Norma.uz

Келажак энергияси

 

Олдиндаги 3 ой мобайнида Қозоғистон пойтахти келажак энергияси соҳасида жаҳон эътиборининг диққат марказида бўлади. 9 июнь куни бу ерда «EXPO2017» халқаро ихтисослаштирилган кўргазмаси очилди, унда энергияни тежаш соҳасида дунёнинг энг яхши ишланмалари ҳамда энергиянинг муқобил манбаларидан фойдаланиш бўйича янги технологиялар намойиш этилмоқда.

Бундай кўргазма МДҲ мамлакатлари ҳудудида, Марказий Осиё давлатларидан бирида ИЛК БОР ўтказилмоқда. Бу форматдаги тадбирнинг очилиш маросимида ИЛК БОР юқори даражадаги меҳмонларнинг салмоқли гуруҳи – 20 дан ортиқ давлат ва ҳукумат раҳбарлари, нуфузли халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди.

 

Уни очиш маросимида сўзга чиқиб, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев таъкидладики, бундай миқёсдаги кўргазмалар нафақат бир давлатнинг саъй-ҳаракати, Остонада ўз ютуқларини тақдим этаётган халқаро ҳамжамиятнинг меҳнатидир. Бир ярим аср мобайнида, Лондонда ўтказилган биринчи жаҳон кўргазмасидан кейин, инсоният улкан технологик ўзгартиришларнинг гувоҳи бўлди. Бугунги кунда у самарадор ва хавфсиз энергия соҳасида янги ихтиролар бўсағасида турибди. Қозоғистон Республикаси раҳбари «EXPO– 2017» ушбу глобал жараёнга ўзининг ноёб ҳиссасини қўшади деб ишонч билдирди.

Остона кўргазмаси мавзуси қайта тикланадиган энергия манбалари (ҚТЭМ) соҳасидаги жаҳон етакчиларининг ҳам, ўзларининг энергетик мустақилликларини яшил технологиялар билан боғлаётганларнинг ҳам эътиборини ўзига жалб этди. Дунёда энергиянинг анъанавий, қазиб олинадиган манбаларига нархларнинг тушиб кетиши билан боғлиқ иқтисодий бўҳрон юз бермоқда. Шу боис ҚТЭМдан фойдаланишга борган сари кўп эътибор қаратилмоқда. «EXPO–2017» лойиҳаси ҳам мамлакатларнинг ушбу соҳадаги ютуқларини намойиш этиш учун жуда яхши майдонча, шунингдек уни янада ривожлантириш учун қудратли туртки ҳисобланади.

 

Биринчи қўлдан ахборот

Ўтказилган матбуот анжуманида «НК «Астана EXPO 2017» АЖ бошқаруви раиси Аҳметжон Есимовнинг маълум қилишича, кўргазмада 115 мамлакат, 22 халқаро ташкилот (БМТ, ШҲТ, ЭСКАТО, ИҲТТ,ЮНИДО, ЮНЕСКО, МАГАТЭ, Жаҳон банки ва бошқалар) иштирок этмоқда. Аввал бошдан 100 мамлакатнинг иштирок этиши кутилган эди, бироқ «EXPO–2017» иштирокчи мамлакатлар миқдори бўйича кўргазмаларнинг бутун тарихида энг йирикларидан бирига айлана олди.

Жами «EXPO–2017»да ОАВнинг қарийб 1 200 вакили, шу жумладан махсус матбуот турларида иштирок этадиган, яқин ва олис хориж мамлакатларидан 120 дан зиёд журналист аккредитация қилинган. Улар ҳузурида «НК «Астана EXPO 2017» департаментларининг раҳбарлари сўзга чиқдилар, улар матбуотни қизиқтирадиган барча саволларга жавоб бердилар.

 

Ўзбекистон: келажак лойиҳалари

Миллий павильон экспозицияси билан танишиш ғоятда қизиқарли бўлди. Илғор Futurum-технологияда руҳида замонавий мухтасар ранглар ва ўзига хос геометрик шаклларнинг концептуал ечими, безатиш – «EXPO–2017»нинг мақсадларидан эди.

Ўзбекистоннинг Халқаро ихтисослаштирилган кўргазмада иштирок этиши тўғрисидаги шартнома Тошкентда жорий йилнинг 13 февралида имзоланган эди. Яъни унга тайёрланиш учун қарийб 4 ой вақт бор эди. Ана шу ғоятда қисқа даврда улкан ишлар бажарилди...

Икки ярим кун ичида йигирмага яқин миллий павильонни кўриб чиқишга муваффақ бўлдик. Бизнинг Миллий кўргазма майдончамиз улардан қолишмайди, айрим жиҳатларида ҳатто уларнинг баъзиларидан устунроқ ҳам.

Умумий майдони 1 354 кв.метр бўлган 2 қаватда жойлашган. Биринчи қаватда (630 кв.метр), павильоннинг асосий қисмида илм билан шуғулланадиган ёшлар ва талабалар тақдим этган келажак технологиялари намойиш этиляпти. Асосий девор томонларида иккита ахборот интерфаол экранлар жойлаштирилган, уларда энергиянинг муқобил манбаларидан фойдаланиш бўйича инновация ишланмалари тўғрисидаги видеороликлар трансляция қилинади.

Ўзбекистонда қуёш энергиясининг салоҳияти 51 млн нефть эквивалентини (т.н.э.) ташкил этади. Шамол энергияси 360 млн т.н.э.га тенг. 11 млн гектардан кўпроқ ер майдонидан фойдаланиш имконияти мавжуд. Гидроэнергетиканинг захираси 1,8 млн т.н.э. Ҳозирги вақтда 7 млрд кВт/соатдан кўп энергия ишлаб чиқариляпти.

Буларнинг ҳаммаси – 100 фоиз соф энергия. 2030 йилга келиб ундан кенг миқёсда фойдаланиш, шу жумладан дераза ойналари ичига қурилган қуёш панелларидан фойдаланиш режалаштириляпти.

Ўзбекистонда қуёш энергиясининг захираси 50 973 млн т.н.э. деб баҳоланяпти, бу эса республикада ҳозирги вақтда тадқиқ қилинган ҚТЭМларининг 99,7%ини ташкил этади. Ушбу далил иқтисодиётнинг барча тармоқларида, шу жумладан автомобилсозликда қуёш энергиясидан фойдаланишнинг долзарблигидан далолат беради.

 

Инновацион ечимлар

Томига аккумулятор батареялари ва электромоторлардан ток оладиган қуёш панеллари ўрнатилган электромобилнинг концептуал модели ушбу масалани ҳал этишга ёрқин мисолдир. Томдаги қурилма – автомобилни турган вақтида зарядлайдиган қуёш станциядир. Қуёш энергиясидан фойдаланиш углеводород хом ашёсини қазиб олишни 30%гача қисқартириш имконини беради ва энг муҳими – экологик муаммони ҳал этиб, атмосферанинг ифлосланиш даражасини пасайтиради. Ушбу модель тест синовида ўзининг юқори самарадорлигини исботлаб берди.

Бугунги кунда мамлакатда кичик гидроэнергетика ривожланмоқда, унинг салоҳияти 88,5 мВт ни ташкил этади. Шу боис кўргазмада гидролиз қурилма ёрдамида ишлайдиган иккинчи машина намойиш этилди. У машҳур «Матиз» русумидаги автомобиль мисолида бажарилган. У – ўзбек муҳандисларининг ички ёнув двигатели учун водороддан фойдаланиш бўйича концепцияси. Алалхусус, дунё компаниялари 10 йилдан кўп вақтдан буён уни ёқилғининг муқобил тури сифатида қўллаш устида иш олиб боряптилар.

Автомобиль тест модели ҳисобланади ва ўз аналогларидан хавфсизлиги билан ажралиб туради, чунки унда водород сақланадиган бак мавжуд эмас. Водород ҳаракатланиш вақтида тоза сувдан ишлаб чиқарилади, генератор водород ва кислородни ажратади. Автомобиль экология талабларига жавоб бериши билан қимматли, зеро атмосферага заҳарловчи моддаларни чиқариш 80%га қадар камайтирилган. Бунда газ чиқариш тизимидан сув ажралиб чиқади. Ёқилғидан фойдаланиш 40%га қисқаради.

Павильонда эксперимент платформа – картинг ҳам намойиш этилди, унда аккумулятор батареялари, кучланиш электромоторлари ва транспорт воситасининг электрон тизимлари ўзаро таъсиринниг турли вариантлари синаб кўрилади. Автомобилнинг ҳар бир тури учун индивидуал вариант ишлаб чиқилади. Умумий концепция шакллантирилгандан кейин унинг асосида спецификациясига мувофиқ равишда транспортнинг оригинал лойиҳаси барпо этилади. Мисол учун, юк ёки йўловчиларни ташиш учун мўлжалланган транспорт лойиҳаси.

Картинг кўринишидаги модель техник тавсифларни ўлчаш учун керак, чунки унинг энг юқори тезлиги соатига 110 км гача, юриш захираси  30 км, тезлигини 6 сония ичида 100 км гача ошириш мумкин.

Соф энергиядан фойдаланиш инновацияларнинг устувор йўналиши, уни қўллаш ёқилғи истеъмолини 50%гача камайтириш, атмосферага зарарли чиқиндилар чиқаришни 80%гача қисқартириш имконини беради. 2030 йилга бориб 48,5% автомобилларни энергиянинг муқобил манбаларига ўтказиш режалаштириляпти.

