Ўзбекистон павильони ЕХРО 2017да меҳмонларнинг энг серқатнов павильонларидан бирига айланиб, ёзнинг бир неча ҳафтаси мобайнида Россия ва Ҳиндистон павильонлари билан бир қаторда етакчилар учлигидан ўрин олиб келди. Халқаро ихтисослашган кўргазманинг охирги кунлари ҳам ташрифчилар бу ерда кўп бўлди. 9 сентябрнинг ўзидагина, ЕХРО ташкилий қўмитасининг маълумотларига қараганда, бу ерга 100 мингдан кўп киши келган. Барча миллий ва мавзувий павильонлар эшигида тирбандлик кузатилди.
Кўргазманинг уч ойлик иши давомида Қозоғистон аҳолиси ва унинг меҳмонлари «Келажак энергияси»дан баҳраманд бўлдилар. Эндиликда тарихга айланган ЕХРО 2017 ана шу ном билан ўтказилди. Бу ерга 10 июндан 9 сентябрга қадар жами 3 860 000 дан зиёд киши келиб кетди.
ЕХРО 2017 келажак энергетикасини яратишда иштирокчи мамлакатлар, халқаро ташкилотлар, энг йирик ишлаб чиқарувчи компанияларнинг саъй-ҳаракатларини шакллантиришнинг ноёб имкониятини намойиш этди. Қайта тикланадиган энергия соҳасида уларнинг илғор амалиёт ва технологиялари билан яқиндан танишиш имконини берди. У яшил технологиялар, маданиятни ривожлантириш ва табиатга хайрихоҳ бўлиш бобидаги ютуқларни намойиш этиш учун бемисл майдончага айланди.
Ўзбекистон куни
Иштирокчи мамлакатлар кўргазма доирасида ўз миллий кунларини ўтказдилар. 5 сентябрь Ўзбекистон куни бўлди. Бу куни меҳмонларга ёрқин ва тўлақонли маданий дастур тақдим этилди. Бу ерга машҳур маданият ва санъат арбоблари, халқаро спорт мусобақалари ғолиблари, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари раҳбарларидан иборат катта жамоа келган эди. Павильонда тўкин дастурхон ёзилиб, унда ўзбек миллий таомларини истеъмол қилиш ҳамда республикамиздан ташқарида ҳам машҳур бўлган ширинлик ва меваларни татиб кўриш мумкин эди. Мамлакатимиз илк бор ЕХРОда кенг ва инновацион экспозицияни намойиш этди (павильон майдони – 1 354 кв.метр).
– Биз кўплаб меҳмонлар, бутун дунёдан турли делегацияларни қабул қилдик. Бундай режимда ишлаш катта мушкулликлар туғдирди, бироқ бу ҳол яхши мактаб бўлди ва улкан тажриба бердики, менга Ўзэкспомарказда ишлашимда қўл келади, – Ўзбекистон павильонининг етакчи хостеси Раъно Дўстмуҳаммедова ўз таассуротларини биз билан ана шундай ўртоқлашди.
Ташрифчиларнинг фикрича, буни Қозоғистон ОАВлари ҳам қайд этди, Ўзбекистон павильони Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида инновация бобида энг илғор павильон бўлди. Унинг биринчи қаватида ЕХРО 2017нинг бош мавзусига мувофиқ республика ёш олимлари томонидан ишлаб чиқилган келажак технологиялари тақдим этилди. Эшик устида улкан монитор жойлаштирилди. Унда Ўзбекистон ҳақидаги: бой маданий мерос, урф-одат ва анъаналар, тарихий диққатга сазовор жойлар, иқтисодий салоҳият, сайёҳлик объектлари, саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тўғрисидаги роликлар намойиш этилди.
Ҳатто кўргазманинг охирги кунида ҳам бу ер гавжум бўлди. Айниқса бу ҳол автомобиль саноати стендлари ёнида кузатилди, у ғоятда қизиқарли бўлган 3 концептни тақдим этган эди, улар – биоёқилғи ва газолинда ишлайдиган Ravon R4 on Biofuel автомобили; қуёш панеллари билан чиройли жиҳозланган электромобиль ва двигатели ҳаракатланиш вақтида тоза сувдан водород ҳосил қиладиган жажжи Matiz машинаси. Matiz айниқса катта ёшдаги қозоғистонликлар эътиборини ўзига жалб этди. Қизилўрдалик пенсионер Ундасин оғанинг тушунтиришича, бу машина ҳамёнбоп, атмосферага заҳарли моддалар чиқарилиши 80%га камайтирилган, ёқилғининг харажати эса 40%га қисқартирилган. Тест модели аналогларидан хавфсизлиги билан фарқ қилади – водород сақлайдиган бак мавжуд эмас.
Кўргазмага келган ёшларнинг кўпчилиги робот техникаси ўрнатилган стендлар ёнида тўхтайдилар. Техник ноу-хаулардан ташқари, бу ерда халқ хўжалигида қуёш, шамол ва сув энергетикасидан фойдаланиш бўйича макетлар намойиш этилган эди.
Иккинчи қаватда меҳмонларни «Ўзбекистон ҳаво йўллари», «Ўзбекистон темир йўллари», Ўзбектуризм компаниялари ўз ютуқлари ва тақдим этадиган хизматлари билан таништирдилар.
Ўз экспозициясида республикада ишлаб чиқарилаётган ичимликларининг хилма-хиллигини намойиш этган Ўзвиносаноат вакили бўлган Надежда Пакнинг айтишича, бундай кенг миқёсли тадбирда иштирок этиш – омаддир.
– Менинг омадим келди: бу ерда бизнинг тармоқни тақдим этяпман. Бизнинг маҳсулотимиз тўғрисида илиқ сўзларни эшитишдан хурсанд бўлдик. Меҳмонлар орасида уни муносиб равишда баҳолаган ва ўз мамлакатларига экспорт қилиш ниятини билдирган меҳмонлар ҳам бор эди, – деб аниқлаштиради Н.Пак.
Кўргазмадан кейинги ўйлар
– Кўргазма тикланадиган энергиянинг муҳимлиги, яшил иқтисодиётни ривожлантириш ва мазкур йўналишда янги технологияларни жорий этишнинг зарурлигини тасдиқлади, – деб қайд этди якуний матбуот анжуманида «Астана ЭКСПО-2017 МК» АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Алишер Пирметов. У кўргазма ишининг дастлабки якунларини чиқарди, павильонларнинг истиқболи тўғрисида ҳикоя қилди.
Иштирокчи мамлакатлар муқобил энергетика соҳасидаги 150 дан ортиқ ишланмаларни тақдим этдилар, улар жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди. ЕХРО 2017 объектларини барпо этишга 1,3 млрд АҚШ доллари сарфланди. Уларнинг бир қисми жалб этилган маблағлар ҳисобидан бўлди. Бугунги кунда ташкилотчиларда улардан кўргазмадан кейин қандай фойдаланиш хусусида аниқ режалар бор. Чунончи, сайёрада энг катта гумбазли бино бўлган Қозоғистоннинг миллий павильони «Нур Алем» илгаригидек қозоғистонликлар диққат-эътиборида бўлади. У Келажак музейи сифатида қолади. Мавзувий павильонларнинг бир қисми ўз фаолиятини давом эттиради. Уларнинг баъзилари таълим марказларига айлантирилади. Қолган павильонлар ҳудудида яшил технологиялар ва инвестицияларни ривожлантириш бўйича халқаро молия маркази барпо этилади.
Бундан ташқари, ЕХРО 2017 ҳудудида IT-стартаплар халқаро технопарки очилади. У бутун дунёдан IT-тадбиркорлар ва инвесторларни жалб этиш учун платформага айланади.
Дастлабки маълумотларга қараганда, кўргазмани 3,8 млн дан зиёд киши келиб кўрди. Бу эса режалаштирилганидан деярли 2 баравар кўп. Чет эллик меҳмонлар тўғрисида ҳам худди шундай дейиш мумкин. Улар ярим миллион киши эди.
Кўргазмалар халқаро бюроси (КХБ) бош котибининг ўринбосари Димитрий Керкентзиснинг айтишича, ЕХРО 2017 халқаро миқёсда жуда ҳам диққатга сазовор ва шонли воқеа бўлди. Унинг натижалари кутилганлардан ҳам ошиб кетди. ЕХРО 2017 биз учун намунага айланди, унинг ишланмаларидан ҳам бундан кейинги кўргазмаларни ўтказишда фойдаланилади.
Кўргазманинг ёпилишида махсус мухбиримиз
Гулнора АБДУНАЗАРОВА қатнашди.