Ёш оила аъзосининг отаси (онаси) олган дивидендлар ипотека кредитини қоплашга йўналтирилганда Солиқ кодексининг 179-моддаси 30-бандида назарда тутилган имтиёз қўлланадими?
Е.Реутова,
МЧЖ бош бухгалтери.
– Йўқ, ёш оила аъзосининг отаси (онаси) олган дивидендлар ипотека кредитини қоплашга йўналтирилганда Солиқ кодексининг 179-моддаси 30-бандида назарда тутилган имтиёз қўлланмайди.
Жисмоний шахслар – ёш оила аъзоларининг солиққа тортиладиган даромадларига солиққа тортиладиган иш ҳақи ва бошқа даромадларнинг шахсий уй-жой ёки кўп қаватли уйда хонадон қуриш, таъмирлаш ва сотиб олиш учун олинган ипотека кредитлари ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни қоплаш учун йўналтирилган суммаси кирмайди (18.05.2007 йилдаги ПФ-3878-сон).
Фармон татбиқ этиладиган ёш оила тоифасига, ҳар бири 30 ёшдан ошмаган, биринчи марта расмий никоҳдан ўтган ёшлар киради (ПФ-3878-сон Фармоннинг 3-банди).
Юқоридагиларга асосан Солиқ кодексининг 179-моддаси 30-бандида назарда тутилган ЖШДС бўйича имтиёз ёш оила аъзосининг ота-онасига татбиқ этилмайди.
Агар қишлоқ жойда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуришга ушбу мақсадлар учун кредитлар бериш қонун ҳужжатларига мувофиқ зиммасига юклатилган банклардан бирининг кредити олингандагина имтиёзни қўллаш мумкин бўлар эди (Солиқ кодексининг 179-моддаси 30-банди 3-қисми). Шунда ота-онаси олган ва ипотека кредитини қоплашга йўналтирилган дивидендларга, агар кредит шартномасида ота-онаси биргаликдаги қарз олувчи ҳисобланса, ЖШДС солинмаган бўлар эди.
Баҳром ОРТИҚОВ,
«Norma Online» эксперти.