Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 12 / Амалий бухгалтерия

Бир тугатиш иши учун учта ечим

 

Муассис корхонани ихтиёрий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бироқ корхонада ходимлардан иш ҳақи бўйича ва бюджетдан қарз мавжуд. Унда 2-сон картотека бор. Устав фонди тўлиқ шаклланган.

Муассис, агар у корхонани ихтиёрий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган бўлса, ҳисобрақамида маблағлар мавжуд бўлмаган тақдирда корхона ходимларга иш ҳақи бўйича ва бюджетга қарзларни қандай сўндириши мумкин?

В.Ропкас,

МЧЖ бош бухгалтери.

 

– Муассис олдида турган масалани 3 усулдаги ечим орқали ҳал этиш имконияти мавжуд.

 

I усул: барчасини сотиш орқали

Корхона ихтиёрий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилингунга ва мазкур таомил бошлангунга қадар давлат органини хабардор қилишдан олдин мол-мулкини сотиб, ўз мажбуриятларини сўндириши мумкин. Агар буни хабардор қилингунга қадар амалга оширмаса, кредиторлар олдидаги мажбуриятларни сўндириш учун мол-мулкни сотиш билан тугатувчи шуғулланади.

Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида низомга (Президентнинг 27.04.2007 йилдаги ПҚ-630-сон Қарори билан тасдиқланган) мувофиқ кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилиш учун пул маблағлари етарли бўлмаган тақдирда тугатувчи томонидан мол-мулкнинг бозор қийматини аниқлаш учун баҳоловчи ташкилот жалб этилади, кейин эса корхона мол-мулкини кимошди савдосида сотиш ташкил этилади.

Савдога қўйилган санадан бошлаб 2 ой мобайнида сотилмаган мол-мулк кредиторларга баҳолаш суммасида, қонун ҳужжатларида белгиланган навбатга риоя этган ҳолда мулк этиб қабул қилиш таклиф этилиши керак.

Низомнинг 23-бандида белгиланишича, биринчи навбатда фуқароларнинг меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган, алиментларни ундиришга ва муаллифлик шартномалари бўйича пул тўловларига доир талаблари, шунингдек фуқароларнинг ҳаёти ва саломатлигига етказилган зарар учун талаблар қондирилади. Кейинги навбатда давлат бюджетига ва мақсадли давлат жамғармаларига тўловлар амалга оширилади. Бошқа кредиторларнинг талаблари биринчи ва иккинчи навбатдаги мажбуриятлар сўндирилгандан кейин қондирилади.

Бошқача айтадиган бўлсак, мол-мулкни сотиб, сиз биринчи навбатда, ходимлардан иш ҳақи бўйича қарзларни сўндиришингиз керак. Кейин эса бюджет олдидаги мажбуриятлар бажарилади.

Сўнгра маблағлар бошқа кредиторлар талабларини сўндиришга йўналтирилади. Улар қондирилгандан кейин пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк қолдиғи муассислар ўртасида тақсимланади.

 

II усул: муассис ҳисобидан иш ҳақи

Ихтиёрий равишда тугатишда тадбиркорлик субъекти Солиқ кодексида тақдим этилган имтиёзлардан фойдаланиш имкониятига эгадир. Кодекснинг 129 ва 355-моддаларига мувофиқ субъект муассислари (иштирокчилар) бўлган юридик шахслар сингари жисмоний шахслардан келиб тушган пул маблағлари солиқ солиш объекти ҳисобланмайди. Бунда мазкур маблағлар қуйидагиларга йўналтирилиши назарда тутилган 2 шартга риоя этилиши шарт:

тугатилаётган ташкилот мажбуриятлари, шу жумладан солиқ ва тўловларни тўлашга доир мажбуриятларнинг бажарилиши;

қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ихтиёрий тугатишни тугаллаш.

Акс ҳолда мазкур тушумлар солиқ солинадиган базага киритилади ва уларга солиқ солинади.

Шу тариқа, агар юридик ёки жисмоний шахс бўлган муассислардан ҳисобрақамга маблағлар келиб тушган бўлса, улар тугатилаётган ташкилотнинг даромади сифатида қаралмайди ва солиқ солиш объекти ҳисобланмайди (Солиқ кодексининг 129-моддаси 3-қисмининг 15-банди, 355-моддаси 4-қисмининг 14-банди). Тўлов ҳақида шуни айтиш лозимки, муассис уларни тугатилаётган субъект мажбуриятларини, шу жумладан бюджетдан қарзларини сўндириш учун йўналтиради.

Агар муассис – жисмоний шахснинг даромадлари мажбуриятларни сўндиришга йўналтирилса (Солиқ кодексининг 179-моддаси 29-банди), юқорида айтиб ўтилган шартларга риоя этилган тақдирда уларга ҳам солиқ солинмайди.

 

III усул: банкрот деб эълон қилинганда

«Банкротлик тўғрисида»ги Қонуннинг (5.05.1994 йилдаги 1054-XII-сон, 24.04.2003 йилдаги 474-II-сон Қонун таҳририда) 3-бандига мувофиқ банкротлик (иқтисодий ночорлик) – хўжалик суди томонидан эътироф этилган, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини тўла ҳажмда қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини тўла ҳажмда бажаришга қодир эмаслигидир.

Қонуннинг 8-моддасига мувофиқ қарздорнинг аризаси билан бир ёки бир нечта кредиторларнинг талабларини қондириш қарздорнинг бошқа кредиторлар олдидаги пул мажбуриятларини ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини тўлиқ ҳажмда бажаришини имконсиз қилиб қўйишга олиб келадиган бўлса, қарздорнинг раҳбари хўжалик судига мурожаат этиши шарт.

Корхона иқтисодий ночор (банкрот) деб эътироф этилган пайтдан бошлаб ихтиёрий тугатиш тўхтатилади ва кейинги тартиб-таомиллар банкротлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Лилия ХИСМАТОВА,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 2340 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика