Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 51 / Божхона

Қайта ишлаш учун олиб киринг

 

Мен ҳунармандман. Ёзда чет эллик аёл қизининг тўйига атаб 4 та уйда тўқилган буюртма гиламни сотиб олди. Бироқ тўй бўлмаган. Энди буюртмачи буюмлар тагидаги ёзувли суратни алмаштириш учун уларни қайтариб юборишни мўлжалламоқда (алмаштириладиган полотно ҳажми 2,4 метрга 0,32 метр, жами 8 дона). У менда ҳам, ўзида ҳам ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги учун ҳаммасини расман божхона орқали ўтказмоқчи. Буни қандай расмийлаштириш мумкин, қиймати қанча бўлади?

Иқлима С.

 

– Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режими доирасида бундай операцияни ўтказиш назарда тутилган, бунда товар божхона ҳудудига қайта ишлаш ва уни қайта ишлаш маҳсулотлари тарзида олиб чиқиш мақсадида, божхона божлари ва солиқлар тўлашдан шартли озод этилган ҳолда олиб кирилади (Божхона кодексининг 12-боби).

Товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш операциялари (БКнинг 71-моддаси), хусусан, қуйидагилардан иборат:

олиб кирилган товарни унинг дастлабки хоссалари ва индивидуал кўрсаткичларини ўзгартириб, лекин қайта ишлаш маҳсулотида уни идентификациялаш имконини берувчи товар хусусиятларини сақлаган ҳолда бевосита қайта ишлаш ёки унга ишлов бериш*;

олиб кирилган товардан фойдаланган ҳолда бошқа товар тайёрлаш, шу жумладан, монтаж қилиш, йиғиш ёки қисмларга ажратиш;

товарни таъмирлаш, шу жумладан, уни тиклаш ва таркибий қисмларини алмаштириш.

Товар божхона ҳудудида қайта ишлаш мақсадида олиб кирилганда иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмайди, бундан БКнинг 82-моддасида назарда тутилган тақиқлар ва чекловлар мустасно (БКнинг 70-моддаси 2-қисми).

 

Диққат! Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимида товар таъмирланаётганда қайта ишлаш маҳсулотининг алмаштирилишига қайта ишлаш маҳсулотига алмаштирилувчи товар божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига мувофиқ таъмирлаш учун мўлжалланган товар билан айнан бир хил ёхуд унга ўхшаш бўлган тақдирда йўл қўйилади (БКнинг 78-моддаси).

 

Расмиятчиликлар

Товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштириш Божхона кодекси 21-бобининг қоидаларига мувофиқ божхона органи томонидан бериладиган товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш рухсатномаси асосида амалга оширилади (БКнинг 70-моддаси 4-қисми).

Сизнинг ҳолатда товарни божхона ҳудудида қайта ишлашга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади:

олиб кирилган товарни божхона органлари томонидан уни қайта ишлаш маҳсулотларида идентификациялашни ўтказиш мумкинлиги;

агар товар Маданият ва спорт вазирлиги Бадиий экспертиза бошқармаси томонидан назорат қилиниши лозим бўлса – буюмларнинг бадиий қимматига қараб, божхона органларининг ахборот тизимида ушбу органнинг рухсатномалари мавжудлиги;

товарни қайта ишлаш операцияларининг БКнинг 71-моддаси талабларига мувофиқ бўлиши.

Товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштириш ЎзРнинг ҳар қандай манфаатдор шахси томонидан, шу жумладан, товарнинг эгаси бўлмаган ёки бевосита товарни қайта ишлаш операцияларини бажармайдиган шахс томонидан амалга оширилиши мумкин. Бунинг учун декларант божхона органига БЮДни ва товарнинг кузатув ҳужжатларини тақдим этади.

Рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжатлар бўлган тақдирда божхона ҳудудида қайта ишланадиган товарларга нисбатан божхона органларининг ахборот тизимида бундай ҳужжатлар мавжудлигини божхона органи мустақил равишда текширади (БКнинг 72, 73-моддалари).

Товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш рухсатномаси 2 йил муддатга берилади. Бироқ уни олган шахс рухсатноманинг амал қилиш муддати тугашидан аввалроқ божхона режимини тугаллаш ҳуқуқига эга. Бунда товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш рухсатномасининг амал қилиш муддати ва қайта ишлаш муддати товар божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирилган кундан эътиборан, товар алоҳида туркумлар билан олиб кирилганда эса, товарнинг биринчи туркуми божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирилган кундан ­эътиборан бошланади (БКнинг 75-моддаси).

 

Диққат! Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимининг айрим жиҳатлари бор (қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормаси, олиб кирилган товарларнинг эквивалент компенсацияси ва б.), уларни билиш ва ҳисобга олиш лозим. Мутахассис ёрдамисиз буни тушуниш мушкул. Шу сабабли батафсил маслаҳат сўраб божхона брокерига мурожаат қилишни тавсия этамиз.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.


*Қайта ишлаш учун олиб кирилган товарлар унга эквивалент товарни қайта ишлаш натижасида олинган (БКнинг 77-моддаси), ишлаб чиқаришнинг узлуксиз циклларига тааллуқли технологик жараёндан қайта ишлаш учун фойдаланилаётган ёки божхона ҳудудида ўхшаш ва (ёки) айнан бир хил қайта ишлаш маҳсулотлари ишлаб чиқарилишини истисно этадиган ноёб технологик жараёндан қайта ишлаш учун фойдаланилаётган ҳоллар бундан мустасно (БКнинг 74-моддаси 3-қисми).

Прочитано: 1515 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика