Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 18 / Солиқ солиш

Танаффус ва дам олиш кунларисиз ишлаганда

 

МЧЖ (ХХТУТ коди – 71212) савдо майдони 51–75 кв.метр бўлган, дам олиш кунлари ва танаффусларсиз ишлайдиган дорихоналар тармоғига эга. 6 кунлик иш ҳафтасида улар соат 8.00 дан 21.00 гача, якшанба ва байрам кунлари эса соат 8.00 дан 20.00 гача ишлайдилар.

Корхонага тегишли бўлган дорихоналар тармоғининг асосий ходимлари сони меъёрини қандай қилиб белгилаш мумкин? Ўзгарувчи дам олиш кунлари билан бирга сменали иш жадвалини белгилаш мумкинми? Масалан, ҳар бир дорихона фармацевтлари учун 2 сменали иш режимини жорий этса бўладими? Сменанинг давомийлиги бир кунда 8 соатдан ошмайди, дам олиш ва байрам кунлари эса – 1 соат кам бўлади.

Н.Наимов,

бухгалтер.

 

– Чакана савдода ходимларнинг энг кам сонини Иқтисодиётнинг айрим тармоқлари хўжалик юритувчи субъектлари учун ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрларини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 28.12.2010 йилда 2173-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин – 2173-сон Низом) тартибга солади.

6 кунлик иш ҳафтаси ва ҳар кунги иш муддати 12 соатни (ҳафтасига жами 72 соатни) ташкил этган чакана савдо корхоналарида асосий ходимлар сонининг энг кам меъёрлари савдо майдони ҳажмидан келиб чиқиб аниқланади (2173-сон Низомга 1-илова). Агар иш вақти режими 72 соатдан ошса, асосий ходимлар сонининг энг кам меъёрига оширувчи коэффициент қўлланади.

Бир нечта турғун савдо шохобчасига эга бўлган чакана савдо ташкилоти ходимлар сонининг энг кам меъёрини уларнинг ҳар бири учун алоҳида-алоҳида аниқлайди (АВ томонидан 23.02.2011 йилда 2200-сон билан рўйхатдан ўтказилган Ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрлари жорий этилишини ҳисобга олган ҳолда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг 9-банди, бундан кейин – 2200-сон Низом). Ташкилотнинг маъмурий ва техник ходимларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб маъмурий, техник ва ёрдамчи ходимлар сони штат жадвалига мувофиқ белгиланади. Маъмурий ва техник ходимлар асосий ходимлар сонининг энг кам меъёри таркибига киритилмайди, балки алоҳида қўшиб қўйилади. 2173-сон Низомга 3-иловада чакана савдо корхонасида хизматчи ва ишчи касбларнинг тавсия этилган рўйхати келтирилган.

 

МИСОЛ. Дори-дармонлар билан чакана савдо қилувчи Тошкентдаги корхона 5 та дорихонага эга. Ҳар бир шохобчанинг савдо майдони 51–75 кв.метрни ташкил қилади. Иш режими – ҳафтада 90 соат. Маъмурий ходимлар сони – 6 киши, техник ходимлар сони – 5 киши.

2173-сон Низомга 1-иловага кўра, майдони 51–75 кв.метр бўлган шохобча учун асосий ходимлар сонининг энг кам меъёри шаҳарда 4 кишини ташкил қилади. Корхонанинг иш режими ҳафтада 72 соатдан ошиши боис, оширувчи коэффициентни қўллаш лозим, у 1,25 (90 / 72) га тенг бўлади. Шу тариқа, 1 савдо шохобчасида асосий ходимларнинг энг кам сони 4 х 1,25 = 5 кишига тенг. Бутун корхона ходимларининг умумий сони энг кам меъёри (маъмурий ва техник ходимларни ҳисобга олганда):

5 киши х 5 савдо шохоб. + 6 киши + 5 киши = 36 кишига тенг.

Чакана савдо корхоналарида меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрларини ҳисоблаш учун корхона ходимлари сонини тариф коэффициенти ва энг кам иш ҳақига кўпайтириш керак. Тариф коэффициенти Меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича ягона тариф сеткасини (ВМнинг 21.07.2009 йилдаги 206-сон Қарори билан тасдиқланган) қўллаб, 2173-сон Низомга 5-иловада белгиланган ишларнинг ўртача разрядларидан келиб чиқиб аниқланади. ЯТС бўйича чакана савдо корхонаси учун ишларнинг ўртача разряди 2 ни, унга тегишли ҳисоб-китоб тариф коэффициенти эса 2,725 ни ташкил этади.

Меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрлари қуйидаги формула ёрдамида аниқланади:

МҲТФmin = КХС х Тк х ИҲЭКМ (2173-сон Низомга 4-илова).

Бизнинг корхонамиз учун у:

МҲТФmin = 36 х 2,725 х 130 240 = 12 776 544 сўмга тенг.

 

Агар меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёри амалдагидан кўп бўлса, чакана савдо корхоналари 2200-сон Низомга мувофиқ ЯИТ, фуқароларнинг суғурта бадаллари ва ЖШДСни қўшимча ҳисоблашлари шарт. Ҳисобланган энг кам МҲТФ белгиланган меъёрларга мувофиқ, иш жадвали (сменалилик) ёки ҳақиқатда ишлаётган фармацевтлар сонидан қатъи назар, тўловларни қўшимча ҳисоблаш учун қўлланади.

Энди ходимларингиз иш жадвалига келсак. Сиз ўз маркетинг манфаатларингизга энг кўп мувофиқ келадиган иш режимини мустақил равишда белгилашингиз мумкин. Бироқ ҳар бир ходимнинг иш вақтини белгилашда қонун ҳужжатлари билан ўрнатилган меъёрларни ёдда тутиш зарур. Ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас (МКнинг 115-моддаси).

Иш ҳафтасининг тури (5 кунлик ёки 6 кунлик иш ҳафтаси) ва иш вақти режими (кундалик иш вақтининг (сменанинг) муддати, ишнинг бошланиш ва тугаш вақти, ишдаги танаффуслар вақти, сутка давомидаги сменалар сони, иш кунлари ҳамда ишланмайдиган кунларнинг навбат билан алмашиниши, ходимларнинг сменадан сменага ўтиш тартиби) корхонада ички меҳнат тартиби қоидалари билан, бу ҳужжатлар бўлмаганда эса, – ходим билан иш берувчининг келишувига биноан белгиланади. Ишнинг тугаши билан кейинги куни (сменада) иш бошланиши ўртасидаги кундалик дам олиш вақтининг муддати 12 соатдан кам бўлиши мумкин эмаслигини кузатиш лозим (МКнинг 128-моддаси).

Иш вақтидан ташқари, яъни ходим учун белгиланган ҳар кунги иш (смена) муддатидан ортиқча ишлар, шунингдек дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади (МКнинг 157-моддаси).

 

Надежда ГУШЧИНА,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 2424 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика