Фирмамиз тендер савдоларини амалда ташкил этиш хизматларини кўрсатади. Даъвогарлар савдоларда қатнашиш мақсадида ва келишиб олинган вақт мобайнида тендер таклифидан қайтмаслиги кафолати сифатида закалат киритади. Хорижий даъвогарлар уни хорижий валютада (доллар, евро) киритадилар. Закалат банк операцияларини амалга ошириш учун чиқимларни (банк тарифи бўйича) чегирган ҳолда қайтариб берилади. Банк ўтказма қилинган кунда фирманинг сўмдаги асосий счётидан ўз воситачилик ҳақини ечиб олади. Биз банкнинг воситачилик ҳақини валютадаги закалат суммасидан ушлаб қолиб, шу куннинг ўзидаёқ контракт-буюртманома бўйича банкка сотамиз. Сўмдаги асосий счётдан банк воситачилик ҳақини ечиб олади, шунингдек ушлаб қолинган воситачилик ҳақини сотишдан пул маблағлари (банкнинг воситачилик ҳақи қоплами) ана шу счётга келиб тушади.
Ушлаб қолинган валютани мажбуриятлар счётидан жорий валюта счётига ушлаб қолинган воситачилик ҳақини сотмасдан ўтказсак, тўғри бўладими?
О.Х.
– Тендер савдоларини ўтказиш тартибини белгиловчи норматив ҳужжатларда хорижий валютадаги закалатдан ишчи орган ушлаб қоладиган чиқимлар суммасини ваколатли банкка сотиш мажбуриятини юкловчи шартлар назарда тутилмаган.
Қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда мол-мулкни реализация қилиш ёки товарлар, ишлар ва хизматларни сотиб олиш тендер савдолари асосида амалга оширилади.
Тендер комиссиясининг ишчи органи тендерларни ўтказишни (товар етказиб берувчиларни олдиндан малакали танлаш, тушадиган таклифларни эксперт баҳолаш, бинолар ва ёрдамчи ходимлар бериш, реклама ишларини ташкил этиш, тендер комиссияси ҳужжатларини расмийлаштириш ва ҳ.к.) амалда ташкил этувчи асосий орган ҳисобланади (ВМнинг 21.11.2000 йилдаги 456-сон қарори билан тасдиқланган Низом).
Буюртмачи шартнома асосида жалб этувчи ихтисослаштирилган ташкилот ишчи орган бўлиши мумкин.
Тендер савдоларида қатнашиш мақсадида унинг иштирокчилари таклифларидан қайтмаслигини кафолатловчи закалат киритадилар. Закалат миқдорини тендер комиссияси белгилайди. Закалатни хорижий иштирокчилар ЭАВда, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар (етказиб берувчилар) миллий валютада (сўм) киритадилар.
Жалб этилган ихтисослаштирилган ташкилот ишчи орган бўлганда закалат суммаси унинг ёрдамчи счётига киритилади.
Тендер ўтказилгандан кейин ишчи орган белгиланган муддатларда тендер иштирокчиларига (ғолибдан ташқари) уларнинг закалатларини банк операцияларини ўтказиш чиқимларини чегирган ҳолда қайтариб бериши шарт.
Хорижий валютадаги закалатдан ушлаб қолинадиган суммалар ишчи орган учун товарлар ва хизматлар экспортидан хорижий валютадаги тушум деб ҳисобланмайди. Хорижий валютадаги ушбу ушланмалар мажбурий сотилмайди.
Мижозлар банк счётларини очиш чоғида уларга хизмат кўрсатиш шартномаси тузилади. Шартномада мижозларнинг хорижий валютадаги счётларига хизмат кўрсатганлик учун банкнинг воситачилик ҳақини ундириш шартлари кўрсатилади. Одатда, банк счёти шартномасида хорижий валютадаги маблағлар ўтказмаси учун банкнинг воситачилик ҳақи ҳам хорижий валютада ундирилиши назарда тутилмайди. Валюта счётлари бўйича банкнинг воситачилик ҳақи асосий счётдан миллий валютада тўланиши керак.
Бу ҳолда тендерни ташкил этиш хизматларини кўрсатувчи фирма банк операцияларини ўтказиш учун чиқимлар сифатида тендер иштирокчилари закалатидан ушлаб қолинган валюта маблағларини ўз тасарруфида қолдиришга ҳақли.
Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ, «Norma Online» эксперти.