жойи, солиқ тўловчининг штатида турмаган таржимонлар хизматига ҳақ тўлаш харажатларидир».   

Нормалар доирасидаги вакиллик харажатлари (маҳсулотларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушум ҳажмидан 1%, шу жумладан ҚҚС ва акциз солиғи) фойда солиғини ҳисоблашда чегирилади. ЖШДС бўйича эса байрам тантаналарини ўтказиш харажатлари сингари уларга муай­ян жисмоний шахсларнинг даромади сифатида қаралмайди ва, тегишинча, ЖШДС, ЯИТ ва суғурта бадаллари солинмайди.

Шу тариқа, сизнинг ҳолат жамоавий тадбир ҳисобланишига қарамай, у корхона ва ходимларингиз учун бошқа солиқ оқибатлари билан бирга «корпоратив» эмас.

Айтиш жоизки, норматив ҳужжатларимизда ушбу атама асосан акциядорлик компаниялари фаолияти, корпоратив бошқарув тизими муносабати билан қўлланади, унинг элементи «корпоратив» – фирмадаги зиёфатлар ҳисобланади.

Сизнинг жамоавий тадбирингиз бўйича бошланғич ҳужжатлар бўлиб раҳбарнинг буйруғи, ходимларнинг иш ҳақини сақламаган ҳолда таътил бериш ёхуд йиллик меҳнат таътили бериш ҳақидаги аризалари (жадвал бўйича бу пайт меҳнат таътили бериладиган ходимлардан), турфирма билан шартнома, ҳисобварақ-фактуралар, бажарилган ишлар (хизматлар) далолатномаси, шунингдек бошқа бошланғич ҳужжатлар (турфирмадан олинган ягона темир йўл чиптаси, умумий ваучер) ҳисобланади.

Ходимлар учун корхона тўлаган сафар қиймати жами даромадга киритилади ва белгиланган тартибда ЖШДС солинадиган моддий наф тарзидаги даромад ҳисобланади (Солиқ кодексининг 177-моддаси). Моддий наф тарзидаги даромадларга ЯИТ ва суғурта бадаллари солинмайди (Солиқ кодексининг 306, 307-моддалари).

Корхонанинг кўрсатилган харажатлари солиқ солинадиган фойдани аниқлаш пайтида чегирилмайди (Солиқ кодексининг 147-моддаси ­9-банди). ЯСТ тўловчиларда улар солиқни ҳисоблашда инобатга олинмайди.

 

Корхона раҳбарининг фармойишига биноан ходимларнинг болалари учун Янги йил арчаси пойтахтдаги театрлардан бирида ўтказилади (совға улашган ҳолда томоша кўрсатиш). 50 та чипта ҳақи тўланди, шундан фақат 20 таси ходимларнинг болаларига мўлжалланган. Қолганлари маҳаллага берилди. Чипталар қийматига томоша пайтида артистлар тарқатадиган совғалар қиймати ҳам киритилган. Театр битта сумма қайд этилган ҳисобварақ-фактурани тақдим этади.

Янги йил арчасини бундай усулда ўтказишда корхонада солиқ оқибатлари қандай бўлади?

С.Раимова, бош бухгалтер.

 

– Сизнинг ҳолатда болалар Янги йил арчасини ўтказиш бўйича солиқ оқибатлари қуйидагича бўлади.

Корхонанинг болалар учун Янги йил тадбирига харажатларини муайян жисмоний шахснинг даромади ҳисобланмайдиган байрам тантаналарини ўтказишга харажатлар сифатида баҳолаш мумкин (Солиқ кодексининг 171-моддаси 2-қисми 4-банди). Шу сабабли ЖШДС, ЯИТ ва суғурта бадаллари бўйича солиқ оқибатлари юзага келмайди.

Янги йил арчаси бўйича харажатлар ишлаб чиқариш жараёни билан боғлиқ бўлмаган дам олишни уюштириш тадбирларига харажатларга киради. Улар солиқ солинадиган фойдани аниқлашда чегирилмайди (Солиқ кодексининг 147-моддаси 16-банди).

ЯСТ тўловчиларда арча харажатлари ЯСТни ҳисоблашда инобатга олинмайди.

 

Маҳалла оқсоқоллари иккита мурғак боласи билан қолган ёш бева аёлга (23 яшар) ёрдам беришни сўраб мурожаат қилди. Унга ижтимоий турар жой сотиб олиш учун (биринчи бадал) маблағ тўпланмоқда. Раҳбарият 10 млн сўм ажратишга қарор қилди, у унинг номига банкда махсус очилган счётга ўтказилади.

Банкдаги жамғарма счётга йўналтириладиган сумма юзасидан ЖШДС бўйича имтиёзни қўллаш мумкинми?

Н.Каримов, директор.

 

– Солиқ кодексининг 179-моддаси 30-бандида ёш оила аъзолари учун ЖШДС бўйича имтиёз (тўлашдан озод қилиш) назарда тутилган. Имтиёз солиқ солинадиган ҳамда ипотека кредитларини ва уларга ҳисобланган фоизларни қоплашга йўналтириладиган иш ҳақи ва жисмоний шахсларнинг бошқа даромадларига татбиқ этилади. Бунда кредитлар қуйидагилар учун олиниши керак:

● якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва сотиб олиш;

● кўп квартирали уйдаги квартирани реконструкция қилиш ва сотиб олиш.

Имтиёзни қўллаш мақсадида ёш ­оила тоифасига эр-хотиннинг иккиси ҳам ўттиз ёшдан ошмаган оила ёхуд фарзанд (бола) тарбиялаб вояга етказаётган 30 ёшдан ошмаган ёлғиз отадан ёки ёлғиз онадан иборат бўлган оила, шу жумладан никоҳдан ажралган, бева эркак (бева аёл) киради («Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддаси; 18.05.2007 йилдаги ПФ-3878-сон Фармоннинг ­3-банди).

Яъни ёш аёлнинг (беванинг) жамғарма счётига корхонангиз ўтказган сумма Солиқ кодексининг ­179-моддаси 30-бандига мувофиқ имтиёз ­объекти ҳисобланмайди ва, тегишинча, сиз уни қўллай олмайсиз. Бироқ яшаш жойидаги ДСИга жами йиллик даромад тўғрисида декларация топшириб, ёш аёлнинг ўзи жамғарма счётдаги маблағларни ипотека бадалига ўтказгандан кейин ушбу имтиёздан фойдалана олади.

Прочитано: 1489 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика