Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 02 / 2018 йил – Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили

Божхона органлари олдида турган устувор вазифалар

 

Президентимизнинг 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида божхона тартиб-таомилларининг мураккаблиги тадбиркорликка тўсқинлик қилаётган асосий омиллардан бири сифатида баҳоланди. Божхона ҳужжатларини расмийлаштириш учун кетадиган вақт эса Бельгия ва Ўзбекистон мисолида таққосланди. «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да ушбу камчиликларни бартараф этиш мақсадида божхона соҳасида кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш назарда тутилган.

 

Жумладан, жорий йилда божхона режимларини соддалаштириш ва бунинг натижасида расмийлаштириладиган айрим рухсатномаларни бекор қилиш режалаштирилди. Дастлабки босқичда 6 та божхона режими бўйича рухсатномалар, шу билан бирга 3 та фаолият турига лицензия берилиши бекор қилиниши кўзда тутилган.

Хорижий автомобилда юк ташувчиларга божхона органлари томонидан бериладиган автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳаракатланиш йўналишларини ўзгартиришга доир рухсатнома ҳам бекор қилинади.

Божхона органлари томонидан тадбиркорлик субъектларига янада қулайликлар яратиш ва ортиқча расмиятчиликларни қисқартириш мақсадида мавжуд салоҳиятдан унумли фойдаланиш, хусусан божхона органлари фаолиятига доир жорий қилинган 20 дан ортиқ интерактив давлат хизматларини янада фаоллаштириш, янги-янги электрон хизматларни жорий этиш назарда тутилмоқда.

Мурожаатномада Президентимиз «Нима учун мамлакатимиз ҳудудининг ўзида битта юк бир неча марта текширилиши керак?» деган долзарб саволни қўйиб, божхона назорати самарадорлигини ошириш бўйича муҳим инновацион ғояни ўртага ташладилар. Яъни, товарларни божхона кўригини танлаб текшириш тамойилига риоя этган ҳолда хавфни бошқариш тизимини қўллаш бўйича божхона органлари зиммасига муҳим вазифа белгилаб берилди. Ушбу тизимга кўра, экспорт-импорт қилинаётган товарлар фақат дастлабки божхона режимига расмийлаштириш вақтида хавфни бошқариш тизимини қўллаш асосида танлаб текшириш принципига риоя этган ҳолда божхона кўригидан ўтказилади. Туркия, Корея, Германия, АҚШ каби ривожланган мамлакатларда қўлланиб келинаётган ушбу тизим ташқи савдони енгиллаштиришнинг энг мақбул тизими ҳисобланади.

Содда тил билан айтганда, ушбу ­тизимнинг жорий этилиши ҳалол тадбиркорларга божхона расмийлаштирувини соддалаштирилган тартибда тезкорлик билан ўтказиш имконини беради.

Йиллар мобайнида божхона органларида тадбиркорлик субъектлари фаолияти бўйича катта ахборот базаси тўпланган. Бу ахборотни таҳлил қилиш натижасида тадбиркорлик субъектларини тоифаларга ажратиш механизмини жорий қилиш ишлари олиб борилмоқда. Хавфни бошқариш тизимида товарни божхона кўригидан ўтказиш кераклиги тўғрисидаги қарорни тадбиркорлик субъектининг ҳалоллигига қараб, автоматлаштирилган ахборот дастуридаги маълумотлар асосида қабул қилиш кўзда тутилмоқда. Яъни бу борада субъектив ёндашувдан воз кечилади.

Ҳозирда божхона органларида хавфни бошқариш тизимини жорий этиш тўғрисида ҳукуматнинг қарор лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Шунингдек, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини оширишда ҳам божхона тизими муҳим аҳамиятга эга. Чунки мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти ортиб борар экан, бу божхона назоратига кетадиган вақтни янада қисқартиришни тақозо этади.

Агар рақамларга мурожаат қилсак, ўтган йилда мамлакатимизнинг экспорт кўрсаткичлари 15%га ошди. Экспорт ҳажмида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг иштироки 28,5%ни ташкил қилди.

Мавжуд маълумотлар таҳлил қилинса, салкам 3 100 га яқин юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркор 2 100 турдан ортиқ товарларни хорижга экспорт қилган. Товарлар турлари аввалги йилга нисбатан 317 тага ошган. Шунингдек, республикамизда ишлаб чиқарилган товарлар экспортининг географияси ҳам кенгайиб бормоқда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон товарлари дунёнинг 91 мамлакатига экспорт қилинади. 2016 йил билан солиштирилса, бу давлатлар сони 13 тага ошди. Эндиликда Баҳрайн, Гана, Замбия, Иордания, Кения, Лаос, Мадагаскар, Мальдив, Мальта, Филиппин, Хорватия, Янги Зеландия, Қатар давлатларига ҳам маҳсулотлар экспорт қилинмоқда.

Президентимизнинг «Ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотлар рақобатдошлигини таъминлаш ва экспортини рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (15.12.2017 йилдаги ПФ-5286-сон) билан экспорт божхона божининг бекор қилиниши эса соҳани янада ривожлантиришга омил бўлади.

Экспортчиларимиз учун амалдаги қонунчилигимизда жорий қилинган яна бир имтиёз шундан иборатки, агар ишлаб чиқарувчиларимиз акциз солиғига тортиладиган товарларни экспорт қилишаётган бўлишса, у ҳолда акциз солиғи солинмайди ҳамда қўшилган қиймат солиғидан ҳам озод этилади (қимматбаҳо металлар бундан мустасно).

Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (29.09.2017 йилдаги ПҚ-3303-сон) билан 2017 йил 1 октябрдан бошлаб барча товар позициялари бўйича импорт божхона божи ва акциз солиғининг амалдаги ставкалари, хусусан, 10 мингдан ортиқ товар позицияси бўйича божхона божи ставкалари пасайтирилди. Шундан 6 240 та товар позицияси учун божхона божи бутунлай олиб ташланди. Божхона божи ставкасининг ўртача арифметик ҳисоби илгари салкам 16%ни ташкил этган бўлса, ҳозирда салкам 6,5%ни ташкил этмоқда – 2,5 баробарга камайди. Акциз солиғига тортиладиган жами 2 713 та товар позицияларидан 1 530 тасига акциз солиғи бекор қилинди.

Ҳозирда маҳаллий ишлаб чиқаришни янада қўллаб-қувватлаш борасида божхона божи ставкалари қайта кўриб чиқилмоқда.

Шу билан бирга тадбиркорлик субъектларига бунданда енгил шароитлар яратиш ва уларнинг молиявий харажатларини қисқартириш мақсадида амалдаги бир қанча божхона йиғимларини бекор қилиш юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари жорий йил 5 январь куни Тошкент вилоятига ташрифлари чоғида Зангиота туманида барпо этилган «Highway logistics» логистика марказида яратилган шароитлар билан танишиб, мазкур марказни такомиллаштириш бўйича тегишли кўрсатмалар берди. Мазкур терминалда экспорт-импорт операцияларини амалга оширишдаги барча масъул давлат органларининг шу ернинг ўзида тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиши кўзда тутилган бўлиб, бу тадбиркорларнинг вақти ва маблағи тежалишига олиб келади. Экспортга товарларни жўнатишда эса ўзи учун қулай ва арзон ташувчилар хизматларидан фойдаланиш имконияти берилади.

Президентимиз тадбиркорлик субъектларига янада қулайликлар яратиш, экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида бу каби замонавий логистика марказларини республикамизнинг бошқа вилоятларида ҳам ташкил этиш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Ҳозирда мазкур топшириқ ижроси юзасидан мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ишлар бошлаб юборилди.

 

Давлат божхона қўмитаси Матбуот хизмати.

Прочитано: 1383 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика