2017 йилда мустақил юридик шахс сифатида болалар соғломлаштириш ёзги оромгоҳини очиш режалаштирилмоқда. Қонун ҳужжатларига хилоф иш юритмаслик учун ушбу фаолият тури юзасидан қуйидаги саволларимга жавоб беришингизни сўрайман:
1. Агар сентябрдан майгача бўлган даврда оромгоҳ ишламаса, директор ва бош бухгалтерга иш ҳақи ҳисоблаб ёзиш ҳамда ДСИга ҳисоб-китобларни тақдим этиш керак бўладими?
2. Оромгоҳда овқатлантиришни ташкил этиш умумий овқатланиш деб ҳисобланадими? Оромгоҳда овқатлантириш қандай ҳисобга олинади? Озиқ-овқат маҳсулотларини харажатларга оддийгина ҳисобдан чиқариб қўя қолса бўладими?
3. Ушбу фаолият тури солиқлар бўйича қандай имтиёзлардан фойдаланади?
Р.Ким,
МЧЖ бош бухгалтери.
1 |
Ҳа, оромгоҳнинг мавсумий фаолиятидан қатъи назар, директор ва бош бухгалтерга ишлаган вақтига мутаносиб иш ҳақи ҳисоблаб ёзиш ҳамда ДСИга ҳисоб-китобларни тақдим этиш зарур.
Муайян сабабларга кўра вақтинча фаолият юритилмаётганига қарамай, корхонани ишчи ҳолатда тутиб туриш ва ҳисоботлар ўз вақтида топширилишини таъминлаш раҳбар зиммасига юклатилади. Давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб корхонада ўз активлари, хусусий капитал ва мажбуриятларнинг бухгалтерия ҳисобини юритиш; солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларни аниқлаш ва уларнинг ҳисобини юритиш; молиявий ва солиқ ҳисоботини тузиш ҳамда уни солиқ органларига тақдим этиш зарурати юзага келади (Солиқ кодексининг 34-моддаси; «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 25-моддаси).
Шу тариқа, ҳатто оромгоҳ фаолият юритмаётган даврда ҳам директор ва бош бухгалтерга ишлаган кунлари (соатлари) сонидан келиб чиқиб иш ҳақи ҳисоблаб ёзиш зарур.
Штат жадвалига кўра ойлик меҳнат ҳақи қонун ҳужжатларида Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланган миқдордан оз бўлиши мумкин эмаслигига эътибор қаратинг (МКнинг 155-моддаси). Энг кам маош 370 842,9 сўмни (149 775 х 2,476) ташкил этади. Тўлиқ ой (кун) ишламаганда иш ҳақи ишланган кунлар (соатлар) сонига мутаносиб равишда ҳисоблаб ёзилади. Бунда ходимларнинг иш режими иш берувчи билан келишилган, меҳнат шартномалари ёки корхонанинг локал ҳужжатларида назарда тутилган бўлиши керак. Ишда ҳозир бўлмаслик ҳам иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил сифатида расмийлаштирилиши мумкин, лекин у 12 ойлик давр мобайнида жами 3 ойдан ортиқ бўлмаслиги керак (МКнинг 150-моддаси).
2 |
Болалар соғломлаштириш оромгоҳида овқатлантиришни ташкил этиш оромгоҳ хизматларининг ташкилий қисми ҳисобланса ва корхона таомларни четга сотмаса, умумий овқатланиш сифатида қаралмайди.
Овқатлантиришни ташкил этиш харажатлари қўшимча харажатлар сифатида хизматлар таннархига киритилади. Ушбу далилни корхонанинг ҳисоб сиёсатида қайд этиш зарур. Шунингдек унда қолдиқлар ва чиқиб кетаётган товар-моддий захиралар қийматини аниқлашнинг қўлланадиган усули (оромгоҳ учун ўртача қиймат ёки ФИФО усулини тавсия этамиз) ҳамда уларни ҳисобга олиш тизими: узлуксиз ёки даврий ҳисобга олиниши очиб берилган бўлиши керак (АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган 4-сон БҲМСнинг 58, 81-бандлари). Оромгоҳда озиқ-овқат маҳсулотларини ҳисобга олиш учун бир ойдаги ёки сменадаги (йўлланма бўйича дам олиш муддати) ТМЗнинг даврий ҳисобини қўллаган маъқул.
Соғломлаштириш мавсуми очилиши арафасида соҳа корхоналари билан озиқ-овқат товарларини етказиб беришга шартномалар тузилади. Кирим қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари материалларни ҳисобга олувчи ҳисобварақларда (1000) акс эттирилади.
Овқатлантиришни ташкил этиш харажатларини қўшимча харажатлар сифатида ҳисобга олиш учун 2310-«Ёрдамчи ишлаб чиқариш» ҳисобварағидан фойдаланишни тавсия этамиз. 2310-ҳисобварақ дебетига, бошқа харажатлар (ошхонадаги ишчиларнинг иш ҳақи, ЯИТ ва ҳ.к.) қатори, амалда хизматлар кўрсатиладиган пайтгача (яъни йўлланма даврида) озиқ-овқат маҳсулотлари қийматини (1010-«Хом ашё ва материаллар» ҳисобварағи) ҳам киритиш, сўнгра 9130-«Бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар таннархи» ҳисобварағига ҳисобдан чиқариш зарур.
Овқатланиш харажатларини ҳисобдан чиқаришда оромгоҳда болалар билан бир қаторда одатда унинг ходимлари ҳам овқатланишига эътибор беринг. Бу ҳолда ходимларни овқатлантириш харажатларини алоҳида ҳисобга олиш лозим, сабаби улар ходимларнинг компенсация тарзидаги даромадлари ҳисобланади. Тегишинча, уларга ЖШДС, суғурта бадаллари ва ЯИТ солиниши керак (Солиқ кодексининг 174-моддаси 13-банди, 306-моддаси).
Овқатланиш харажатларини аниқлаш мақсадида болалар учун тавсия этиладиган тасдиқланган овқатланиш нормалари ва асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ассортиментидан (5.08.2010 йилдаги 0285-10-сон ЎзР СҚН, 0286-10-сон ЎзР СҚН) фойдаланиш мумкин.
3 |
Болалар соғломлаштириш муассасалари хизматларини кўрсатувчи микрофирмалар ва кичик корхоналар 1.01.2020 йилгача фойда солиғи ва ягона солиқ тўловини тўлашдан озод қилинган (17.04.2006 йилдаги ПҚ-325; 27.12.2016 йилдаги ПҚ-2699-сон қарорнинг 26-банди). Башарти имтиёзлар назарда тутилган хизматлар турларини кўрсатишдан тушуми умумий тушум ҳажмининг 80%и ва ундан ортиқни ташкил этса, мазкур имтиёзлар микрофирмалар ва кичик корхоналарнинг барча даромадларига татбиқ этилади (ПҚ-2699-сон қарорга 35-илова).
Болалар дам олиш оромгоҳларининг хизматлари ҚҚСдан озод қилинади (Солиқ кодексининг 208-моддаси 15-банди).
Мол-мулк солиғи ҳисоблаб чиқарилаётганда солиқ солинадиган база таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасига кирадиган объектларнинг ўртача йиллик қолдиқ қийматига (ўртача йиллик қийматига) камайтирилади (Солиқ кодексининг 269-моддаси 2-банди).
Таълим, соғлиқни сақлаш ташкилотлари ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни амалга оширишда фойдаланадиган ер участкалари учун ер солиғини тўлашдан озод қилинади (Солиқ кодексининг 282-моддаси 1-банди).
Болалар соғломлаштириш оромгоҳининг фаолияти таълим фаолиятига киришига эътиборингизни қаратамиз («Таълим тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддаси; АВ томонидан 7.04.2014 йилда 2572-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом; АВ томонидан 9.04.2015 йилда 2663-сон билан рўйхатдан ўтказилган Давлат талаблари). У лицензияланади. Лицензия Давлат тест маркази томонидан таълимнинг ҳар бир турига берилади (Низом, ВМнинг 1.03.2004 йилдаги 100-сон қарорига 1-илова).
Агар болаларни соғломлаштириш тиббий хизматлар кўрсатилишини назарда тутса, тиббий фаолиятга лицензия талаб этилади (Низом, ВМнинг 29.03.2012 йилдаги 92-сон қарорига 1-илова). Агар болалар оромгоҳи билан тузилган шартномага кўра шундай лицензияси бўлган тиббиёт муассасаси ходимлари болаларга тиббий хизматлар кўрсатса, у керак бўлмайди.
Замира ЖЎРАЕВА,
«Norma Online» эксперти.