Яна 2 инновация лойиҳаси амалий қизиқиш уйғотади. Биринчиси – эко-завод макети. Унинг томига қуёш энергияси олиш имконини берадиган қуёш панеллари ўрнатилади, бу билан саноат корхонасининг фаолияти тўлиқ таъминланади. Иккинчиси энергияни махсус турбинали тегирмонлар ҳисобига оладиган эко-ферма макети. Тегирмон периметри бўйлаб лотоклар ўрнатилади, улардан ёмғир суви ҳаракатланади ва махсус резервуарга тўпланади. Сув, кейинчалик қишлоқ хўжалиги объектида, шу жумладан ичимлик суви сифатида қўллаш учун махсус фильтрлар ёрдамида тозаланади. Фермада тухум омборлари, чиқиндиларни қайта ишлаш тизимлари, шунингдек силос омборларининг бўлиши мўлжалланган.

Ўзбекистоннинг экспонатларидан бири сифатида AR 2025 смартфони – механик соат қоидасига кўра ўзи зарядланадиган механик телефон прототипи намойиш этиляпти. У сув ўтказмайдиган корпусда бўлиб, таъминот манбаига эга эмас, олиб юрувчининг ҳаракатидан энергия олади. Смартфоннинг 2030 йилда ишлаб чиқарилиши режалаштириляпти.

Қуёш батареясига уланган икки қаватли автоном эко-капсула ҳам қизиқиш уйғотади. Ушбу экспонатни ишлаб чиқарувчилар келажак уйи деб атайдилар. Оғирлиги 300 кг бўлган капсула 1 кишига мўлжалланган ва совутиш, иситиш, ёнғинни ўчириш тизимлари ҳамда телевизор кўриш, мусиқа тинглаш ва ўқиш имконини берадиган рақамли технологиялар билан жиҳозланган. Ишланма янгилик эмас, бироқ аналогларидан арзонлиги билан ажралиб туради – қиймати $2 000 атрофида. Капсуланинг қулайлиги қўллашдаги кенгликдан иборат. Хусусан, ундан бориш қийин бўлган, олис жойларда фойдаланиш мумкин. Шунингдек тегишли инфратузилмаси бўлмаган жойларда, масалан, илмий станцияларда, бепоён чўллар ёки аэропортларда.

Миллий павильонда техника соҳасида ишлаётган ёш мутахассисларнинг сўнгги инновация ишланмалари ҳам намойиш этиляпти.

Чунончи, водородли пайвандлаш аппаратининг лойиҳасини олсак. Муаллифларининг айтишича, у пайвандлаш, қирқиш ва кавшарлашда самарадорлик ва тежамкорлик кўп даражада бўлишини таъминлайди. Бунда ацетилен ўрнига водороддан фойдаланилади, у эса электролитик тарзда водород ва кислородга парчалаш йўли билан дистилланган сувдан олинади. 5 иш кунида материалларнинг қиймати дунёдаги бошқа аналогларга қараганда 5 марта арзонга тушади.

Яна бир қурилма «бионик қўл» – масофадан бошқариладиган қўл-робот деб аталади. У росмана ташқи кўринишга эга. Юқори сифатли PLR пластиги, инфрақизил липмоушен камераси (ҳаракатларни аниқлаш қурилмаси). У кимё саноати, радиоактив зоналарда қўлланади. Бошқаришнинг оддий ва табиий тизимига эга. Яратувчиларнинг айтишича, у инсон қўли ҳаракатларини аниқ такрорлайди.

Бундан ташқари, кўргазма ва музейларда экскурсиялар ўтказа оладиган робот-гид намойиш этилди. Унинг вазифаси – экспонатлар тўғрисида мультимедия ахборот бериш. Робот ташриф буюрувчилар режалаштирган ёки шакллантирган йўналиш бўйлаб экспонатлар орасидан ўтиши мумкин.

Намойиш этилган бошқа роботлар талабалар ёки ўқитувчилар томонидан Турин университети лабораториясида ишлаб чиқарилган. «Technorobot» металл пластик робот-конструктори ёшлар ўртасида ихтирочиликни тарғиб қилиш учун амалий дастак ҳисобланади. Бир нечта lego-конструкторлар – ўйин шаклида турли функцияларни бажарувчи роботлардир.

Кўргазма меҳмонларидан бири – Атироуда яшовчи катта оила соҳиби Берик Ерғалиев шундай дейди: «Бунгача 3 павильонни кўздан кечирдим, уларда бундай кўргазмали экспонатлар мавжуд эмас, ҳаммаси 3D-форматда. Ўзбекистон кўргазмаси эса менга ёқди, у ҳаммага – катталарга ҳам, болаларга ҳам қизиқарли. Ахборот янгиликларини унча ёқтирмайдиган катта авлодга ҳаммасини кўриш ва ушлаб кўриш осонроқ. Каттароқ болалар дисплейдан ёки планшетдан ўқишни хуш кўрадилар. Кичкинтойларни келажак машиналари – роботлар билан ўйнаш завқлантиради».

 

Меҳмонлар учун мўлжалланган

Ўзбекистон павильонининг иккинчи қисми меҳмонлар учун мўлжалланган (724 кв.м). Бу ерда меҳмонлар батамом миллий муҳитга кириб кетишлари, меҳмондўст мамлакатимиз руҳини ҳис қилишлари мумкин. У ғоятда мухтасар ва тушунарли тарзда Ўзбекистон заминининг бетакрор ранглари ва об-ҳавосини намоён этади. Олис, бироқ айни вақтда руҳан жуда яқин ўлкага осонгина етказади.

Павильоннинг гастрономия қисми учун масъул, Тошкентдаги «Наврўз» ресторанининг директор ўринбосари миллий қаҳвахонани безатиш ишлари якунланаётганлигини маълум қилди. Таомлар ғоятда хилма-хил. Табиийки, албатта палов, сомса, манти тайёрланади, чой учун шарқ ширинликлари тўплаб қўйилади. Павильонга кириш жойидаги айвонларда чойхўрлик қилиш ва ўзбек хонадонининг нафосатини ҳис этиш мумкин бўлади. Айни вақтда ҳунармандлар ишлари экспозициясидан завқ олиш мумкин. Зеро мамлакат кўргазмаси нафақат келажакнинг илғор нанотехнологияларини кўрсатиши, балки амалий санъатнинг турли жабҳаларида камолотга эришган ўзбек миллий маданияти билан таништириши ҳам мумкин.

Ўзбек амалий-безак санъати азалдан машҳурдир. Ҳаётни васф этувчи қудратга эга кўп қиррали ва нафис бу санъатда нафақат халқ усталарининг истеъдод ва ғайрати, балки нафис, кўп йиллик шаклланган теран дид ҳам акс этган. Меҳмонлар кўз ўнгида жимжимадор ёғоч буюмлар – ўймакор ёғоч қутилар, кўп позицияли лавҳлар намоён этилган. Бу ерда кулолчилик маҳсулотлари ҳам мавжуд. Шакли хилма-хил лаганлардаги феруза ва ҳаво ранг нақшлар кўзни қувонтиради. Каштачиликка ҳам кенг ўрин берилган, бинобарин, Ўзбекистонда кашта, палаклар азалдан уйнинг асосий безаги бўлиб келган. Истисносиз барча аёллар кашта тикишни билганлар, улар нақшларнинг сеҳрли таъсир кучига ишонганлар.

Совпластиталнинг рангли шиша, чинни ва керамикадан ясалган бежирим маҳсулотлари ҳам эътиборни ўзига тортади. Доналаб ясалган, сувенир маҳсулотлар олдида одам беихтиёр тўхтаб қолади. Томчи усулида бажарилган шиша дурдоналари нафосат мухлисларини ўзига мудом жалб этиб келади.

 

Туристик маршрутни танлаб беришади

Ранг-баранг стендлар – Ўзбекистондаги йирик компанияларнинг ташриф қоғозларидир. Алоҳида жойлашган «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ва «Ўзбекистон темир йўллари» миллий компанияларининг биргаликдаги ёрқин экспозициясида тақдим этиладиган хизматларнинг барча турлари тўғрисида батафсил билиб олиш мумкин. Юк билан йўловчиларни ташиш бобида, албатта.

«Ўзбектуризм» ҳам чет эллик сайёҳга кўп нарсани таклиф эта олади. Маҳаллий сервис Ўзбекистонга ташрифни, у хоҳ хизмат сафари, хоҳ саёҳат ёки гастрономик тур бўлсин, шинам ва эсда қоладиган қила олади. Остонадан Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари бўйлаб сайёҳлик йўналишларининг бюджет пакетлари ишлаб чиқилган. Олисдан келган меҳмонлар нафақат Қозоғистонга келишнинг, балки мамлакатимизда бўлишнинг ҳам қулай имкониятидан фойдаланишлари мумкин.

Ўзбекистон павильонини қуёшли заминимиз ҳадяларисиз тасаввур қилмай бўлмайди. Бу ерда – сабзавот ва ҳўл мевалар мўл-кўл. Уларнинг шарбатлари, қуруқ мевалар, миллий ширинликларни миллий павильон меҳмонлари татиб кўришлари мумкин.

 

Кўргазмага ўзбекистонликларнинг ҳам қизиқиши юқори даражада – ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалар шундан дарак беради.

 

Гулнора АБДУНАЗАРОВА,

махсус мухбиримиз.

Прочитано: 2606 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика