Агар хизматларни кўрсатиш жойи туманларнинг белгиланган рўйхатига кирса, фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ишловчи жисмоний шахсларга ҳудудий (туман) коэффициенти ҳисобланадими?
Ж.Латипов,
ННТ бош бухгалтерининг ўринбосари.
– Йўқ, фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги (ФҲТ) шартномалар бўйича ишловчи жисмоний шахслар учун баланд тоғли, чўл ва сувсиз туманларда ишлаганлик учун белгиланган коэффициентлар бўйича тўловлар назарда тутилмаган.
Юқоридаги коэффициентларни белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда улар корхоналар ходимларининг иш ҳақига қўлланиши назарда тутилган.
Меҳнат кодексига кўра табиий-иқлим ва турмуш шароитлари ноқулай бўлган жойларда меҳнат ҳақига район коэффициентлари ва устамалар белгиланади.
Солиқ кодексида табиий-иқлим шароитлари ноқулай бўлган жойлардаги ишлар билан боғлиқ қўшимча тўловлар иш берувчилар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахсларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларига киритиладиган компенсация тўловлари таркибида назарда тутилган (Солиқ кодексининг 174-моддаси 1-банди).
ФҲТ шартнома бўйича муносабатлар Меҳнат кодекси билан эмас, балки Фуқаролик кодекси билан тартибга солинади. Бундай шартномалар бўйича ишловчи шахслар ишни (хизматни) бажарганлик учун хўжалик шартномасида қайд этилган ҳақни (шартномавий суммани) оладилар. Бунда унинг миқдори тарафларнинг келишувига кўра белгиланади (ФКнинг 356-моддаси). Корхона ҳақ миқдорини белгилашда туман коэффициентларини ҳисобга олган ҳолда соҳадаги ўрта ҳисобдаги иш ҳақини мўлжал қилиб олиши мумкин. Бироқ ФҲТ шартномада туман коэффициенти бўйича тўлов алоҳида ажратиб кўрсатилмайди.
Тегишинча, ФҲТ шартномага кўра ҳақдан туман коэффициентлари бўйича қўшимча тўловлар учун назарда тутилганидек энг кам ставкада эмас, балки шкала бўйича ЖШДС ушлаб қолинади.
Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, ФҲТ шартномаларга асосан ишловчи шахслар учун туман коэффициентлари бўйича қўшимча тўловлар қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган. Агар шартномада бундай тўлов кўрсатилган бўлса, у ҳақнинг бир қисми ҳисобланади ва унга умумбелгиланган шкалада ЖШДС солинади.
Анжелика НАМ,
«Norma Online» эксперти.