Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда Олий Мажлис ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳукуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти (бизнес омбудсман) фаолиятининг ҳуқуқий асосларига бағишланган семинар ўтказди.
Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Б.Матмуродов, Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидов, Савдо-саноат палатаси раиси А.Шайхов ва бошқалар Олий Мажлис ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти ташкил этилиши тадбиркорларнинг ҳуқуқини қўллаб-қувватлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, амалдаги қонунчилик меъёрларига тўлиқ риоя этилиши юзасидан ижро интизомини такомиллаштиришда мустаҳкам кафолат бўлишини таъкидлади. |
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 5 октябрдаги «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони соҳада янги босқични бошлаб берди.
Фармонда 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинган. Юридик шахснинг тугатилиши билан боғлиқ текширишлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида фақат Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг қарорига мувофиқ ўтказиладиган қисқа муддатли текширувлар бундан мустасно.
Фармонга мувофиқ тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунлар ижроси устидан парламент назорати шаклларини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти ташкил этилади. Бу институт тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминлаши, давлат тузилмалари билан муносабатларда уларнинг манфаатларини ифодалаши назарда тутилган.
Семинарда Фармон қоидаларини амалга ошириш мақсадида тадбиркорлик фаолиятини изчил ривожлантириш, хусусий мулкчиликни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилаш борасида бешта энг устувор соҳа бўйича Комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланиб, халқаро стандартлар асосида бир қатор қонунларни қабул қилиш назарда тутилгани таъкидланди.
– Мамлакатимизда хусусий мулк ҳар томонлама ҳимояда, – дейди Тошкент вилояти Бекобод туманидаги «Довуржон Шодиёр» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Сафарой Бердиева. – Бизнес омбудсман ташкил этилиши тадбиркор ва ишбилармонларга, айниқса, кичик бизнес вакилларига эркин ва самарали иш юритиш, иқтисодиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшишда янги имкониятлар яратади.
Семинарда бизнес омбудсманнинг ҳуқуқлари, унинг ҳудудлардаги бўлимлари ва уларнинг моддий-техник таъминоти, вакилларни танлаш ёки сайлаш жараёни каби масалаларга доир таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
ЎзА материали асосида.