Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 12 / Экспорт

Куз ғамини қишда енг

 

Бу йил қиш одатдагидан ташқари илиқ келди. Минтақанинг мева-сабзавотчилик соҳаси экспорт салоҳиятига бағишланган Форум иштирокчиларини Фарғона водийси баҳорги дала ишлари бошланиб, интенсив боғлар барқ уриб гуллай бошлаган бир паллада кутиб олди. Импорт қилиш борасида ўзини кўрсатиши кутилаётган йирик савдо тармоқларининг, транспорт-логистика компанияларининг, ЕИ мамлакатлари (Латвия, Литва, Германия ва бошқалар), Қозоғистон, Россия, Беларусь бизнес уюшмаларининг, шунингдек мева-сабзавот маҳсулотлари савдоси ва экспортини ривожлантиришдан манфаатдор ташкилотларнинг намояндалари ўзларини қизиқтираётган ҳосил ибтидосини кўришга муваффақ бўлдилар.

USAIDнинг минтақавий иқтисодий ҳамкорлик (REC) лойиҳаси томонидан Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Фарғона вилоят ҳокимлиги, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ҳамда ЕХҲТ ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда 300 га яқин киши иштирок этди.

 

 

 

Фарғона бизнесга кўмаклашиш марказида бўлиб ўтган икки кунлик Форумда бир қанча вазирлик ва идораларнинг, улар минтақавий бўлинмаларининг, давлат органларининг вакиллари, агрофирмалар, фермер хўжаликлари, қайта ишловчи корхоналар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари иштирок этдилар.

Фарғона шаҳар ҳокими Дилшод РАҲМАТОВ мева-сабзавотчиликни мамлакат ва Фарғона вилоят миқёсида ривожлантириш, имтиёзлар ва преференциялар ҳақида, минтақанинг экспорт имкониятлари тўғрисида гапириб берди. Фарғона водийси заминида етиштирилган мевалар ва сабзавотлар ҳақли равишда мамлакатимизда энг яхшилардан саналади. Вилоятда янги, серҳосил навлар яратиш, экспорт ҳажмини кўпайтириш, замонавий технологияларни жорий этиш юзасидан катта иш олиб борилмоқда. Бу ерда 52 агрофирма ташкил этилган бўлиб, улардан 19 таси мева-сабзавот маҳсулотлари ва узум етиштириш ҳамда экспорт қилиш билан шуғулланиб келмоқда. Замонавий совуткичли омборлар 68 минг тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлашга мўлжаллангандир. 2015 йилда вилоят табиат инъомларидан 120 млн АҚШ долларидан ҳам кўпроқ миқдорда экспорт қилди. Бу йил қарийб 2 млн тонна мева, сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари, узум етиштирилади деб чамаланмоқда. Шундан 280 минг тонначасини экспорт қилиш режалаштирилмоқда.

Форумнинг ишбилармонлик йўналишидаги дастури бой ва кўп қиррали бўлиб, таълимий сессияларни, давра суҳбатларини, В2В йўсинидаги амалий учрашувларни қамраб олади. Бизнесга кўмаклашиш марказида ташкил этилган кўргазма водийнинг ҳам янги, ҳам қайта ишланган ва қуритилган ҳолатдаги дала, полиз ва боғ маҳсулотларининг экспортга тавсия этилаётган намуналари намойиш этилди. Меҳмонлар мезбонларнинг тақдимотлари билан ҳам танишдилар.

 

Ўз биржанг бўлганга нима етсин

Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг бошқарма бошлиғи Улуғбек КАМОЛИДДИНОВнинг тақдимотида гап Экспорт аукцион майдончаси ҳақида борди. Аввало у экспортчилар ўртасида ўтказилган сўров якунларига тўхталди. Бу сўров маркетинг стратегиясини ишлаб чиқишда; хом ашё, бутловчи маҳсулотлар, ускуналар борасида ҳамкорлар ва маҳсулот етказиб берувчиларни излашда; ўзбекистонлик компанияларнинг маҳсулотлари тўғрисидаги ахборотларни тарқатиш ва бу компанияларни чет элларга дадиллик билан чиқишида; савдо-сотиқ тизимини, кўргазмалар ва ярмаркалардаги иштирокни такомиллаштиришда уларда кўмак ва мададга эҳтиёж катта эканлигини аниқлаб берди. Ишлаб чиқаришнинг қатор муаммолари ва кадрлар билан таъминланганлик масалалари ўз ечимини кутмоқда. Булар орасида халқаро сифат стандартларини жорий этиш; ходимларнинг малакасини ошириш, энг аввало, уларни ташқи бозорларда ишлашга ўргатиш; тор ихтисосликдаги мутахассисларни излаш ва ишга жалб этиш; маҳсулотнинг ташқи кўринишини мукаммаллаштириш сингари муаммо ва масалалар бор. Камолиддинов экспортчилар ўртасида ўтказилган сўров экспорт учун ҳужжатларни расмийлаштириш, сертификатлаштириш, логистика ва юкларни ташиш билан боғлиқ, шунингдек инвестиция лойиҳалари учун ташқи молиялаштиришни олишда кўмаклашишга, сотиб олувчининг иддаоларини эътироф этишга, тажриба алмашиниш, ҳамкорликда ҳаракат қилиш учун экспортчилар кооперациялашувига дахлдор қатор муаммоларни аниқлаганлигини ҳам айтиб ўтди.

Мева ва сабзавот экспортининг каттагина қисми Россия Федерацияси ҳиссасига тўғри келади. Бу борада ҳам етказиб берилаётган маҳсулотларни расмийлаштиришда мураккабликлар кам эмас. Чунончи, маҳсулот келиб чиқиш сертификатидан бўлак барча ҳужжатларни Россияда рўйхатга олинган юридик шахс расмийлаштиради. Бинобарин, ҳамма ҳужжатлар рус тилига таржима қилинмоғи керак. Сертификатланиши жоиз бўлган товарларнинг рўйхати йўқ. Сертификатлаштириш марказлари чекланган гуруҳдаги товарларгагина рухсат этиладиган ҳужжат беришлари мумкин. Боз устига уларни мева-сабзавот маҳсулотларининг ҳар бир туркуми учун олиш талаб этилади.

Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг вакили экспорт қилишда рақобатни чекловчи муаммоларга ҳам тўхталиб ўтди. Чунончи, ҳисоб-китоблар ҳақидаги маълумотларни расмийлаштириш учун ваколатли банклар олдиндан 100 фоизли тўлов тўланишини талаб қиладилар. Экспорт қилинаётган маҳсулотга ишчи гуруҳининг қарорлари билан АҚШ долларида минимал баҳо белгиланадики, хўжалик юритувчи субъект маҳсулотини бундан паст нархда олиб чиқишга ҳақли эмас.

Ишлаб чиқарувчининг ўзи махсус транспорт, совуткичлар йўқлиги учун, қолаверса, ишлаб чиқариш ҳажмлари айтарли кўп эмаслиги важидан экспорт билан шуғулланиши қийин.

Айни ана шу муаммони ҳал этишга Экспорт аукцион майдончаси ёрдам беради. Фермер хўжаликлари ана шу майдончада ўз мева-сабзавот маҳсулотларини намойиш этишлари, сотиб олувчилар эса, уларни электрон тизимда харид этишлари мумкин. Электрон савдо натижалари асосида мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари ҳамда узумни муайян нархни белгилаб олган ҳолда сотиш учун стандарт шартномалар тузилади. Бунинг учун экспорт бўйича ихтисослаштирилган агрологистика марказларининг марказлаштирилган тармоғини барпо этиш, олдиндан 100 фоиз ҳақ тўлаш талабини енгиллаштириш, экспорт шартномаларини тузиш ва ижро этиш йўналишидаги биржа механизмларини жорий этиш лозим. Давлат қўмитаси вакили товарларни аукцион орқали сотиш борасидаги жаҳон тажрибасини мисол қилиб келтирди. 100 йилдан ҳам ортиқ муддатда фаолият кўрсатиб келаётган Нидерландиянинг Flora Holland гулчилик биржаси ҳамда Франциядаги 1961 йилдан буён мева-сабзавот маҳсулотлари улгуржи савдоси билан шуғулланиб келаётган «Лион-Корба» улгуржи-тақсимлов маркази айни шу йўсин ишламоқда.

Бундай савдо тизимлари экспорт савдосини тезлаштиради, битимлар ижросини кафолатлайди, шартномаларни расмийлаштиришни соддалаштиради, «хомроқ» схемалар сонини қисқартиради, маҳсулотлар баҳоси ҳақидаги маълумотлар базасини шакллантиради, уларга бўлган талаб-эҳтиёжни прогноз қилади. Камолиддинов савдо-сотиқ механизмини қадам-бақадам гапириб ўтди.

1-қадам. Фермер қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш учун буюртма-ариза беради ва ўз товарини савдодан олдинги тайёргарлик учун агрологистика марказига топширади.

2-қадам. Сотиб олувчи бошланғич баҳонинг 10 фоизига қадар бўлган миқдорида закалат киритади ва сотиб олиш учун буюртма-ариза беради.

3-қадам. Электрон аукцион ўтказилади. Энг юқори баҳо таклиф этган сотиб олувчи ютиб чиқади.

4-қадам. Савдо ўтказилганидан кейин агрологистика маркази маҳсулотни сотиб олувчига юбориш учун юклаш ҳақида буйруқ олади.

5-қадам. Божхона «бир дарча» принципи асосида экспорт қилиш учун керакли ҳужжатлар туркумини беради.

6-қадам. Ҳисоб-китоб-клиринг палатаси шартномага мувофиқ ҳолда ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширади.

Нотиқ савдони тезлаштириш ҳамда савдо иштирокчиларининг харажатларини қисқартириш учун биржа импорт қилувчи мамлакат резиденти бўлмиш хорижий банкда ҳисоб-китоб-клиринг палатаси ҳисобварағини очиши мумкин деб таъкидлади. Яқин хориж мамлакатларидаги агробиржаларнинг интеграциялашуви ва майдончалар ташкил этиши қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини мавсум оралиғида импорт қилишни йўлга қўйиш имконини берадики, бу нарса ички нарх-наво ошишига йўл қўймайди.

Тўғри, Экспорт аукцион майдончаси зўр, ажойиб ғоя. Энди гап, лойиҳани амалга оширишда қолган. Бу янги механизмнинг жорий этилиши бозорда соғлом рақобатни мустаҳкамлаши, тартиб-таомилларнинг очиқ-ошкоралигини ошириши, экспортчиларнинг транзакция харажатларини қисқартириши, ишлаб чиқарувчиларнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаши, янги иш ўринлари барпо этиш ва ходимларни рўй-рост, очиқча ишлашини таъмин этиши турган гап.

 

Илгарилаш ва рағбатлантиришнинг самарали воситаси

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш фонди «кичик иқтисодиёт»ни ривожлантиришни рағбатлантириш ҳамда экспортни илдамлатишнинг самарали воситасидир. Унинг фаолияти ҳақида Фонд ижрочи директори Жаҳонгир МУСТАФОЕВ гапириб берди. 2015 йилда Фонд 3 213 тадбиркорлик субъектига ташкилий, ҳуқуқий ва молиявий хизматлар кўрсатди. Унинг шарофати билан жами 1 045 млн АҚШ доллари миқдорида товарлар ва хизматлар экспорт қилинди.

Кичик бизнеснинг долзарб муаммоларидан бири муайян мамлакатларнинг ташқи бозорлари хусусиятларидан бехабарлик, уларда у ёки бу маҳсулотга бўлган талаб-эҳтиёжни билмасликдир. Шу сабабли ҳам, Фонд томонидан қўллаб-қувватланган тадбиркорлик субъектларининг салмоқли қисмига айни қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати маҳсулотларини, шунингдек газлама ва ип калаваларни экспорт қилишда хорижлик ҳамкорларни излаш юзасидан ёрдам берилди. Шу мақсадда, МДҲ мамлакатлари, Англия, Италия, Сингапур, Ҳиндистон, Украина, Хитой, Туркия ва бошқа давлатларнинг бозорлари синчиклаб ўрганилди. Маҳсулотларни, хусусан, янги мева ва сабзавотларни экспорт қилиш билан боғлиқ транспорт харажатлари ҳақида ахборот тайёрланди.

Фонд ўтган йили тадбиркорлик субъектларининг жаҳондаги йирик ярмаркалар ва кўргазмалардаги, чет эллардаги тендерлардаги иштирокини ташкил этди, уларга лицензиялар, сертификатлар ҳамда чет эл қонун ҳужжатлари талаб этадиган ижозат ҳужжатларини олишда, божхона расмийлаштирувида ёрдам кўрсатди. Мамлакатимизнинг 200 дан ортиқ корхонаси ўз маҳсулотларини «Яшил ҳафта» (Германия), Foodex Japan 2015 (Япония), Умумхитой саноат маҳсулоти кўргазмаси, «Текстильлегпром-2015» (Россия) сингари ва бошқа кўпгина нуфузли анжуманларда тақдим этдилар. Улар 135 млн АҚШ доллари миқдорида аҳдлашувлар туздилар, бу эса аввалги йилдагидан 68 млн доллар кўпроқдир. Фонд шунингдек, 116 та экспорт шартномаси тузишда ўз ёрдам кўрсатди.

Фонд Миллий банк ва фермер хўжаликлари билан биргаликда агрофирмалар тармоғини барпо этиш лойиҳасини амалга оширмоқда. Улар йирик импортчилар ва хорижий савдо тармоқларининг талабларидан келиб чиқиб, мева ва сабзавот маҳсулотларини йил бўйи тенг миқдорда етказиб бермоқдалар ва бу билан мақбул баҳоларда шартномалар тузиш эвазига ҳам қўшимча наф кўрмоқдалар, ҳам экспорт салоҳиятини кенгайтирмоқдалар.

Фонд 2016 йилда яна 426 корхонани экспорт фаолиятига жалб этишни, 49 турдаги янги маҳсулотни, шу жумладан қўшилган қиймати юқори бўлган товарларни экспорт қилишни ўзлаштиришни, 752 корхонада халқаро сифат тизимини жорий этишни, чет элларда 5–10 савдо уйи очишни режалаштирмоқда.

Жаҳонгир Мутафоев зарур ҳолларда Фонд қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчиларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлайди деб қатъий ишонтирди.

 

Ҳамиша хизматга шай

Ангрен–Поп электрлаштирилган темир йўл линияси ишга туширилиши экспорт қўламини кенгайтиришда янгидан-янги имкониятлар беради, деди «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти Қўқон минтақавий боғламаси бошлиғи Отабек ЭРКАБОЕВ. Фарғона водийсига бораётиб йўл-йўлакай бу улкан қурилишни ҳайрат билан кўздан кечирдик. Логистика бўйича импорт ва экспорт қилувчилар ўз ишига жуда пишиқ халқ эмасми, шу заҳоти иқтисодий самарани баҳолашга, юк ташишнинг эҳтимолий ҳажмларини чамалашга, вақт ва молия бобида харажатлар камайишини тахмин қилиб кўришга тушдилар.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпаниясининг вилоят бошқармаси ташиш хизмати бошлиғи Зафар САИДМУРОДОВ миллий авиакомпаниянинг юк ташиш борасидаги имкониятларини тақдим этар экан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташишдаги сийлов ва чегирмаларни ҳам гапириб ўтди. Авиаташувчилар юкни етказиб беришни анчагина тезлаштириш орқали унинг бузилиб, нест-нобуд бўлиши олдини олиш имконини беради. Тақдимотчи «Боинг 767-300ER» қайта ускуналанган янги юк самолётлари имкониятларидан иштирокчиларни хабардор этди. Бундай самолётлар «Навоий» Халқаро интермодал логистика марказига ва марказдан юк ташиш билан боғлиқ рейсларда фойдаланилади. У, шунингдек, юк учун олдиндан жой банд этиб қўйишнинг ишончли ва замонавий автоматлаштирилган тизими ишлаётганлигини ҳам айтиб ўтди.

«Ўзулгуржисавдоинвест» улгуржи савдо корхоналари уюшмасининг экспортчиларга кўрсатаётган хизматлари ҳақида «Intertrade Invest» МЧЖ менежери Эльвина СЕЙДАМЕТОВА гапириб берди. Бугунги кунда уюшманинг саҳни 116 минг квадрат метр, сиғими 68 минг тонна бўлган 52 та ҳудудий базаси бор. 2020 йилга қадар, уюшма 325 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари сақланадиган замонавий, янги совуткич камералар барпо этади, бундай маҳсулотларни қайта ишлаш, сақлаш ва ташиш юзасидан 17 та логистика маркази барпо этилади. Шу жумладан, Фарғона вилоятида «Фарғонагўштсутсавдо» акциядорлик савдо базасида шундай марказ барпо этилади. Россия Федерациясида 3 та ва Қозоғистонда 1 та савдо уйлари очилди. Келгусида Россия Федерациясининг олис минтақалари – Сибирь, Узоқ Шарқ, Ямал-Ненец ва Ханти-Манси автоном округлари бозорлари ўзлаштирилади.

Уюшма келгусида ўсимликларни микроклон асосида кўпайтириш усули ва технологияси (in vitro технологияси) лабораториялари очишни мўлжаллаб турибди. Бундай лабораториялар барча турдаги ўсимликларнинг соғлом кўчатларини ялпи тарзда етиштиришга ёрдам беради.

Товарларнинг сифатини аниқлаш ҳамда мувофиқлик сертификатларини бериш учун агрономик тадқиқотлар арбитраж лабораториясини барпо этиш ҳам мўлжал қилинмоқда.

  

 

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) минтақавий директори Жорж ДЕЙКУН:

– Шуни таъкидлаш жоизки, ўтган йили кузда Ўзбекистонда мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ва экспорт қилишни ривожлантириш бўйича USAIDнинг минтақавий иқтисодий ҳамкорлик лойиҳаси томонидан ташкил этилиб, Тошкент шаҳрида ўтказилган Халқаро конференцияда серқуёш Ўзбекистон маҳсулотларини Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатларига ўтказишни (сотишни) кенгайтириш юзасидан амалий қадамлар қўйилди. Анжуманда қарийб 300 млн АҚШ доллари суммасида шартномалар имзоланди. Ҳозирги вақтга қадар, 160 млн долларлик битимлар амалга оширилди. Бу эса, мамлакатингизнинг улкан экспорт салоҳиятидан яққол дарак беради.

USAIDнинг яна бир лойиҳаси божхона тартиб-таомилларини «бир дарча» орқали амалга оширишга, бундай тартиб-таомилларни соддалаштиришга кўмаклашишдан иборатдир. Булар экспорт қилиш ҳамда минтақавий савдони ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни камайтиришга олиб келиши лозим.

Бундан ташқари, мана 10 йилдирки, фермерлар ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига техник кўмак бериш, хусусан уларни ўқитиш-ўргатиш бўйича 2 та лойиҳани амалга оширмоқдамиз. Халқаро сифат стандартларини жорий этиш, GlobalGAP бўйича сертификатлаш, шунингдек органик ўғитга асосланган деҳқончилик маҳсулотларини етиштириш ва экспорт қилиш юзасидан бир қанча тренинглар ўтказилди. Март ойида Латвия Элчихонаси билан ҳамкорликда 15 нафар фермер билан ана шу мамлакатга бориб, ЕИ давлатларининг экспорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талаблари билан яқиндан таништириш мақсадида тренинг ташкил этишни ўйлаб турибмиз. Шу аснода улар мулоқотларни йўлга қўйиш, ишончли харидорлар топишга, қолаверса, ҳамкасабалар билан тажриба алмашинишга муваффақ бўладилар.

Ҳозирги вақтда 3 та лойиҳани амалга оширишга доир режаларимиз маъқулланишини кутмоқдамиз. Бу лойиҳалар фермерларнинг техникавий имкониятларини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, етиштирилаётган маҳсулотларнинг қўшилган қийматини оширишга, мевали дарахтларни етиштириш, шакл бериш, буташ кўникмаларини бойитишга ёрдам бермоғи керак. Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, бу йўл ҳосилдорликни 30–50 фоиз оширади. Техник кўмак логистика ва ўров сифати соҳасида ҳам кўрсатилади.

Бугунги Форумдан амалий натижалар, хусусан, экспорт шартномалари имзоланиши ва диверсификация қилинишини кутмоқдаман. Табиийки, импортчилар билан алоқалар ривож топиб, маҳсулот етказиб бериш ва уларни ўтказиш бозорлари кенгайишидан умидворман. Бир сўз билан айтганда, иш дуруст натижа беради деб ўйлайман.

 

 

Сўнгсўз ўрнида. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ЕИ, Беларусь, Россия ва Қозоғистонга муваффақиятли тарзда чиқариш учун нималар қилиш кераклиги ҳақида, йирик халқаро савдо тармоқларининг бундай маҳсулотлар етказиб берилишига доир талаблари ҳақида, витаминга бой товарларни ташишда Болтиқбўйи ва Германиядаги портларнинг имкониятлари хусусида савдо ва транспорт-логистика ташкилотларининг бошлиқлари, маҳсулот импорт қилувчи мамлакатларнинг бизнес уюшмалари раҳбарлари иштирокчиларга гапириб бердилар. Биз, бу хусусда газетамизнинг навбатдаги сонида муфассал ҳикоя қилиш ниятидамиз. Яқин ва олис хориж мамлакатларидан келган Форум иштирокчиларининг ўзбекистонликлар билан олиб борилаётган савдо-сотиқнинг нозик жиҳатлари ҳақидаги, агрофирмаларни, совуткич омборхоналарни бориб кўриш асносида олинган, шунингдек кўргазмага қўйилган товарлар тўғрисидаги таассуротлар ҳам ўшанда баён этилгусидир.

 

Форум ишида махсус мухбиримиз

Гулнора АБДУНАЗАРОВА иштирок этди.

 

Прочитано: 3266 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика