Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 12 / Божхона

Божхона назорати остидаги товарларни хатлашнинг ўзига хос хусусиятлари

 

Мол-мулкни хатлаш мулкдорга ёки мол-мулкнинг эгасига уни тасарруф қилиш, зарур ҳолларда эса ундан фойдаланиш ман этилганлигини эълон қилишдан ёхуд мол-мулкни тортиб олишдан ва уни сақлаб туриш учун бошқа шахсларга топширишдан иборат бўлган процессуал ҳаракатдир.

Мол-мулкни хатлаш учун суриштирувчининг ёки терговчининг қарори бўйича прокурор розилиги ёхуд бу тергов ҳаракатини бажаришни тергов органига топширишга ҳақли бўлган суднинг ажрими асос бўлади.

 

Биз қуйида «вақтинча сақлаш» ва «божхона омбори» божхона режимларига жойлаштирилган товарларни хатлаш ҳақида фикр юритамиз. Масаланинг ­эътиборли жиҳати шундаки, суриштирувчи, терговчи ёки суд ЖПКнинг 290-моддаси талабига мувофиқ, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ёки фуқаровий жавобгарга тегишли бўлган ва унинг ўзида ёки бошқа шахсда турган мол-мулкини хатлаши лозим ҳисобланади. Суриштирувчи ёки терговчи ҳукмнинг мулкий ундиришлар тўғрисидаги қисми ижросини таъминлаш учун «вақтинча сақлаш» ва «божхона омбори» божхона режимларига жойлаштирилган товарларни хатлашда Ўзбекистон Республикасининг Божхона ва Фуқаролик кодексларида мавжуд ҳуқуқий нормаларга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Масалан, Божхона кодексининг (БК) 13-моддаси талабига кўра, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган товар ёхуд божхона ҳудудида эркин муомалага чиқарилган ёки ушбу Кодексга мувофиқ шундай мақомга эга бўлган товар Ўзбекистон товари ҳисобланади. Мазкур тоифага кирмаган, шунингдек БКга мувофиқ чет эл товари мақомини олган товар эса чет эл товаридир.

«Вақтинча сақлаш» ва «божхона омбори» режимларига Ўзбекистон ёки чет эл товарлари сақланиши мумкин. Мазкур божхона режимларида сақланаётган чет эл товарлари «эркин муомалага чиқариш» божхона режимига расмийлаштирилган пайтдан бошлаб Ўзбекистон товарлари мақомини олади.

БКда «вақтинча сақлаш» ва «божхона омбори» божхона режимларига жойлаштирилган товарларни хатлаш масаласи назарда тутилмаган. Шунингдек, Фуқаролик кодексида (ФК) мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асосларидан бири сифатида мулк ҳуқуқини битимлар асосида қўлга киритиш белгиланган бўлиб (182-модда), ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш натижасидаги мулк ҳуқуқи мазкур модда талабига мувофиқ битим (шартнома, келишув) асосида қўлга киритилади.

ФКнинг 185-моддасига биноан, шартнома асосида мол-мулк олувчида мулк ҳуқуқи, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ашё топширилган пайтдан бошлаб вужудга келади. Мазкур моддага берилган шарҳга кўра, фуқаролик муомаласида шартнома асосидаги сотиб олувчида мулк ҳуқуқининг пайдо бўлишини аниқ белгилаб олиш жуда муҳим аҳамиятга эга. Чунки айни пайтдан бошлаб сотиб олувчи мулкдор сотиб олинган мулкка эгалик қилишга, ундан фойдаланишга, уни тасарруф этишга доир ваколатларни амалга оширишга ҳақлидир.

Умумий қоидага мувофиқ, агарда қонунчиликда ёки шартномада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ашёни сотиб олувчида мулк ҳуқуқи унинг топширилиши пайтидан бошлаб вужудга келади. Мазкур меъёр диспозитив хусусиятга эга эканлиги туфайли, сотиб олувчига мулк ҳуқуқининг ўтиш пайти ашёнинг топширилиши пайтига тўғри келмаслиги ва унинг амалга оширилишигача ёки қонунчиликда ёхуд шартномада кўзда тутилган қандайдир бошқача шарт, масалан, сотиб олиш баҳосининг тўланиши пайтидан бошланиши мумкин.

Маълумки, ҳозирги кунда аксарият импорт қилувчилар чет эл товарларига нисбатан эгалик ҳуқуқига консигнация шартлари асосидаги тузилган импорт шартномаларига мувофиқ эга бўлмоқдалар. Бу ҳолда воситачининг омборхоналарига келиб тушган товарга бўлган мулк ҳуқуқи товарнинг сотилиш пайтигача сотувчига тегишли бўлади.

Юқорида келтирилганлардан хулоса қилиш мумкинки, суриштирувчи, терговчи ёки суд томонидан ҳукмнинг мулкий ундиришлар тўғрисидаги қисми ижросини таъминлашда «вақтинча сақлаш» ва «божхона омбори» режимларида сақланаётган товарларни хатлашда ташқи иқтисодий фаолият шартномаси асосида вужудга келадиган мулк ҳуқуқига мазкур шартноманинг тури, унда мавжуд шартлар, шунингдек амалдаги қонунчиликда мавжуд бошқа қоидалар ҳам таъсир этиши мумкинлигини инобатга олиш лозим.

 

Отабек ИБРАГИМОВ, 

ЎзР Адлия вазирлиги
Юристлар малакасини ошириш маркази тингловчиси.

Прочитано: 1596 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика