Бугун юртимизда тадбиркорлар учун яратилган кенг имконият ва қулайликлар самараси ўлароқ, ушбу соҳа вакилларининг юртимиз иқтисодиётидаги улуши янада ошаётир.
Бироқ, афсуски, имкониятлардан самарали фойдаланиб, ўз фаолиятини мавжуд қонун талаблари асосида ривожлантириш ўрнига турли хил қонунбузарлик йўллари билан даромадини оширишни ният қилган ғирром тадбиркорлар ҳам учраб туради.
«Ишонч телефон»ларига бир ҳафтада 228 та мурожаат
Давлат солиқ хизмати органларида ўрнатилган «ишонч телефонлари» орқали май ойининг биринчи ҳафтаси давомида жами 238 та (шундан 5 таси юридик шахслар, 233 таси жисмоний шахслардан) мурожаатлар қабул қилинган.
Бу мурожаатларнинг аксариятида тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан ноқонуний фаолият юритиш, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида савдо қоидаларини бузиш, тўловларни банк пластик карточкалари орқали амалга оширишда ҳисоб-китоб терминалларини ишлатмаслик, харид чеки бермаслик ҳолатлари қайд этилган.
Фуқаролар мурожаати асосида ўтказилган назорат тадбирида Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида истиқомат қилувчи А.З.нинг амалдаги қонунчиликка зид равишда давлат рўйхатидан
ўтмасдан «тадбиркорлик» фаолиятини амалга оширганлиги аниқланди. Натижада ундан 5 турдаги 3 млн 640 минг сўмлик ноозиқ-овқат маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинди.
Шу туманлик Қ.М. ҳам тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан солиқлардан қочиб ноқонуний фаолият юритаётганлиги маълум бўлди. Назорат тадбири давомида ундан 8 турдаги 13 млн 370 минг сўмлик ноозиқ-овқат маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинди. Ангор туманидан бўлган Б.В. тегишли ҳужжат расмийлаштирмасдан «тадбиркорлик» фаолиятини амалга оширган. Натижада ундан жами 14 млн 545 минг сўмлик ноозиқ-овқат маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинди.
Бухоро вилояти Вобкент тумани Имом Бухорий кўчасида фаолият кўрсатувчи «Vobkent Yo’lovchi Servis» МЧЖга қарашли автотураргоҳда ўтказилган назорат тадбирида шохобча ходими Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 ноябрдаги 306-сон қарори талабларини қўпол тарзда бузиб, автотураргоҳдан фойдаланувчиларга харид чеки бермагани ва бу билан даромадини яширишга урингани маълум бўлди. Бундан ташқари, хизмат кўрсатиш шохобчаси ғазнасида НКМ хотирасига қайд қилинмаган нақд пулларнинг борлиги ҳам аниқланган. Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, давлат солиқ хизмати органлари томонидан рухсат берувчи тегишли ҳужжатларни расмийлаштирмасдан, ноқонуний фаолият юритишнинг олдини олиш ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида солиқ қонунчилиги бузилишларига чек қўйиш мақсадида мунтазам равишда профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.
Вобкент туманида туман ДСИ ҳамда Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармасининг вилоят бўлими ходимлари томонидан «Вобкент марказий бозори»да ўтказилган назорат тадбирида 11 нафар фуқаронинг ҳужжатсиз равишда фаолият юритаётгани аниқланган.
Эътиборлиси, олиб борилган тушунтириш ва профилактик ишлар натижасида ушбу фуқароларнинг барчаси якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиб, фаолиятини қонуний йўлга қўйди.
Қарор ижроси йўлида
Республика Президентининг «Пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (15.02.2017 йилдаги ПҚ-2777-сон) ижроси юзасидан НКМ ва тўлов терминалидан фойдаланмаслик ва тушумларни банк кассаларига тўлиқ топширмаслик ҳолатлари бўйича бир ҳафта давомида (2 майдан 9 майга қадар) 400 дан ортиқ текширишлар ўтказилиб, уларнинг барчасида қоидабузарлик ҳолатлари аниқланган.
Текширишларда савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш субъектлари томонидан НКМни қўлламасдан товарлар сотиш ва хизматлар кўрсатиш, тушумларни банк кассаларига топширмасдан яшириш, тўлов шаклидан келиб чиқиб нархларни сунъий равишда ошириш ёки пасайтириш, ҳисоб-китоб терминалидан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланган.
Ўз навбатида, давлат солиқ хизмати органлари томонидан қоидабузарликларни содир этган хўжалик юритувчи субъектлар ва уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан тегишли чоралар кўрилган.
Мисол учун, Урганч туман давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан якка тартибдаги тадбиркор «Т.Xudakov»га қарашли савдо шохобчасида ўтказилган солиқ текширувида мижоз амалга оширилган тўлов учун 284 минг сўмга харид чеки бермаганлиги, шохобчага тўлов терминали ўрнатмаганлиги ҳамда шохобча ғазнасида НКМ хотирасига кирим қилинмаган нақд савдо пуллари борлиги аниқланиб, тегишли чора кўриш учун ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Аниқланган ҳолатлар бўйича белгиланган тартибда далолатномалар расмийлаштирилиб, қоидабузарларга нисбатан тегишли чоралар қўлланилган.
Ҳуқуқбузарлик учун жазо муқаррар
Солиқ назорати натижаларига кўра, ўтган ҳафта давомида солиқ қонунчилигини бузган 1 946 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.
Шу жумладан:
► бинони, иншоотни ёки уларнинг бир қисмини, турар жойни нотариал тасдиқланган шартномасиз ижарага ёки текин фойдаланишга берган 21 нафар;
► уй-жойга доир мулк ҳуқуқини кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органларда ўз вақтида расмийлаштирмаган 199 нафар;
► даромадлар тўғрисида декларацияни солиқ органига ўз вақтида тақдим этмаган 169 нафар;
► ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган 110 нафар;
► автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланган 284 нафар фуқаро;
► савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузган 421 нафар;
► солиқ ҳисоботини солиқ органига ўз вақтида тақдим этмаган 344 нафар;
► дебиторлик қарз муддатлари ўтказиб юборилган корхоналарнинг 32 нафар;
► солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш учун тўлов топшириқномасини хизмат кўрсатаётган банкка ўз вақтида тақдим этмаган 81 нафар мансабдор шахс маъмурий жазога тортилган.
Солиққа оид ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этиб, унинг оқибатларини аниқланган пайтдан бошлаб 30 кунлик муддат ичида бартараф этган ҳамда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шу жумладан, пенялар ва бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қоплаган 849 та тадбиркорлик субъектининг мансабдор шахси ва якка тартибдаги тадбиркорлар маъмурий жавобгарликдан озод этилган.
Шунингдек, ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини биринчи марта содир этиб, ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан бошлаб 30 кунлик муддат ичида тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган ва давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қоплаган 131 нафар жисмоний шахс судлар томонидан маъмурий жавобгарликдан озод этилган.
Музаффар Юсуф НАЗАРОВ,
Давлат солиқ қўмитаси
Ахборот хизмати бошлиғи.