Корхона 2015 йил декабрида товарни импорт қилди. Пул маблағлари йўқлиги сабабли ҚҚС 2016 йил январида тўланди. Корхона солиқни қайси даврда ҳисобга олишга ҳақли – декабрдами ёки январда?
Анастасия,
бухгалтер.
– Ҳисобга олинадиган қўшилган қиймат солиғини аниқлашда Солиқ кодексининг 39-бобига амал қилиш лозим. Солиқ кодексининг 218-моддаси 1-қисмида ҳақиқатда олинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича тўланиши лозим бўлган (тўланган) ҚҚСнинг суммасини ҳисобга олиш учун қуйидаги шартлар бажарилиши белгиланган:
товарларни (ишларни, хизматларни) олувчи Солиқ кодексининг 197-моддасига мувофиқ ҚҚС тўловчиси бўлиши;
товарлардан (ишлардан, хизматлардан) солиқ солинадиган оборотлар, шу жумладан ноль даражали ставка қўлланиладиган оборотлар мақсадида фойдаланилиши;
олинган товарларга (ишларга, хизматларга) етказиб берувчи томонидан ёзилган ҳисобварақ-фактура ёки Солиқ кодексининг 222-моддасига мувофиқ тақдим этиладиган ҚҚС алоҳида ажратиб кўрсатилган бошқа ҳужжат мавжуд бўлиши;
товарлар импорт қилинганда қўшилган қиймат солиғи бюджетга тўланган бўлиши. Агар импорт қилинган товарлар бўйича солиқни бюджетга тўлашдан озод этиш тарзида бўшаган маблағларни аниқ мақсадларга йўналтириш шарти билан имтиёз берилган бўлса ҳам ҚҚС ҳисобга олинади;
Солиқ кодексининг 207-моддасида назарда тутилган ҳолларда (норезидентдан олинган ишлар ва хизматлар) қўшилган қиймат солиғи бюджетга тўланган бўлиши;
ноль даражали ставка бўйича солиқ солинадиган товарлар экспортида чет эллик сотиб олувчи (тўловчи) томонидан экспорт қилинаётган товарлар учун ҳақ тўланганлигини тасдиқловчи банк ҳужжатидан кўчирма мавжуд бўлиши.
Корхонангиз товарни ўтган йил декабрида импорт қилгани, унга доир ҚҚСни эса жорий йил январида тўлагани сабабли ҚҚС суммаси импорт бўйича қўшилган қиймат солиғи тўланган ҳисобот даврида, яъни жорий йил январида ҳисобга олинади.
Валерий ЛИ,
ЎзР Молия вазирлигининг солиқ ва божхона тарифи сиёсати бошқармаси бўлим бошлиғи.