Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 21 / Экспорт

Бўлажак ҳосилга контрактлар

 

Мева-сабзавот тармоғи – Ўзбекистон иқтисодиётининг энг тез ривожланаётган ва истиқболли секторларидан бири. Ўтган йили 18 млн тонна мева-сабзавот маҳсулоти етиштирдик. 1991 йилдан буён сабзавот ва полиз маҳсулотларини етиштириш, тегишинча, 8 баравар, мева – 5 баравар, узум – 9 баравар ошди. Мамлакатда етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулоти ҳажмлари нафақат республикамиз аҳолисининг эҳтиёжини қондириш, балки хорижий мамлакатлар бозорларига юқори сифатли маҳсулот етказиб бериш имконини ҳам беради. Самарқандда ўтказилган «Мева-сабзавот маҳсулоти экспортини кенгайтириш ва рақобатни кучайтириш» халқаро бизнес-анжуманининг иштирокчилари бунга ишонч ҳосил қилдилар. Улар орасида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон, Франция, Исроил, Туркия, Германия, РФ, Беларусь, Украина, Литва, Латвия ва бошқа мамлакатларнинг энг йирик савдо тармоқлари ва корхоналаридан вакил бўлган истиқболли импортчилар бор.

Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси АҚШнинг Халқаро ривожланиш агентлиги (USAID), Германия Халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ва Самарқанд вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этган тадбирда халқаро ташкилотлар, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё ва Сурхондарё агрофирмалари, фермер хўжаликлари, қайта ишлаш корхоналарининг вакиллари, савдо, сертификатлаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва экспорт қилиш масалалари бўйича халқаро экспертлар ҳам иштирок этдилар.

 

Кўргазма очилишида сўзга чиққан Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг бошқарма бошлиғи Улуғбек Камолиддиновнинг таъкидлашича, мамлакатимизда иқтисодиётни ривожлантириш ва эркинлаштириш, унинг етакчи тармоқларини модернизациялаш ва диверсификациялаш ҳисобига рақобатбардошликни ошириш бўйича чора-тадбирлар комплекси амалга ошириляпти. Замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда экологик жиҳатдан тоза, халқаро стандартларга мувофиқ келадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилишга алоҳида эътибор бериляпти. Нотиқ Самарқанд бизнес-анжумани хорижий компаниялар билан алоқаларни мустаҳкамлашга ва янги ҳамкорларни излаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти экспорт қилинадиган мамлакатларнинг кўпайишига умид билдирди. Маҳсулотни сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилишга доир халқаро талабларни ўрганиш эса бу ўринда асқотади.

 

Мева-сабзавот тармоғи шарҳи

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг экспорти бўйича жаҳон бозорида муносиб ўрин эгаллаган. Хусусан, ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ, карам ва бошқа мева-сабзавот маҳсулотининг экспорти бўйича мамлакатимиз дунёдаги етакчи мамлакатлар ўнлигига киради. Аҳолининг эҳтиёжлари қондирилганидан кейин қолган мева ва сабзавотнинг 180 дан ортиқ хили ҳамда улар қайта ишланиши асосида тайёрланган маҳсулот 80 дан ортиқ мамлакатга, хусусан, АҚШ, Япония, Таиланд, Индонезия, Монголия, Саудия Арабистони, Россия, Словакия ва бошқа мамлакатларга экспорт қилинади. Биз йилига 3 млн тоннадан зиёд маҳсулотни экспорт қилиш салоҳиятига эгамиз.

Мамлакатимизда жами 300 хилдан ортиқ мева ва сабзавот етиштирилади, – деб маълум қилди «Ўзагроэкспорт» АЖ маркетинг бошқармасининг бошлиғи Камолиддин Ғаниев.

2020 йилда мева-сабзавотларни етиштиришни 40%га ошириш, 2016 йилдаги 18 млн тоннадан 25 млн тоннага етказиш мўлжалланмоқда. Экспорт ҳажмларини 2 млрд АҚШ долларидан 5 млрд долларга кўпайтириш режалаштирилди. Бунинг учун республикада тегишли ишлаб чиқариш базаси ва инфратузилмаси – 160 минг фермер хўжалиги ва тайёрлов базаси; 721,4 минг гектар мева-сабзавот маҳсулоти етиштириладиган экин майдони; қуввати 800 минг тоннадан ошадиган 1 300 совутиш камераси ва омбори бор. 2017 йилда умумий қуввати 100 минг тоннадан ошадиган яна 197 замонавий совутиш камералари ва омборларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш режалаштирилган.

2010 йилда «Навоий» ЭИИЗ ҳудудида мева-сабзавотни нейтрал газли муҳитда сақлаш бўйича замонавий қувватлар фойдаланишга жорий этилди. Кейин бу маҳсулотлар халқаро авиатранспортда Европа ва Осиё мамлакатларига етказиб берилади.

Жорий йилда «Қамчиқ» довони орқали ўтадиган, минтақа учун ноёб бўлган, Фарғона водийси минтақаларини Ўзбекистоннинг қолган қисми билан боғлайдиган «Ангрен-Поп» замонавий электрлаштирилган темир йўли фойдаланишга топширилди. Ҳар йили ана шу темир йўл орқали 10 млн тонна атрофида юк, шу жумладан экспортга етказиб бериш учун мўлжалланган мева-сабзавот маҳсулоти ташилади. Транзит ташишларга тариф имтиёзлари ва преференциялар берилади.

Республикада 4 савдо-логистика маркази ишлаб турибди – «Улгуржи база» МЧЖ (Андижон вилояти), «Кийим» МЧЖ (Қашқадарё вилояти), «Сурхон мева-сабзавотлари» МЧЖ (Сурхондарё вилояти) ва «Gold Dried Fruits» МЧЖ (Тошкент).

Дарвоқе, «Ўзагроэкспорт» АЖ вакили иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 4–5 апрелида РФга давлат ташрифи доирасида Россияга экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотига «яшил йўлак»ни шакллантириш тўғрисидаги Битим имзоланганлигини маълум қилди. Ҳужжатда божхона таомилларини соддалаштириш, шу жумладан тез бузилувчи маҳсулотларнинг божхона кўриги чоғида олиб кириш учун ҳужжатларни расмийлаштириш муддатларини ва бир қатор расмиятчиликларни қисқартириш назарда тутилади.

 

Экспорт муаммолари

Мустақил эксперт Бахтиёр Эргашев ўз тақдимотини «Нима учун Ўзбекистоннинг мева-сабзавот сектори ўта муҳим» деган саволдан бошлади. Жавобини унинг ўзи берди:

– Чунки республикада ҳар йили 19 млн тоннадан ортиқ мева-сабзавот етиштирилади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқариш умумий ҳажмида ушбу тармоқнинг улуши 41%дан кўпни, унинг экспортида 43,4%ни ташкил этади.

Чунки 700 минг тоннага яқин мева-сабзавот маҳсулоти экспорт қилинади. Мазкур маҳсулотни қайта ишлаш секторида эса 200 мингга яқин киши банд.

Афсуски, секторни ривожлантириш суръатига нохуш таъсир кўрсатадиган омиллар мавжуд.

 

Мева-сабзавот маҳсулотини етиштиришда

1. Ер ва сув ресурсларининг чекланганлиги. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш таркибида мева-сабзавотчиликнинг улуши 40%дан кўпни ташкил этади. Бироқ бундай экинлар етиштириладиган ерларнинг улуши умумий экин майдонининг 20%идан ошмайди.

2. Ҳудудлаштириш ва уруғчилик тизимидаги камчиликлар. Мева-сабзавот маҳсулоти, полиз ва дуккакли экинлар асосан кичик ва тарқоқ майдонларда етиштирилади, уларда мева-сабзавот ва дуккакли маҳсулотларнинг турли навлари, тур ва хиллари етиштирилади. Буларнинг ҳаммаси хорижий харидорлар учун навлилиги, ҳажми ва ташқи кўриниш бўйича талабларга жавоб бермай, экспорт пайтида муаммолар туғдиради.

Ҳозир Ўзбекистонда 40 турдан ортиқ сабзавот, полиз экинлари ва картошка, минглаб навли мева ва 955 навли узум етиштирилади. Айни вақтда ҳар йили 100 тоннадан зиёд турли хил савзавот уруғлиги импорт қилинади.

 

Харид қилиш/тайёрлаш тизимида

1. Етиштириладиган мева-сабзавот маҳсулотининг 50%дан кўпи деҳқон ва шахсий ёрдамчи хўжаликларга тўғри келади. Бироқ юридик шахс ташкил этадиган деҳқон хўжаликларининг улуши 10%дан камни ташкил этади. Бунда контрактация шартномаларини тузиш ва улар билан ҳисоб-китобларни амалга ошириш механизми мавжуд эмас.

2. Давлат эҳтиёжлари учун харидларни молиялаш. Тайёрлов ташкилотлари давлат контрактларини молиялаш учун зарур бўлган етарлича маблағларга эга эмаслар. Натижада улар тижорат банкларининг кредитларини йиллик 16% миқдорида фоизларда олишга мажбур бўладилар, бу эса автоматик равишда олинадиган маҳсулотнинг қимматлашувига сабаб бўлади (уларни сақлаш ва реализация қилиш муддати: октябрь–февраль). Бунда мазкур маҳсулотнинг тез бузилувчанлиги ва уни ­сақлашдаги талафотлар (қарийб 20–25%) қолган маҳсулотнинг пировард нархига қўшилишини ҳам ҳисобга олиш керак.

3. Мева-сабзавот маҳсулотини қайта ишлаш соҳасида рақобат муҳитининг ривожланмаганлиги. Қайта ишловчиларнинг минтақавий даражадаги монопсонизми (харидорларнинг монополияси), бунда кўпинча минтақаларда бир-иккита қайта ишловчи корхона мавжуд бўлиб, улар етиштирувчилардан мева-сабзавот маҳсулотини сотиб олаётганда анча паст нархларни белгилайдилар ва етиштирувчиларни маҳсулот ҳажмларини кўпайтиришга рағбатлантирмайдилар.

4. Институционал ўзгаришлар. Қишлоқ хўжалигида ўтказилган ислоҳотлар натижасида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг институционал тузилиши тубдан ўзгарди. Мамлакатда 160 мингдан зиёд фермер хўжаликлари ишлаб турибди, улар зиммасига барча ҳайдаладиган ерларнинг 85%дан ортиғи тўғри келади. Ҳар бир хўжаликда ўртача 22,3 га ер бор.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш таркибида фермер хўжаликларининг улуши қарийб 60%ни, деҳқон хўжаликлариники – 38%, қишлоқ хўжалиги корхоналариники – деярли 2%ни ташкил этади. Шу тариқа, фермер ва деҳқон хўжаликлари асосий етиштирувчиларга айландилар.

Объектив равишда ўзгараётган, аграр секторнинг сув билан таъминланишига таъсир кўрсатаётган иқлим шароитларидан келиб чиқиб, фермер хўжаликларининг янги шаклларини ривожлантириш, уларни ихтисослаштириш масалаларига янгича ёндашувлар талаб қилинади.

 

Шу билан бир қаторда, мева-сабзавот маҳсулотини экспорт қилиш соҳасида бир қатор жиддий муаммолар мавжуд. Улардан энг муҳими – маҳсулотларнинг диверсификацияланмаганлиги (импортчи мамлакатларнинг чекланганлиги). Ўзбекистон маҳсулотини сотишнинг асосий бозорлари Қозоғистон (экспорт умумий ҳажмининг 67%и), Россия (17%), Афғонистон (5%), Қирғизистон (2%) ва бошқа мамлакатлардир (9%).

Мева-сабзавот маҳсулотини экспорт қилиш динамикасига таъсир кўрсатадиган бошқа муаммолар:

экспорт назорати таомилларининг мураккаб тусга эгалиги. Зарур экспорт сертификатларини олиш ва экспортга божхона расмийлаштируви жараёни турли жойларда, баъзан маҳсулотни юкдан тушириш жойидан олисда юз беради. Зарур ҳужжатларни расмийлаштириш таомили 2–3 кунни банд этади;

экспортчилар учун молиявий ресурслардан фойдаланишнинг чекланганлиги. Тижорат банклари таклиф этадиган кредитлар бўйича фоиз ставкалари ҳаддан ташқари юқори, қарз олиш мумкин бўлган суммалар кам, кредит олишга буюртманома бериш жараёни эса сермеҳнат ва мураккаб;

замонавий сабзавот-мева омборларининг етишмаслиги. Кўп етиштирувчилар ўз ҳосилини куздаёқ сотишади. Майда улгуржи олувчилар кўп миқдордаги сабзавотни кўп деганда январь–февралгача сақлай оладилар. Етиштирилган сабзавотнинг (картошка, пиёз, сабзи, карам, лавлаги) 30%гача қисми махсус омборларнинг етишмаслиги туфайли истеъмолчиларга етиб бормайди;

маҳсулотни ташиш муаммолари. Мева-сабзавот маҳсулоти экспортининг катта қисми автотранспортда ташилади. Бироқ мавжуд рефрижераторлар автопарки экспорт эҳтиёжларини қопламайди. Ташиш қиймати мавсумга ва транспорт воситаларининг бор-йўқлигига боғлиқликда кучли равишда ўзгариб туради, бу эса экспортга етказиб беришларнинг барқарорлигини таъминлаш имконини бермайди. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг экспорт маҳсулотини ташиш бўйича темир йўл тарифлари эса ички ташишлар учун қўлланадиган тарифлардан ошади;

экспорт маҳсулотининг сифатини баҳолаш ва сертификатлаш тизимининг ривожланмаганлиги. Бугунги кунда минтақаларда озиқ-овқат маҳсулотлари ва фитосанитариявий синов лабораторияларини таҳлил қилиш тизими амалда ривожланмаган. Хорижий стандартлар билан миллий қонунчилик (айниқса озиқ-овқат хавфсизлигига нисбатан талаблар соҳасида) етарлича уйғунлаштирилмаган.

Мустақил эксперт мазкур муаммоларни ҳал этиш бўйича ўз қарашлари билан ўртоқлашди.

 

Талаблар билан танишдилар, ниятларини билдирдилар

Давлат тақдим этаётган имкониятлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштирувчилар зиммасига катта масъулият ҳам юклайди. Улар экспортга йўналтирилган маҳсулот етиштиришлари керак, бунинг учун касалланишлар ва зараркунандаларга қарши чораларни ўз вақтида кўриш зарур. Маълумки, импортчи мамлакат харид қилинаётган маҳсулотнинг махсус текширувини ўтказади. Нотўғри етиштириш маҳсулотнинг ташқи кўринишида билинмаслиги мумкин, бироқ лаборатория тадқиқоти вақтида унинг ­кимёвий таркибида аниқланади. Айни шу боис экспорт қилинадиган маҳсулот халқаро стандартларга мувофиқ келиши керак. Улар ҳақида ва бошқа кўп нарсалар тўғрисида халқаро экспертлар ўз тақдимотларида сўзладилар.

Самарқанд Бизнес-анжумани йирик хорижий савдо тармоқлари ва харид компанияларини жалб этиш учун яхшигина кўргазма ва бизнес майдончасига айланди. Уларнинг вакиллари товарни ихтисослашган кўргазмада яққол кўрдилар. Янги сабзавот ва мевалар, қуруқ мевалар, дуккакли, консерваланган маҳсулотлар, шарбатларни самарқандлик аграрийлар ва ихтисослашган корхоналар ўз тақдимот стендлари ва столларида жойлаштирдилар.

Шу ернинг ўзида бўлиб ўтган В2В форматидаги учрашувларда улар бўлғуси харидорлар билан музокаралар олиб бордилар, ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумлар лойиҳалари ва бўлғуси контрактларнинг шартларини муҳокама қилдилар. Дастлабки якунларга қараганда, қиймати 38 млн АҚШ долларилик келишув баённомалари имзоланган.

 

Гулнора АБДУНАЗАРОВА, махсус мухбиримиз.

Прочитано: 1837 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика