ЯСТ ҳисоб-китобига 1-илованинг 060-сатрида ижара тўловининг ошиш суммасини акс эттирамиз.
Давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун энг кам ставкалардан келиб чиқиб ҳисобланган ижара тўловининг шартномада белгиланган ижара тўловидан ошиш суммаси бухгалтерия ҳисобида қандай проводкалар билан акс эттирилади?
Замира,
МЧЖ бухгалтери.
– Давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўлови энг кам ставкаларидан келиб чиқиб ҳисобланган ижара тўлови суммаси шартномада белгиланган ижара тўловидан ошганда юзага келган фарқни бухгалтерия ҳисобида даромад сифатида акс эттириш керак эмас. Акс ҳолда молиявий натижани бузиб кўрсатасиз.
Бундай солиштириш тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини аниқлаш мақсадидагина амалга оширилади (27.12.2016 йилдаги ПҚ-2699-сон қарорнинг 5-банди).
Даромад деганда хўжалик юритувчи субъектнинг оддий фаолияти давомида олинган даромадлар, шу жумладан маҳсулотни сотиш (ишларни бажариш ва хизмат кўрсатиш)дан олинган даромадлар, олинган фоизлар, дивидендлар, роялти ва бошқалар тушунилади (АВ томонидан 26.08.1998 йилда 483-сон билан рўйхатдан ўтказилган 2-сон БҲМС).
Ижарадан тушумлар даромадни юзага келтиради, у белгиланган энг кам даражадан юқори ёки паст эканлигига қарамай, ҳисобда акс эттирилади:
● агар мол-мулкни ижарага бериш асосий фаолият ҳисобланса – 4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган ҳисобварақлар» ҳисобварағи бўйича 9030-«Ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишдан даромадлар» ҳисобварағи билан корреспонденцияда;
● агар мол-мулкни ижарага бериш асосий фаолият ҳисобланмаса – 4820-«Оператив ижара бўйича олинадиган тўловлар» ҳисобварағи бўйича 9350-«Оператив ижарадан даромадлар» ҳисобварағи билан корреспонденцияда.
Замира ЖЎРАЕВА,
«Norma Online» эксперти.