Ташкилотимиз жисмоний шахсдан (ходимимиз эмас) нотурар жойни ижарага олади. Шартномага биноан ижара тўловидан ташқари ижарага берувчининг мол-мулк солиғини тўлаш харажатларини қоплашимиз керак.
Мол-мулк солиғини тўлаш учун ижарага берувчига ўтказиладиган суммадан ЖШДС ушлаб қолишимиз керакми? Агар керак бўлса, қандай ставкада?
О.П.
– Ҳа, муайян ҳолларда ЖШДС ушлаб қолишингиз керак.
Солиқ мажбуриятини бажариш бевосита солиқ тўловчи томонидан амалга оширилади, Солиқ кодексига ва бошқа қонунларга мувофиқ бу бошқа шахсга юклатиладиган ҳоллар бундан мустасно (Солиқ кодексининг 35-моддаси). Мазкур нормага мувофиқ жисмоний шахс эгалик қилиш ҳуқуқида ўзига тегишли бўлган мол-мулк учун солиқни мустақил равишда тўлаши шарт.
Корхона томонидан жисмоний шахс манфаатларини кўзлаб унинг мол-мулк солиғини тўлаш унинг учун ЖШДС солинадиган моддий наф тарзидаги даромад ҳисобланади (Солиқ кодексининг 177-моддаси).
1 |
ЖШДС ушлаб қолмаслик ҳақида ёзма ариза бор
Меҳнатга оид муносабатларда бўлмаган жисмоний шахсга моддий наф тарзида даромад тўловчи корхона унинг ёзма аризаси асосида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ушлаб қолмасликка ҳақлидир. Бунда жисмоний шахс моддий наф тарзидаги даромад бўйича Солиқ кодексининг 189-моддасига мувофиқ, яъни декларация асосида ЖШДС тўлаши шарт (Солиқ кодексининг 184-моддаси).
2 |
ЖШДС ушлаб қолмаслик ҳақида ёзма ариза йўқ
Бундай ариза бўлмаса, корхона:
√ моддий наф суммасига ЖШДС ҳисоблаши;
√ жисмоний шахсга даромад тўлаётганда ҳисобланган ЖШДСни ушлаб қолиши;
√ бюджетга ЖШДСни тўлаши шарт.
Сизнинг ҳолатда ҳисобланган ЖШДСни тўланиши лозим бўлган ижара тўлови суммасидан ушлаб қолиш мумкин.
Бунда ЖШДС ҳисобланган даромаддан ҳисоблаб чиқарилади, жисмоний шахс эса солиқ солингандан кейин қолган суммани олади. Масалан, мол-мулк солиғи суммаси 1 млн сўмга тенг бўлса, у солиқ ушлаб қолингандан кейин қолган жисмоний шахснинг даромади ҳисобланади. Демак, ҳисобланган даромад ЖШДСни инобатга олган ҳолда ҳисоблаб чиқарилиши керак.
Жисмоний шахс ЖШДСни энг юқори ставка бўйича ушлаб қолиш тўғрисида ариза тақдим этса, бухгалтерия уни 23%лик ставкада ушлаб қолади. Бундай ариза бўлмаса, ЖШДС белгиланган тартибда шкала бўйича ҳисоблаб чиқарилади.
ЖШДС шкала бўйича ушлаб қолинса ёки ушлаб қолинмаса, даромад тўловчи корхона асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олган жисмоний шахслар тўғрисида белгиланган шаклда, солиқ даври (календарь йил) тугаганидан сўнг 30 кун ичида солиқ органларига маълумотнома тақдим этиши шарт (Солиқ кодексининг 187-моддаси).
Ўз навбатида асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олган жисмоний шахс жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияни доимий яшаш жойидаги солиқ органига ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай тақдим этиши шарт (Солиқ кодексининг 192-моддаси).
Ижарага олувчи ижарага берувчига қоплаб берадиган мол-мулк солиғи суммаси ижара шартномасида алоҳида шарт билан белгиланмай, балки ижара тўлови суммасига кирганида, ЖШДС энг кам – 7,5%лик ставка бўйича ушлаб қолинар эди.
Замира ЖЎРАЕВА,
«Norma Online» эксперти.