Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш, халқ фаровонлигини юксалтириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига етказиш, ҳудудлардаги аҳволни бевосита жойига чиққан ҳолда ўрганиш, мавжуд муаммоларни ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси раиси Ботир ПАРПИЕВ жорий йил 12–13 май кунлари Фарғона ва Андижон вилоятларида бўлди.
Тадбиркорлик субъектлари ҳамда аҳоли вакиллари билан бўлиб ўтган мулоқот ва учрашувларда иштирокчиларга Президент томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорлар билан тадбиркорлик субъектларига яратилаётган қўшимча шарт-шароитлар, ишлаб чиқилган «Йўл харитаси» асосида ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Хусусан, янги иш ўринларини ташкил этиш, иқтисодиёт тармоқлари корхоналари ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ривожлантириш ва кенгайтиришда уларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ йўналтирилган ва тизимли ишлар олиб бориш, бу борада ҳудудий бошқарув органлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини кучайтириш, шу асосда банд бўлмаган аҳолини, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Президентнинг «Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар натижадорлиги ва самарадорлигини оширишда маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (6.05.2017 йилдаги ПҚ-2960-сон) ҳам айнан шу мақсадга қаратилган. Ҳужжатга асосан 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларининг фаолиятига ана шу талабдан келиб чиқиб баҳо берилади. Бунда уларга нисбатан аҳоли бандлигини ошириш учун моддий рағбатлантириш ёки жарима шаклидаги интизомий жазо чоралари қўлланиш тарзидаги шахсий масъулиятини кучайтириш тизими жорий этилмоқда.
Фарғона вилоятида тадбиркорлик субъектлари, аҳоли вакиллари билан ўтказилган очиқ мулоқотда улар фаолиятида учраётган муаммоли масалаларнинг ҳал этилишида амалий ёрдам кўрсатилди. Хусусан, 64 нафар тадбиркорнинг бугунги кунгача ҳал этилмасдан қолаётган кредит маблағларини олиш, зарур технологик асбоб-ускуналар харид қилиш, электр энергияси ва табиий газни узлуксиз етказиб бериш, бўш турган бино-иншоотларни фойдаланиш учун ажратиш ҳамда шу каби бошқа узоқ вақтдан буён ҳал этилмай келаётган қатор масалалар ўрганилиб, уларнинг аксарияти шу жойнинг ўзида ҳал этилди, айримларининг ечимини қисқа муддатларда таъминлаш юзасидан мутасадди тузилмаларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Андижон вилоятининг Хўжаобод, Булоқбоши, Жалақудуқ, Пахтаобод, Избоскан туманларида бўлиб ўтган учрашувларда ҳам тадбиркорлик субъектларининг фаолиятида тўсиқ бўлиб турган муаммоларнинг аксарияти шу жойнинг ўзида ечимини топди.
– Бугунги кунда Андижон вилояти бунёдкорлик масканига айланган, – дейди Избоскан туманида фаолият юритувчи ҳунарманд Оятилло Ўринов. – Қурилаётган замонавий бинолар сифатли эшик, ромларга бўлган эҳтиёжни янада оширади. Ҳунармандчиликнинг ушбу тури билан мунтазам шуғулланиб келганим боис бу борада катта тажрибага эгаман. Фаолиятимни янада кенгайтириб, қўшимча устахона ташкил этиш, 10 та янги иш ўрни яратиш лойиҳаси билан тадбир ташкилотчиларига мурожаат этдим. Натижада 5 сотих ер майдони ажратилиши юзасидан сўровим ижобий ҳал этилиши бўйича мутасаддиларга кўрсатма берилди. Бундай эътибор ҳудудларда иқтисодиётни ривожлантиришга туртки бўлади.
Вилоятлар ҳокимлиги ва мутасадди идоралар вакиллари билан биргаликда бевосита жойларга чиққан ҳолда томорқа ва шахсий ёрдамчи хўжаликлардаги ерлардан унумли фойдаланиш, мевали дарахт ва полиз экинлари экиш, хонадон ва шахсий хўжаликларда товуқ боқишни йўлга қўйиш ва тухум етиштириш борасида аҳолига, айниқса кам таъминланган оилаларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича амалга оширилган ишларнинг аҳволи ўрганилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Жойларда давлат солиқ хизмати органлари шахсий таркиби билан ўтказилган йиғилишларда нақд пул маблағларининг ўз вақтида ва тўлиқ миқдорда банк кассаларига жалб этилишини таъминлаш, солиқ ва мажбурий тўловлар ҳамда коммунал тўловлардан бўлган қарздорликларни ундириш, бозорларда нарх-навонинг кескин кўтарилиб кетишига йўл қўймаслик борасида тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.
Давлат солиқ қўмитаси Ахборот хизмати.