Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 18 / Божхона

Коррупцияга қарши кураш: жамоатчилик қараб турмайди

Давлат божхона қўмитасининг «Тошкент-Аэро» ИБКда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳамда Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ҳамкорлигида «Коррупцияга қарши курашишда нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликнинг аҳамияти» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

 

«Тошкент-Аэро» ИБК бошлиғи, божхона хизмати полковниги Р.Тожиев коррупцияга қарши курашиш, энг аввало, мамлакатимизда жадал суръатларда олиб борилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар шароитида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишнинг муҳим воситаларидан бири эканлигини таъкидлади.

Дарҳақиқат, коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, давлатнинг конституциявий асосларини ва қонун устуворлигини заифлаштиради, пировардида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади.

Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси аъзоси О.Абдуғаниев мазкур иллатга қарши курашиш борасида республикамиз миллий қонунчилигида амал қилаётган нормалар ҳақида тўхталиб ўтди. Бугунги кунга келиб, республикамизда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси ва аниқ тизими шаклланганлигини таъкидлади.

Депутатлар коррупцияга қарши курашишда жорий йилнинг 12 апрелидан бошлаб кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонунининг (11.04.2016 йилдаги ЎРҚ-403-сон) аҳамияти хусусида ҳам сўз юритишди.

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти етакчи мутахассиси Б.Ибрагимов «Коррупцияга қарши курашишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни» мавзусида кўргазмали маъруза қилди. Маърузада мазкур институт томонидан коррупциянинг турли хил кўринишлари ҳақида аҳолининг хабардорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар ва коррупциянинг вужудга келиш сабаб ва шароитларини аниқлаш мақсадида ўтказилаётган сўровномалар хусусида тўхталиб ўтилди.

Бюрократизм, коррупция, расмиятчилик каби салбий ҳолатларнинг олдини олишда, аввало, фуқаролар ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгининг ривожланганлигига, фуқаролик жамияти институтларининг самарали фаолиятига, улар томонидан жамоатчилик назоратининг амалга оширилиши ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигига кўп жиҳатдан боғлиқдир.

Божхона органларида ҳам коррупцияга қарши курашиш бўйича кенг миқёсда ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, республикамиз божхона органлари шахсий таркиби ўртасида қонунбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш ҳамда божхона органлари сафларини нопок ходимлардан тозалаш борасида аниқ чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари (ВМнинг 2.03.2016 йилдаги 62-сон Қарори билан тасдиқланган) ижроси доирасида божхона органларида тарбиявий-профилактик ишларни кучайтириш, шахсий таркибнинг муносиб хулқ-атворда бўлишини таъминлаш, бурчга садоқатни мустаҳкамлаш, тизимга доғ туширувчи турли салбий ҳолатларга йўл қўйилишининг олдини олиш мақсадида давлат божхона хизмати органларининг одоб-ахлоқ қоидалари ва уларни қўллаш бўйича йўриқнома тасдиқланди.

Масалан, «Тошкент-Аэро» ИБКда 2015 йил ва 2016 йилнинг дастлабки чораги давомида 120 дан ортиқ мавзувий учрашувлар, якка тартибдаги профилактик-тарбиявий ишлар ва суҳбатлар ўтказилган. Бундай тадбирларга божхона ходимларининг ота-она ва оила аъзоларини ҳам жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 

Коррупцияга қарши курашишни таъминлашда мамлакатимиз:

  •  
    • 2008 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Коррупцияга қарши» Конвенциясини ратификация қилди;
    • «Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенциясига (Нью-Йорк, 2003 йил 31 октябрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида»ги Қонунини (7.07.2003 йилдаги ЎРҚ-158-сон) қабул қилди; 
    • 2010 йил март ойида Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши курашишнинг Истанбул режасига (2003 йил 10 сентябрь) қўшилди.

 

Шунингдек, пора бериш ва пора олишнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида кўргазмалари плакат ва буклетлар ишлаб чиқилган бўлиб, барча божхона бошқармалари, комплекслари ва постларига тарқатилган.

«Тошкент-Аэро» ИБКда узлуксиз фаолият юритувчи «Ишонч телефони» (120-86-30 рақамли) жорий қилинган бўлиб, у орқали фуқаролар божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар ёки божхона ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан хабар беришлари мумкин.

Бундан ташқари, «Тошкент-Аэро» ИБКнинг барча ташқи иқтисодий фаолият ва чегара-божхона постларидаги мавжуд мониторлар орқали йўловчилар ва ТИФ иштирокчилари учун доимий равишда коррупциянинг мудҳиш оқибатларидан огоҳлантирувчи ижтимоий видеороликлар намойиши йўлга қўйилган.

Коррупцияга қарши курашиш, ёш божхоначиларни ўз касбига садоқат руҳида тарбиялашда Божхона хизмати фахрийлар уюшмаси нодавлат нотижорат ташкилотининг маърифий йўналишдаги ҳамкорлиги ҳам аҳамиятли бўлмоқда.

ДБҚ Ахборот хизмати.

 

 

 

Прочитано: 2488 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика