Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 25-26 / Хўжалик юритиш амалиётидан

Воситачилик хизматлари: валютадаги тушумни сотиш хусусиятлари

 

Компаниямиз воситачилик шартномасига кўра ЎзР норезидентларига воситачилик хизматларини кўрсатади. Шартномага мувофиқ норезидент (комитент) воситачи компаниямизга қилинган харажатларнинг бутун суммасини қоплаш ва ҳақ тўлаш мажбуриятини зиммасига олган.

1. Воситачилик тусидаги (воситачилик, агентлик шартномалари, топшириқ шартномаси бўйича) хизматларни кўрсатишдан тушадиган валютадаги тушумни мажбурий сотиш тартиби қандай?

2. Қуйидагилардан қайси бири бундай шартномалар бўйича олдиндан тўлов ҳисобланади: харажатларни қоплаш суммаси қўшув ҳақ суммасими ёки фақат кўрсатилган хизматлар учун ҳақ суммасими?

О.Л.

 

– Хорижий валютадаги тушумнинг бир қисмини қонун ҳужжатларида кўрсатилган хўжалик юритувчи субъектлар мажбурий тартибда сотадилар. Улар буни Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотиш тартибига (ВМнинг 29.06.2000 йилдаги 245-сон қарорига 1-илова) мувофиқ амалга оширадилар. Воситачилик хизматларини кўрсатувчи корхоналарда валютадаги тушумнинг бир қисмини сотиш чоғида юзага келадиган айрим низоли саволларни кўриб чиқамиз.

 

1-савол. Қуйидагилардан қайси бири мажбурий тартибда сотилиши керак: фақат воситачилик ҳақими ёки харажатларни қоплаш қўшув воситачининг фоизларими?

245-сон Тартибга мувофиқ, валютадаги тушумнинг бир қисми мажбурий сотилиши керак. Баъзан банклар уни воситачининг счётига келиб тушган валютанинг бутун суммаси деб қабул қиладилар. Воситачилик хизматларини кўрсатувчи ташкилотлардаги тушум келиб тушган валюта билан айнан бир нарса эмас. Бундай тушум деганда бажарилган битишувлар бўйича олинган воситачилик ҳақи (фоизлар) миқдори тушунилади (245-сон Тартибнинг 2-банди «а» кичик банди).

Комитент воситачилик ҳақини тўлашдан ташқари, воситачилик топшириғини бажариш юзасидан воситачи сарфлаган суммаларни ҳам унга тўлаши шарт (ФКнинг 833, 842-моддалари). Воситачилик (топшириқ) шартномаси бўйича хизматларни бажариш чоғида хорижий валютада олинган қоплаш суммалари даромад (тушум) ҳисобланмайди. Бинобарин, қоплаш суммасидан тушган валюта сотилмайди.

Бунда топшириқни бажариш юзасидан воситачи қилган барча харажатлар ҳужжатлар билан тасдиқланади. Қоплаш суммасига ҳам ҳисобварақ-фактура қўйилади.

Саволлар юзага келмаслиги ва амалга оширилаётган валюта операцияларини мониторинг қилаётган банк билан муаммолар юзага келмаслиги учун ҳақ суммасини ва қоплаш суммасини тўловда ажратишни тавсия этамиз.

 

2-савол. Агар кўрсатилган хизматлар учун қопланадиган харажатлар тахмин қилинганидан кам бўлса, валютадаги тушумнинг қандай суммаси сотилиши керак бўлади?

 

Вазият. Экспорт контракти (воситачилик шартномаси) шартларига кўра комитент воситачилик топшириғини бажариш юзасидан олдиндан ҳисобланган харажатларни 100% миқдорида – 1 000 ш.б. воситачига қоплади. Воситачи воситачилик топшириғини фойдалироқ шартларда бажаришга эришди. 1 000 ш.б. ўрнига 800 ш.б. сарфланди. Контракт шартларига кўра воситачилик ҳақи – 100 ш.б. Контрактда воситачи битимни фойдалироқ шартларда бажарган тақдирда ҳеч қандай қўшимча шартлар назарда тутилмаган.

 

Агар воситачи битимни шартномада белгиланганидан ҳам фойдалироқ шартлар асосида тузган бўлса, қўшимча фойда, башарти шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тарафлар ўртасида баравар тақсимланади (ФКнинг 834-моддаси). Қўшимча фойда воситачи учун ҳақ (даромад) ҳисобланади, ундан тушган валютани мажбурий сотиш зарур. Шу тариқа, экспортчи (воситачи), агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, юзага келадиган қўшимча фойданинг атиги бир қисмини олишга ҳақли. Ундан мажбурий сотишни амалга ошириш лозим.

Келтирилган вазиятда валютаси сотилиши зарур бўлган воситачининг ҳақи суммаси 200 ш.б.га тенг ((1 000 – 800) / 2 + 100).

Буни банкда қандай исботлаш мумкин? Бунинг учун қуйидагиларни амалга ошириш зарур:

► воситачи сарфлаган 800 ш.б. миқдоридаги барча харажатларни ҳужжатлар билан тасдиқлаш;

► 200 ш.б. (100 ш.б. воситачилик ҳақи + 100 ш.б. қўшимча фойда) суммасида кўрсатилган хизматлар учун комитент имзолаган ҳисобварақ-фактурани тақдим этиш;

► солиштириш далолатномасига кўра комитентга 100 ш.б.ни қайтариш.

 

ФК 832-моддаси. Воситачилик шартномаси.

Воситачилик шартномаси бўйича бир тараф (воситачи) иккинчи тарафнинг (комитент) топшириғи бўйича ўз номидан, бироқ комитент ҳисобидан бир ёки бир неча битимни ҳақ эвазига тузиш мажбуриятини олади.

 

3-савол. Агар воситачилик топшириғини бажариш юзасидан харажатлар хорижий валютада эмас, миллий валютада тўланган бўлса, қоплаш суммасидан валютани сотиш зарурми?

Кўпинча воситачи корхонанинг воситачилик топшириғини бажариш юзасидан харажатлари (яъни қопланадиган харажатлар) хорижий валютада эмас, миллий валютада амалга оширилади. Воситачилик хизматлари экспортчиси ЎзР резиденти бўлганлиги сабабли ҳам шундай қилинади.

Бундай вазиятда банклар харажат валютада қилинган бўлсагина, шу кўринишда қопланиши керак деб ҳисоблашлари мумкин. Шу сабабли воситачи сўмда харажат қилган бўлса, у ҳисоб-китоб рақамига олинган хорижий валютадаги бутун суммадан мажбурий сотишни амалга ошириши керак.

Бундай ёндашув қуйидаги сабабларга кўра ҳуқуққа зиддир:

1) 245-сон Тартибда ҳам, бошқа бирон-бир ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам воситачилик топшириғини бажариш чоғида хорижий валютани мажбурий сарфлаш талаби мавжуд эмас;

2) бунинг устига, воситачи-резидент резидентларнинг хизматлари ҳақини хорижий валютада тўлашга ҳақли ҳам эмас. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча ҳисоб-китоблар ва тўловлар миллий валютада амалга оширилади, «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

3) воситачи қопланадиган харажатларни миллий валютада тўлаганлиги сабабли хорижий валютадаги қоплаш суммаси воситачининг тушумига, унинг даромадига айланмайди.

Комитент тўлайдиган қоплаш суммаси қилинган харажатларга тенг бўлиши керак. Буни исботлаш учун ҳисобварақ-фактуралар билан тасдиқланган, сўмда кўрсатилган хизматлар қийматини ҳужжатлар имзоланган (хизматлар олинган, товарлар харид қилинган) кундаги ЎзР МБ курси бўйича хорижий валютага қайта ҳисоблаш зарур.

Комитент тасдиқлаган ҳисобварақ-фактура валютаси сотиладиган, олинган тушум миқдорини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади. Агар воситачилик топшириғини бажариш юзасидан харажатлар олинган қоплам суммасидан кам бўлиб чиқса, қўшимча фойда ҳам воситачининг ҳисобварақ-фактурасида ҳақ сифатида акс эттирилади.

 

Хулоса: воситачилик топшириғини бажариш юзасидан харажатлар хорижий валютада эмас, миллий валютада тўланганда қоплам суммасидан валютани мажбурий сотиш талаби ҳуқуққа зид.

 

 

4-савол. Қуйидагилардан қайси бири аванс тўлови суммаси ҳисобланади: ҳақ суммасими ёки қоплам суммаси қўшув ҳақ суммасими?

 

Олдиндан тўланган тўлов (аванслар) корхоналарнинг транзит валюта ҳисобрақамига тушганда ушбу маблағлар экспорт қилувчиларнинг буюртманомалари бўйича кейинчалик экспорт ҳақиқатда амалга оширилгандан кейин мажбурий сотилган ҳолда валюта ҳисобрақамларига ўтказилиши мумкин (245-сон Тартибнинг 7-банди).

Агар комитент аванс тўлови – 100% олдиндан тўлов ва воситачилик ҳақини тўласа ҳамда бўлғуси харажатларни қопласа, ушбу қоида қандай қўлланишини кўриб чиқамиз. Бу ҳолда келиб тушган бутун сумма воситачининг буюртманомаси бўйича валютадаги ҳисоб-китоб счётига ўтказилиши лозим. Экспорт контракти бажарилганидан ва воситачи ҳақ олиш учун қўйган ҳисобварақ-фактура имзоланганидан кейингина у валютани мажбурий сотиши керак.

 

Сўзимиз якунида шуни қайд этиб ўтамиз: агар воситачилик (топшириқ) шартномасига кўра хорижий валюта олувчи корхона 245-сон Тартибнинг ­3-бандига мувофиқ мажбурий сотишдан озод қилинган бўлса, ушбу имтиёз воситачилик шартномаси бўйича тушумга нисбатан ҳам қўлланади.

Бундай корхоналарга қуйидагилар киришини эслатиб ўтамиз:

а) халқ истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган, устав фондида хорижий сармоя улуши 50%дан ортиқ бўлган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар (рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб 5 йил муддатга озод қилинади). Агар ушбу товарларни ўзининг ишлаб чиқариши улуши хўжалик фаолиятидан олинган тушум умумий миқдорининг 60%идан ортиқни ташкил этса, халқ истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар деб ҳисобланади;

б) микрофирмалар ва кичик корхоналар ўзлари ишлаб чиқарган товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт қилишдан тушадиган валюта тушуми, товарлар экспортини ­245-сон Тартибга 1-иловага мувофиқ рўйхат бўйича амалга оширадиган корхоналар бундан мустасно.

Хизматларни воситачи (вакил) ўз кучи билан бажариши воситачилик ва топшириқ шартномаларининг мазмунидан келиб чиқади ҳамда ФКнинг 817 ва 832-моддаларида мустаҳкамланган.

Гўзал ИСЛОМОВА,

«Business Solutions» ХК директори,

Надежда ГУШЧИНА,

эксперт.

 

ФК 817-моддаси. Топшириқ шартномаси.

Топшириқ шартномаси бўйича бир тараф (вакил) иккинчи тараф (топшириқ берувчи)нинг номидан ва унинг ҳисобидан муайян юридик ҳаракатларни содир этиш мажбуриятини олади.

Прочитано: 1783 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика