Қонунчиликни билмаслик ҳеч кимни у бўйича жавобгарликдан озод қилмаслигини ҳамма билса керак. Масалан, «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги Қонун (19.08.1999 йилдаги 813-I сон) республикамизда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлишига оид ижтимоий муносабатларни тартибга солиб, уларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига монелик қилиш, фуқаролар соғлиғини сақлаш ҳамда давлат хавфсизлигини таъминлаш мақсадларини кўзлайди.
Бундан ташқари Вазирлар Маҳкамасининг «Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартибини, шунингдек уларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори (12.11.2015 йилдаги 330-сон) билан республикамизда муомалада бўлиши чекланган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг рўйхатлари тасдиқланган. Мазкур рўйхатларга киритилган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг муомалада бўлишига фақат шифокор кўрсатмаси бўйича тиббий мақсадларда рухсат этилади. Бундан ташқари экспертлик ва тезкор-қидирув фаолиятида ҳам улардан фойдаланиш мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг «Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни лицензиялаш тўғрисида»ги қарорига (16.07.2003 йилдаги 315-сон) асосан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни олиб кириш ва олиб чиқиш фаолиятнинг тегишли тури учун лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бериладиган сертификатлар асосида амалга оширилади.
Халқаро почта Конвенциясига асосан эса почта жўнатмалари орқали психотроп ва наркотик воситаларнинг юборилиши қатъиян тақиқланган. Юқоридаги Қонуннинг 17-моддасида ҳам гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни почта жўнатмаларида, шу жумладан халқаро почта жўнатмаларида жўнатиш тақиқланиши кўрсатиб ўтилган.
Аммо шунга қарамай, почта жўнатмалари орқали қонунга хилоф равишда таркибида психотроп ва наркотик моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини жўнатиш ҳолатлари учраб туради.
Жумладан, Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг «Бошпочтампт» божхона пости ходимлари шу турдаги бир нечта божхона қоидабузарликларини аниқладилар.
Пойтахтлик Ю.В. хоним номига хориждан юборилган почта жўнатмаси божхона кўригидан ўтказилганда, буюмлар орасида «CN-23» шаклидаги божхона декларациясида кўрсатилмаган 30 дона «Zolpiden Hemitartate» номли психотроп таблеткаси, 8 турдаги 410 дона дори воситалари борлиги аниқланди.
Шунингдек, фуқаро К.А. номига хориждан келган почта жўнатмаси божхона кўригидан ўтказилганда таркибида психотроп моддаси бўлган 24 дона «Rocacet Plus» номли таблеткалар ва 2 турдаги 88 дона дори воситалари борлиги маълум бўлди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан айбдор шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
Шу ўринда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар ёки божхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан 120-76-71 ишонч телефонига қўнғироқ қилиш мумкинлигини фуқароларимизга эслатиб ўтамиз.
Тошкент шаҳар
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати.