Божхона органлари – интерактив электрон хизматлар кўрсатиш соҳасида биринчи
Маълумки, жорий йилнинг 18–22 сентябрь кунлари мамлакатимиз ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида йилнинг энг муҳим воқеаси – «ICTWEEK Uzbekistan–2017» АКТ ҳафталиги бўлиб ўтди.
Аввало «ICTWEEK Uzbekistan» хусусида
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, юртимизда «ICTWEEK Uzbekistan» тадбирлари 2004 йилдан эътиборан ҳар йили сентябрь ойи охирида ўтказиб келинади. Жорий йилда АКТ ҳафталигини «ICTSUMMIT–2017» ахборот-коммуникация технологиялари саммити очиб берди. Саммит иштирокчилари Ўзбекистонда АКТ ҳолати ва АКТнинг ривожланиш истиқболлари, давлат бошқарувига ахборот технологияларини жорий қилишдаги ютуқ ва камчиликлар, «Электрон ҳукумат» тизими ва унга кириш инфратузилмаси тараққиёти, шунингдек, мамлакатимизда электрон тижоратни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, ҳафталик доирасида анъанага кўра, бу йил ҳам «ICTExpo–2017» ахборот-коммуникация технологиялари миллий кўргазмаси, ахборот технологиялари ва коммуникация соҳасини янада тараққий эттиришнинг замонавий тамойиллари муҳокама қилиниши кўзда тутилган «ICT FORUM–2017» тадбирлари бўлиб ўтди. Мазкур ҳафталик мамлакатимизда АКТ соҳасининг ривожланиши, бу жабҳадаги халқаро ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Пешқадамлик сири
Ўтказилган АКТ ҳафталигида интерактив хизматлар кўрсатиш номинацияси бўйича божхона органлари фахрли биринчи ўринни қўлга киритишди. Бу эса бежиз эмас. Эътибор берилса, жорий йилнинг сентябрь ойи ҳолатига Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жами 498 481 та мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 392 558 таси ёки қарийб 80 фоизи Давлат божхона қўмитасининг мазкур порталга жойлаштирилган хизматларига тегишли эканлиги маълум бўлади.
Порталдаги оммабоп хизматлар рейтингидан жой олган божхона органларининг интерактив электрон хизматларини қуйидаги жадвалда янада яққолроқ кўриш мумкин.
Интерактив электрон хизмат номи
|
2017 йил бошидан мурожаатлар сони
|
Умумий рейтингдаги ўрни
|
Ташқи иқтисодий фаолиятга тегишли контракт (шартномалар) маълумотларини Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритиш
|
228 849
|
Биринчи
|
Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарлар ва транспорт воситаларини автомобиль транспортида олиб ўтишда юк ташувчилар томонидан божхона хизмати органларига олдиндан электрон маълумот тақдим этиш
|
88 615
|
Иккинчи
|
Божхона органларига электрон божхона юк декларацияларини тақдим этиш
|
32 737
|
Учинчи
|
Божхона тўловлари бўйича солиштирув далолатномалари
|
15 208
|
Бешинчи
|
Чет эл товарларининг ҳаракатига божхона тўловлари тўланишини таъминлаш ҳақида хабарнома бериш
|
14 976
|
Олтинчи
|
Хорижий автомобилда юк ташувчилар автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳаракатланиш йўналишларини ўзгартиришга рухсатнома олиш учун электрон ариза тақдим этиш
|
9 474
|
Еттинчи
|
Бугунги кунда божхона соҳаси фаолиятига АКТни кенг татбиқ этиш орқали тадбиркорлик субъектларига божхона расмийлаштирувига доир бир қатор енгиллик ва қулайликлар яратилмоқда. ДБҚ томонидан кўрсатилаётган интерактив хизматлар сони ҳозирда 22 тани ташкил этади. Келгусида улар сонини янада ошириш кўзда тутилган.
Вақтни ҳам, маблағни ҳам тежайдиган хизматлар
Қуйидаги интерактив хизматлар вақтни тежаш, қоғоз харажатларини камайтириш, божхона органларига бормасдан интернет орқали керакли маълумотларни олиш ҳамда расмийлаштириш ва шу каби бир қанча қулайликларни яратмоқда.
√ «Товарларни электрон декларация қилиш» интерактив хизмати тадбиркорларга товар ва транспорт воситаларига оид ҳужжатлар ҳамда ҳисоботларни божхона органларига масофадан туриб электрон тақдим этиш ва расмийлаштириш имкониятини яратди. «Электрон декларациялаш» ахборот тизими орқали ТИФ қатнашчилари товарларни электрон декларациялашмоқда. Ушбу хизмат жорий қилинган 2014 йилнинг ўзидаёқ 98,7% божхона юк декларациялари электрон шаклда расмийлаштирилди. Бугунги кунда эса бу кўрсаткич 99,9%ни ташкил қилади. Мазкур хизмат йўлга қўйилиши натижасида шу давр мобайнида БЮДнинг қоғоз бланкалари учун сарфланиши мумкин бўлган салкам 4 млрд сўмлик маблағлар тадбиркорлар ихтиёрида қолди.
Шунингдек, БЮДга илова ҳужжатларини (инвойс, юкхат, контракт ва бошқалар) электрон шаклда тақдим этиш натижасида тадбиркорлар томонидан 210 тоннага яқин қоғоз иқтисод қилинди. Энг муҳими эса товарларнинг божхона расмийлаштируви учун сарфланган вақт 4,7 мартага қисқарган.
√ Яна бир оммалашган интерактив хизмат турларидан бири тадбиркорлик субъектлари ташқи савдо контрактлари бўйича маълумотларни Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали, электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими ёрдамида рўйхатдан ўтказиш ҳисобланади. Мазкур хизмат Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо операциялари мониторингини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (27.07.2014 йилдаги 199-сон) билан жорий қилинган бўлиб, унга биноан 2014 йил 1 сентябрдан бошлаб ташқи савдо шартномаларини ваколатли банклар томонидан рўйхатдан ўтказиш бекор қилинган бўлиб, тадбиркорлар томонидан ташқи савдо контрактлари бўйича маълумотларни электрон шаклда Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали банк ва божхона органларида рўйхатдан ўтказиш тизими амалиётга жорий этилди. Эндиликда тадбиркорларнинг шартнома ва бошқа тегишли ҳужжатларни божхона постига қоғоз кўринишида олиб келишларига ҳожат қолмади. 2017 йилнинг ўтган даврида шартномаларнинг 99,9 фоизи, яъни 228 мингдан ортиқ шартнома ва уларга қўшимча битимлар электрон шаклда рўйхатдан ўтказилган.
√ Шу ўринда яна бир янгилик. Жорий йилнинг март ойидан бошлаб ташқи савдо шартномаларини электрон шаклга ўтказиш учун мўлжалланган «E-KONTRAKT 2» дастурий таъминотининг янги версияси ишлаб чиқилди ва ишга туширилди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг аралашувини қисқартириш мақсадида ишга туширилган мазкур дастурий таъминотда шартномалар ижроси бўйича барча маълумотларни, шу жумладан банк томонидан киритилган маълумотлар ва БЮД бўйича маълумотларни божхонага мурожаат қилмасдан, тўғридан-тўғри интернет орқали олиш имконияти яратилди. Мазкур электрон хизмат тадбиркорлар томонидан яхши кутиб олинганига ундан 23 мингдан ортиқ тадбиркор фойдаланганлиги ҳам далил бўла олади.
√ «Божхона тўловлари бўйича солиштирув далолатномасини шакллантириш» интерактив хизмати ТИФ қатнашчиларига божхона тўловлари бўйича солиштирма далолатномаларни божхона органларига ташриф буюрмасдан он-лайн тарзда PDF форматида юклаб олиш имкониятини беради. Бу хизмат ТИФ қатнашчиларига қўшимча қулайликлар яратиб, 2015 йилда 8 мингдан ортиқ, 2016 йилда 16 мингдан ортиқ, жорий йилнинг биринчи ярмида эса 15 мингдан ортиқ тадбиркор божхона органлари эшигида навбат кутишдан қутулиб, далолатномаларни электрон тарзда олишга муваффақ бўлишди.
√ Автомобиль транспортида республикамизнинг божхона чегараси орқали ўтказиладиган товар ва транспорт воситаларини божхонада расмийлаштиришни янада такомиллаштириш ва расмийлаштирув вақтини қисқартириш, тегишли ахборотларнинг ишончлилигини ошириш мақсадида юк ташувчилар томонидан олдиндан маълумот тақдим этиш интерактив хизмати жорий этилган.
√ Маълумки, товарларни расмийлаштиришга кетадиган сарф-харажатлар кўпчиликни қизиқтирадиган масаладир. Шу туфайли божхона органларига қилинаётган мурожаатлар орасида бу мавзу доимо юқори ўринда турган. Жорий йилдан бошлаб ДБҚнинг расмий ишга туширилган «Божхона калькулятори» интерактив хизмати айнан фуқароларга енгиллик яратиш ва уларга расмийлаштирувга доир сарфланадиган маблағларни тахминий ҳисоблаб беришни таъминлаш мақсадида жорий этилган. Мазкур хизмат орқали ҳар бир фуқаро божхонада расмийлаштирилиши режалаштирилган товарнинг божхона ставкалари ва тўланиши лозим бўлган қиймат ҳақида интернет орқали маълумот олиши мумкин. Ушбу хизмат ишга туширилгандан бошлаб бугунги кунга қадар 2 300 дан ортиқ фойдаланувчи ўзига керакли маълумотга эга бўлди.
√ Жорий йилда амалга киритилган «Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш» ҳамда «Божхона брокерига тартиб рақамини бириктириш» интерактив хизматлари ҳам тадбиркорлик субъектларига янада қулайлик яратиш ва божхона расмийлаштируви жараёнларининг шаффофлигини таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Масалан, «Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш» интерактив хизматининг афзал томони шундаки, эндиликда божхона чегарасини кесиб ўтишни режалаштирган фуқаро олдиндан йўловчи божхона декларациясини тўлдириб, божхона органига тақдим этиши мумкин. Бу хизматдан фойдаланган шахслар божхона чегарасидан ўтишда декларацияни тўлдиришга кетадиган вақтни иқтисод қиладилар.
Режалар бисёр
«Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор (15.04.2014 йилдаги ПҚ-2164-сон) асосида товарларни декларациялаш жараёнида уларни махсус режимларга расмийлаштириш ҳамда хорижий автотранспорт воситасининг ҳаракатланиш йўналишларини ўзгартиришга рухсатнома олиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари порталида тегишли 7 турдаги рухсат этиш хусусиятига эга интерактив хизматлар орқали электрон тарзда мурожаат этиш тизими йўлга қўйилган.
Бундан ташқари, Ягона порталда жорий этилган Автомобиль ҳамда темир йўл транспортида етказилган юклар ҳақида маълумот олиш интерактив хизматлари ёрдамида тадбиркорлар он-лайн тарзда автотранспорт воситаси давлат рақамини ёки темир йўл вагонлари рақамини киритиш ёрдамида унинг қайси божхона пости орқали республикамиз ҳудудига кирганлиги ёки чиққанлиги, кириш ёки чиқиш санаси, қайси ТИФ постига етиб борганлиги, контейнер рақами, рўйхатга олган ҳамда рўйхатдан чиқарган божхона постлари бўйича маълумотларга эга бўлишлари мумкин.
Бугунги кунда божхона органлари интерактив хизматларининг рейтинги кўтарилиб, ундан фойдаланувчилар сони кескин ортиб бормоқда. Хусусан, Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги хизматлар рейтингида охирги 8 ой давомида ДБҚнинг 6 та интерактив хизмати биринчи 10 таликдан ўрин олган бўлиб, улардан 3 таси 1–3-ўринларни ва кейингилари 5–7-ўринларни эгаллаб турибди.
Тадбиркорлик субъектларига янада қулайликлар яратиш ва божхона расмийлаштируви жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича бир қатор лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда. Хусусан, 2017 йилнинг охирига қадар «Контракт маълумотлари», «Банк БЮД маълумотлари» ҳамда «Почта» интерактив хизматларини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар режалари белгиланган бўлиб, уларни Порталга интеграция қилиш режалаштирилган.
Шунингдек, келгусида божхона органлари томонидан тақдим этиладиган рухсат этувчи хусусиятдаги ҳужжатлар ва лицензияларни тақдим этиш хизматларини «Ягона дарча» марказларига ўтказиш бўйича вазифалар белгилаб олинган.
Нурбек САЛОМОВ.