Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 24 / Минтақавий ҳамкорлик

Катта имкониятлар ҳудуди

 

Давлат рақобат қўмитаси USAID, GIZ ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этган таништирув тури доирасида «Мева-сабзавот маҳсулоти экспортини кенгайтириш ва рақобатни кучайтириш» халқаро бизнес анжумани иштирокчилари «Ургут» ЭИЗга ташриф буюрдилар. Мамлакатдаги энг йирик ишлаб чиқариш-техника мажмуаларидан бирида бўлиб, махсус мухбиримиз мазкур эркин иқтисодий зона қандай фаолият кўрсатаётганлиги билан батафсил танишди.

 

ЭИЗ Президентнинг жорий йил 12 январдаги «Ургут», «Ғиждувон», «Қўқон» ва «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида»ги Фармонига асосан барпо этилган. У ўз ичига Самарқанд вилоятининг Ургут, Нуробод ва Пастдарғом туманларидаги 3 ҳудудни олади. Унга жами 816 гектар майдон ажратилган, ҳудудлар зарурий муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминланмоқда.

Бу ерда 2017–2018 йилларда 83 лойиҳани амалга ошириш мўлжалланган, уларнинг 20 таси жорий йилдаёқ якунланади. Улар тижорат банклари кредитлари ва муассисларнинг маблағлари ҳисобига молиялаштирилади (250 млн АҚШ доллари). Натижада 5,5 минг янги иш ўрнини яратиш режалаштирилган. Ушбу рақамларни «Ургут» ЭИЗ дирекциясининг бош мутахассиси Ғайрат Абдураҳмонов келтирди.

ЭИЗ ташкил этишдан асосий мақсад – мамлакатни ривожлантиришнинг стратегик вазифалари: ташқи иқтисодий савдо, умумиқтисодий, ижтимоий, минтақавий ва илмий-техник вазифаларини ҳал этиш. Бу ерда ташқи бозорларда талаб катта бўлган, юқори қўшилган қийматли рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлайдиган, минерал-хом ашё ва қишлоқ хўжалиги ресурсларини чуқур қайта ишлаш бўйича замонавий ишлаб чиқаришларни барпо этишга хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратилган.

Қулай ерда жойлашганлиги, республиканинг йирик шаҳарлари ва қўшни давлатларнинг сотиш бозорларига яқинлиги «Ургут» эркин иқтисодий зонасининг афзал жиҳатидир. Шунингдек минтақада минерал-хом ашё ва қишлоқ хўжалиги ресурслари, кадр ва тадбиркорлик салоҳиятининг мавжудлиги ҳам унинг жозибадорлигини оширади.

 

Алоҳида режимлар, имтиёз ва преференциялар

ЭИЗ – минтақада ўзга ҳудудга нисбатан алоҳида юридик мақомга ва миллий ҳамда хорижий тадбиркорлар учун имтиёзли иқтисодий шарт-шароитларга эга бўлган чекланган ҳудуд. Шу сабабли унинг асосий хусусияти резидентлар учун беқиёс имтиёз ва преференцияларга эга эканлиги билан белгиланади. Бу алоҳида солиқ, божхона ва валюта режимлари бор деганидир.

Президентнинг 2016 йил 26 октябрдаги «Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига биноан резидентлар ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкидан олинадиган солиқ, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ЯСТ, шунингдек Республика йўл жамғармаси ҳамда бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод этилади.

Шунингдек улар ЭИЗнинг бутун фаолият даврида (кейинчалик уни узайтириш имконияти билан 30 йилни ташкил этади) экспортга йўналтириладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун олиб келинадиган хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмларга божхона тўловларини тўлашдан (божхонада расмийлаштириш йиғимларидан ташқари) озод этиладилар. Бунда резидентлар зона доирасида республика резиденти ҳисобланган бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг товар ва хизматлари учун ҳам хорижий валютада ҳисоб-китоблар ва тўловларни амалга ошириш, шунингдек экспорт ва импорт чоғида қулай шартлар, тўлов шакллари ва ҳисоб-китоблардан фойдаланиш ҳуқуқига эгалар.

Ўзнинг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун четдан келтириладиган хом ашё ҳамда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ва лойиҳаларни амалга ошириш доирасида Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича четдан келтириладиган қурилиш материалларига божхона имтиёзлари ҳам мавжуд.

 

Маълумот учун. Имтиёзлар киритилган инвестициялар ҳажмига боғлиқ равишда тақдим этилади. Чунончи, 300 мингдан 3 млн АҚШ долларигача маблағ қўйилганда иштирокчи солиқ ва йиғимларни тўлашдан 3 йилга, 3 млн дан 5 млн АҚШ долларигача бўлганда – 5 йилга, 5 млн дан 10 млн АҚШ долларигача бўлганда – 7 йилга озод этилади. Агар у 10 млн АҚШ долларидан кўп маблағни инвестицияласа, солиқ ва йиғимларни тўлашдан 10 йилга озод этилади ва ундан кейинги 5 йил давомида фойда солиғи ва ягона солиқ тўлови ставкаларини амалдагисидан 50 фоиз кам миқдорда қўллайди.

Имтиёзлар фақат ЭИЗ иштирокчисининг инвестор ва ЭИЗ дирекцияси ўртасида тузилган Эркин иқтисодий зона ҳудудида инвестициялаш тўғрисидаги шартномада назарда тутилган фаолият турига татбиқ этилади.

 

Божхона ва солиқ имтиёзларини қўллаш муддати ЭИЗ иштирокчисига бериладиган гувоҳнома олинган кундан эътиборан бошланади. У инвестициялар ҳажмини имтиёзларнинг амал қилишини янада кўпроқ муддатга узайтириш ҳуқуқини берадиган ҳажмгача кўпайтирганда инвестициялар ушбу муддат тугашига қадар узайтирилади. Божхона имтиёзлари узоқроқ муддатли имтиёзлар ҳуқуқини берувчи миқдордаги инвестициялар киритилган кундан бошлаб, солиқ имтиёзлари эса узоқроқ муддатли имтиёзлар ҳуқуқи юзага келган ойдан кейинги ойнинг ­1-кунидан бошлаб қўлланади (Низом, ВМнинг 10.04.2017 йилдаги 196-сон қарорига 3-илова).

Имтиёз ва преференциялардан ташқари, инвесторларни ЭИЗ ҳудудида барқарор ишлаб чиқариш циклини таъминлаш учун муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини модернизациялаш ўзига жалб этади. Ҳозирги вақтда қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш ва сақлашга ихтисослашган бир нечта лойиҳа амалга оширилди.

Истиқболда ишлаб чиқариладиган маҳсулотни стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва маркировка қилиш бўйича халқаро стандартларга мувофиқ илмий-ишлаб чиқариш марказини ташкил этиш ва уларнинг қарорлари халқаро даражада эътироф этилишини таъминлаш чора-тадбирларини кўриш режалаштириляпти.

Шу тариқа, «Ургут» ЭИЗда ишлаб чиқариш бизнесини ташкил этиш ва уларни муваффақият билан ривожлантириш учун хорижий ва маҳаллий компанияларни жалб этишга кўмак берадиган барча омиллар ҳисобга олинган.

 

Маҳаллий ишлаб чиқариш

Ургут туманидаги ЭИЗ ҳудудида (390 га) 40 саноат ва 19 қўшма корхона ўз фаолиятини амалга оширяпти. Уларда 1 200 дан ортиқ киши ишлаяпти. Ўтган йили 20 турдаги 157,6 млрд сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилган, экспортнинг умумий ҳажми 10 млн АҚШ долларини ташкил этди. Ургут ЭИЗнинг Мерганча даҳасида жойлашган компонентлардан бирининг 3 корхонасида бўлиб, биз иқтисодий мажмуа борган сари кўп тадбиркорларни жалб этаётганлигига ишонч ҳосил қилдик.

Улкан ангарлардан бирида ташкил этилган кўргазмада энг яқин истиқболда амалга ошириладиган лойиҳалар ва Ургут туманидаги ЭИЗ ҳудудида ишлаб чиқарилаётган маҳсулот тўғрисидаги ахборот тақдим этилган.

Мисол учун, жорий йилнинг иккинчи ярмида қуввати 15 млн тонна бўлган полиуретан ишлаб чиқарадиган «Derkim Poliuretan Urgut» ўзбек-турк қўшма корхонасини ишга тушириш режалаштирилмоқда. Янги корхонада 65 дан ортиқ янги иш ўрнини яратиш мўлжалланган.

Экспорт салоҳияти 45 млн АҚШ доллари бўлган яна бир йирик корхона – тўқимачилик маҳсулоти ишлаб чиқарадиган «Urgaz Textile» учун Туркия, Бельгия, Япония, Швейцария, Италия ва Австриядан замонавий технологик линиялар сотиб олинди.

Кўргазмада туманда етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ва қайта ишланган товарларнинг катта ҳажми, турли хил қуруқ мевалар ва ёнғоқ, асалнинг турлари ҳам кенг тақдим этилди. Шу ернинг ўзида хорижлик меҳмонлар билан харид бўйича келишув баённомаларининг имзоланиши намойишга қўйилган маҳсулотга берилган энг яхши баҳодир.

«Isnur Qutlan Tekstil» МЧЖ ҚК ип газлама, ярим жун, жун, зиғир толасидан пайпоқ буюмларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Унинг ишлаб чиқариш қуввати ҳар ойда юз минглаб жуфт маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради ва бу кўрсаткич кўпайиб боради. «Arfa Exprod» корхонаси сифатли трикотаж кийимлар ва пойабзал ишлаб чиқаради. «Giene Facilities» МЧЖ ҚК эса хориждаги шундай маҳсулотлардан қолишмайдиган болалар тагликлари ва гигиеник нам салфеткалар ишлаб чиқаради. «Nur Sam Gur» МЧЖ ички бозорда ип газламалар сотиш бўйича қатъият билан юқори мавқеларни эгаллаб турибди. Унинг маҳсулоти РФ ва Қозоғистонга экспорт қилинади. Жорий йилда сифатли бўлгани учун экспорт қилиш географияси кенгаяди. Корхонада 60 киши ишлаяпти, кунига 30 минг метр газлама ишлаб чиқарилмоқда.

Маҳаллий хом ашёдан гиламлар ва гилам маҳсулотларининг хилма-хил ассортименти, синтетик толалар, электр печлар, газ плиталари, бир марталик пластик буюмлар, полимерлар, елим ва бошқа маҳсулотлар ҳам тақдим этилди.

 

ПЭТ идишларнинг қайта туғилиши

Пластик дунё миқёсидаги экологик муаммо ҳисобланади. У қулай, уни тайёрлаш арзонга тушади, шу боис ҳозирча ҳеч ким пластик шишаларни ишлаб чиқаришни тўхтатмоқчи эмас. Фойдаланилган идиш – шаҳар ва қишлоқ турмушининг одатий қисмига айланган «баклажкалар»нинг бундан кейинги тақдири қандай бўлади? Бунда икки йўл бор: пластик бутилкалар юз йиллаб ахлатхонада чириб ётиши керак ёки қайта ишланиб, янги зарур ашёга айланиши лозим. Маълум бўлишича, фойдаланилган ПЭТ идиш, мисол учун, макулатура ёки шиша идишларга қараганда камроқ қийматга эга эмас экан. У қайта ишланганда флекс – пластик парчаларга ўхшаш материал олинади. Дарвоқе, флексдан кейинчалик, масалан, гилам маҳсулотларини ишлаб чиқаришда қўлланиладиган синтетик иплар тайёрланади. Баклажкаларни қайта ишлашда чиқинди чиқмайди. Бунинг устига, у экологик жиҳатдан ҳам ўзини оқлайди. Зеро полимер бутунлай чириб кетиши учун камида 300 йил лозим. ПЭТ чиқиндилари қандай қайта ишланишини «Nis Optimum» МЧЖда кўрдик.

Бундай корхонани ташкил этиш арзон турмайди. Уни барпо этишга ўз маблағларидан 305 минг АҚШ доллари қўйилди ва банкдан 715 минг АҚШ доллари кредитга олинди. Хитойдан 3 та замонавий технологик линия сотиб олинди.

Корхона тахминан 0,5 гектар ерни эгаллаган. Бу ерда 70 дан ортиқ одам ишлайди.

Ҳудуднинг очиқ майдончасида прессланган баклажкаларнинг 3 қаватли уй баландлигида тойланган улкан миқдори тартиб билан жойлаштирилган. Пластик тойлар аввалига тўпланади ва сараланади. Кейин дастлабки саралашга жўнатилади, сўнгра майдаланади ва парчалар пайдо бўлади. Майдаланган масса пухта ювилади, қоғоз ёрлиқлар парчаларини шлам тарзидаги асосий массадан ажратадиган центрифугада жойлаштирилади. Полипропилен ёрлиқлар, ҳалқачалар ва қопқоқчалар флотация йўли билан олиб ташланади. Кейин флекс яна бир марта ювилади ва қуритилади. Якуний босқич – флексни юкдан тушириш ва қадоқлаш. Кейинги босқич – агломерация. Майдаланган массага юқори ҳарорат таъсир этади, бунинг натижасида у яхлитланади ва кичик-кичик бўлакчаларга айланади.

Иккинчи цехда синтетик полипропилен ип тайёрланади. Бу ерда қўлланадиган технологик ускуна ўз ичига йигириш ва тортиш агрегатларини (фильерлар орқали интеграцияланган экструзия, ён қоплаш, тортиш, калавалаш) олади. Линия автоматлаштирилган, операторлардан бирининг таъкидлашича, у осон бошқарилади ва унумдорлиги юқори.

Бу ерда чиқариладиган иплар кенг қўлланади. Хусусан, улардан гилам маҳсулотлари ва қопламаларини ишлаб чиқаришда фойдаланилади.

Гилам маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган корхоналардан бири бўлмиш «Ургаз Карпет» шу атрофда жойлашган. У замонавий ишлаб чиқаришнинг ажойиб намунаси. Техниканинг охирги ютуғи бўйича замонавий гиламдўзлик ускуналари (Германия, Бельгия, Швейцария) билан жиҳозланган. Гилам тайёрлаш жараёни компьютер тизими ва операторлар томонидан бошқарилади. Қўл билан фақат ортиқча иплар қирқилади ва қўшимча тарзда буюмларнинг четлари тикилади.

Баклажкалардан гиламлар учун ип тайёрлаш мумкинлигига ишониш қийин. Бу ерда эса шу амалиёт қўлланади. Ишониб бўлмайди, бироқ гилам маҳсулотларининг баъзилари айни ундан тайёрланади. Пропилен иплардан рисоладагидек чиройли гилам қопламаси пайдо бўлади: жуда нафис, юмшоқ ва шойи майса сингари майин.

Буткул маҳаллийлаштирилган гилам ишлаб чиқариш хом ашё олиб келмасдан амалга оширилади. Ишлаб чиқариш цикли учун зарур бўлган ҳамма нарса корхонанинг ўзида тайёрланади. Бундан электр, газ ва жут хом ашёси мустасно.

Корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати йилига ISO 9001 стандартларига мувофиқ келадиган 6 млн кв.метрга яқин юқори сифатли гилам маҳсулоти ишлаб чиқариш имконини беради. Маҳсулот ички бозорда жуда харидоргир ҳамда Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон ва Хитойга экспорт қилинади.

Инвестиция дастури доирасида корхона ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотни такомиллаштириш устида ишлаяпти.

ЭИЗ ҳудудида қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ташишга картон идиш ишлаб чиқарадиган кичик корхона ҳам бор. Унинг асосий истеъмолчилари қуруқ меваларни қайта ишлаш ва тайёрлаш билан шуғулланадиган агросаноат мажмуаси ва кичик бизнес корхоналаридир. Уларнинг баъзилари шу ернинг ўзида жойлашган. Тадбиркорларимиз қадимдан маълум бўлган «кийимга қараб кутиб олишади» иборасини яхши ўзлаштирганлар. Шу боис буюртмачиларнинг талабларига жавоб берадиган ўровни тайёрлайдилар. Картон идиш унинг юқори сифатини таъминлайдиган махсус ускунада тайёрланади. Гофрокартондан яшиклар тайёрлаш билан бирга елимланган ясси картондан идишлар тайёрлаш ҳам йўлга қўйилган. «РесТрейд» МЧЖнинг қуруқ мевалар, баққоллик маҳсулотлари ва консервалар сотиб олиш бўйича мутахассиси Дмитрий Алиш (Беларусь) уларнинг ташқи кўриниши ва сифатини муносиб баҳолади.

 

Аниқ хулосалар ва прагматизм

Ушбу объектларда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ассортименти, сотиш бозорлари ва экспорт географияси кенгаймоқда, янги ишлаб чиқариш турлари ўзлаштирилмоқда, кооперация ўсмоқда ва чуқурлашмоқда. Буларнинг ҳаммаси табиий равишда иқтисодиётни, ушбу жараёнга тортилган институтлар, бозорларни трансформациялайди. Зеро ўхшаш ЭИЗлар республиканинг бошқа вилоятларида ҳам фаолият юритиб, минтақалар иқтисодиётини тенглаштириш, уларни ривожлантириш учун замин яратмоқда.

 

Гулнора Абдуназарова,
махсус мухбиримиз.

Прочитано: 1825 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика