Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 12 / Мутахассис жавоб беради

АЖ: кенг миқёсдаги ўзгаришлар

 

2015 йилда акциядорлик жамиятлари фаолияти, корпоратив бошқарилиши ва уларга солиқ солишини ташкил этишни тартибга соладиган қонун ҳужжатларига кўп ўзгартишлар киритилди.

Бугунги шарҳда биз 2016 йилда акциядорлик жамиятлари ўз тузилмаси, солиқ қонунчилигига риоя этиш, устав капитали ва корпоратив бошқаришда нималарни ўзгартиришлари кераклигини кўриб чиқамиз.

 

Устав капиталини янгилаймиз

Президентнинг «Акциядорлик жамиятларига хорижий инвесторларни жалб қилиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорига (21.12.2015 йилдаги ПҚ-2454-сон) мувофиқ, устав капиталида хорижий инвесторнинг улуши 15%дан кам бўлмаслиги лозим. Ушбу талаб барча янги ташкил этиладиган акциядорлик жамиятларига тааллуқлидир. Устав капитали мазкур талабга жавоб бермайдиган ишлаб турган АЖлар эса 2016 йилнинг 1 июлигача уни Президент Қарорига мувофиқлаштиришлари керак. Стратегик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва бирламчи қайта ишлаш соҳасида фаолият юритаётган АЖлар, шунингдек табиий монополия субъектлари ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича нархи бошқариладиган ижтимоий аҳамиятга эга товарлар ва хизматларни етказиб берувчилар бундан мустасно (ВМнинг 10.02.2016 йилдаги ­33-сон Қарори).

Агар АЖ ўз устав капитали таркибига қўйилган талабни белгиланган муддатда бажармаса, у акциядорлик жамиятлари реестридан чиқарилади ва бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларга ўзгартирилади. Бундан солиқ имтиёзлари ва преференциялар берилиши тўхтатилишига олиб келадиган тегишли оқибатлар келиб чиқади.

 

Дивидендлар тўлаймиз

29.12.2015 йилдаги ЎРҚ-396-сон Қонун билан «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг (26.04.1996 йилдаги 223-I-сон, 6.05.2014 йилдаги ЎРҚ-370-сон Қонун таҳририда, бундан кейинАЖ тўғрисидаги Қонун) 53-«Тўланмаган (олинмаган) дивидендлар» моддасига ўзгартишлар киритилди. Улар жамият айби билан тўланмаган (олинмаган) дивидендларга ҳисоблаб ёзиладиган пенянинг чегараланган миқдорини аниқлаштирди – улар миқдорининг 50%идан ортиқ бўлмаслиги кераклиги белгиланди. Ҳисоблаб ёзилган пеняни ҳисоб-китоб қилиш учун ставканинг ЎзР МБнинг қайта молиялаштириш ставкасига мувофиқ бўлиши тартиби сақлаб қолинди.

Тўланадиган дивидендларга нисбатан акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чоралардан ташқари, хорижий капитални жалб этиш мақсадида ПҚ-2454-сон Қарор билан 2020 йилнинг 1 январигача хорижий инвесторларнинг АЖда уларга тегишли бўлган акцияларидан дивиденд тарзида олаётган даромади солиқ тўлашдан озод қилинди.

 

Менежерларни таклиф этамиз

Хориждаги тажрибали менежерларни жалб этиш учун қонун ҳужжатларидаги ўзгартишлар билан солиқ преференциялари берилди. АЖ тўғрисидаги Қонуннинг янгиланган 79-моддаси билан хорижий менежерларнинг жамият директори ёки бошқарув аъзоларини тайинлашга танловда иштирок этишлари мумкинлиги мустаҳкамланди.

Президентнинг «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (24.04.2015 йилдаги ПФ-4720-сон) билан бир қатор солиқ преференциялари берилди. Мазкур ҳужжат билан:

акциядорлик жамиятлари – бошқарув ходимлари сифатида жалб этилган хорижий ходимларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан ЯСТ тўлашдан озод этилдилар;

хорижий мутахассисларнинг уларнинг бошқарув ходимлари сифатидаги фаолиятидан олинган даромадлари – жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, манбада даромад солиғи, шунингдек Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий суғурта бадалларини тўлашдан озод этилди.

Ушбу преференциялар Солиқ кодексининг ўзгартирилган 179-моддасида мустаҳкамланди, унга кўра АЖ хорижий ходимларининг бошқарув ходимлари сифатидаги фаолиятидан олган даромадларига солиқ солинмайди, Солиқ кодексининг 308-моддаси ҳам ўзгарди, унга кўра ушбу даромадларга ЯИТ солинмайди.

 

Номланишни ўзгартирамиз

Президентнинг ПФ-4720-сон Фармонига мувофиқ, 2015 йилнинг 1 июлидан бошлаб акциядорлик ва бошқа хўжалик жамиятлари номларида, уларнинг устав капиталида давлат улушидан қатъи назар, «давлат» сўзидан фойдаланишга йўл қўйилмайди. Президентнинг 28.04.2015 йилдаги ­ПҚ-2340-сон Қарорининг 6-бандига кўра эса, давлат унитар корхоналари айрим ҳолларда фақат Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорига асосан ташкил этилиши мумкин. Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг улуши бўлган тижорат ташкилотлари эса фақат акциядорлик жамияти ёки масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этилади.

 

Ички аудит хизмати тўғрисида

Илгари амал қилган ички аудит хизматини барпо этиш тўғрисидаги низом кенгайтирилди. Энди бундай хизматлар активларининг баланс қиймати 1 млрд сўмдан ошадиган корхоналарда, шунингдек активларининг баланс қиймати ЭКИҲнинг 100 000 бараваридан (бугунги кунда у 13 024 000 минг сўмни ташкил этади) кўп бўлган АЖларда ташкил этилади. Улар кузатув кенгашлари томонидан тайинланади ва уларга ҳисобот беради (Президентнинг 27.09.2006 йилдаги ПҚ-475-сон Қарорининг 3-банди). АЖда ички аудит хизмати ташкил этилиши шартлигини келиб чиқарадиган активлар даражаси чегарасининг оширилиши тушунарли, чунки АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 107-моддасига кўра, жамиятнинг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш учун акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан тафтиш комиссияси (тафтишчи) сайланади, шунингдек мажбурий аудиторлик текшируви ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, тафтишчи (ёки тафтиш комиссияси)нинг мавжудлиги қонун билан белгиланган ҳолларда ички аудит хизматини ташкил этиш заруратини истисно этмайди. Ички аудитор тегишли сертификатга эга бўлиши керак. У юридик шахс ходими ҳисобланиб, бевосита кузатув кенгашига бўйсунади (Корхоналардаги ички аудит хизмати тўғрисида низом, ВМнинг 16.10.2006 йилдаги 215-сон Қарорига 2-илова). Тафтишчи эса юридик шахс ходими ҳисобланмайди, унинг ролини «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонунга кўра аудиторлик ташкилоти бажариши мумкин.

 

Ҳисоботни ХМҲСга ўтказамиз

Президентнинг ПФ-4720-сон Фармони билан 2015–2018 йилларда барча АЖлар йиллик молиявий ҳисоботни нашр этиш ҳамда Халқаро аудит стандартлари ва Халқаро молиявий ҳисобот стандартларига мувофиқ ташқи ­аудитни ўтказишга ўтадилар. Бироқ АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 102-моддасига киритилган ўзгартишларга кўра, барча акциядорлик жамиятлари жорий йилдан бошлаб ХМҲСга мувофиқ тузилган ҳисоботни халқаро аудит стандартларига мувофиқ текширилганидан кейин, акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан камида 2 ҳафта олдин чоп этишлари шарт. ХМҲС бўйича ҳисобот бугунги кунда шакллари, тузиш нормалари ва аниқ фойдаланувчилари назарда тутилган миллий молиявий ҳисоботга монанд эмас. ХМҲС бўйича ҳисобот ахборотни чоп этиш мажбурий ҳисобланади, бўлғуси инвестор, мулкдор ёки кредитор бўлишидан қатъи назар, ундан ҳар қандай фойдаланувчи очиқ фойдалана олади.

 

Ижрочи ва кузатувчиларнинг ҳисоботларини тинглаймиз

АЖ тўғрисидаги Қонунга киритилган ўзгартишлар билан акциядорлар умумий йиғилишининг ваколатлари кенгайтирилди ва кузатув кенгашининг ваколат доираси аниқлаштирилди. Унинг 58-моддасидаги умумий йиғилишда ҳал қилинадиган масалалар рўйхати жамият ижро этиш органи ва кузатув кенгашининг жамиятни ривожлантириш мақсадларига эришиш учун кўрилаётган чоралар тўғрисидаги ҳисоботларини кўриб чиқиш қоидаси билан тўлдирилди.

Акциядорлар умумий йиғилишининг ваколат доирасига энди жамиятнинг йиллик ҳисоботини ва йиллик бизнес-режасини, шунингдек жамият фаолиятининг асосий йўналишлари ва мақсадидан келиб чиққан ҳолда жамиятни ўрта муддатга ва узоқ муддатга ривожлантиришнинг аниқ муддатлари белгиланган стратегиясини тасдиқлаш киради (АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 59-моддаси).

Жамият кузатув кенгашининг ваколат доирасига эса жамиятни ривожлантириш стратегиясига эришиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида жамият ижроия органининг ҳисоботини мунтазам равишда эшитиб борган ҳолда АЖ фаолиятининг устувор йўналишларини белгилаш киритилган (АЖ тўғрисидаги Қонуннинг ­75-моддаси).

Мазкур ўзгартишларни 2016 йилда жамиятнинг 2015 молия йилидаги иш якунлари бўйича ўтказиладиган акциядорларнинг навбатдаги йиллик умумий йиғилишига тайёрланаётганда ҳисобга олиш лозим.

 

Божни айбдор тўлайди

Солиқ кодексининг 337-моддаси қуйидаги қисм билан тўлдирилди, унга кўра акциядорлар АЖ фаолиятидан келиб чиқадиган низолар бўйича ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисидаги даъво билан хўжалик судига мурожаат қилган тақдирда акциядорларга давлат божини тўлаш муддати кечиктирилиб, бу бож кейинчалик айбдор тарафдан ундириб олинади.

 

Солиқ имтиёзларини қўллаймиз

Қонун ҳужжатларининг акциядорлик жамиятлари устав фондига янги талаб қўйиши муносабати билан ­ПҚ-2454-сон Қарорнинг 4-бандига биноан, Президентнинг 11.04.2005 йилдаги ПФ-3594-сон Фармони билан хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарга хорижий инвестор томонидан киритилган инвестициялар ҳажмига қараб юридик шахсларнинг фойда солиғи, мол-мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ЯСТ, шунингдек Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлаш бўйича берилган имтиёзлар табақалаштирилган тарзда хорижий инвесторнинг улуши устав капиталининг 15%идан 33%игача миқдорни ташкил этадиган АЖларга татбиқ этилади.

Ундан Президентнинг ПФ-3594-сон Фармонида келтирилган иловага мувофиқ рўйхат бўйича иқтисодиёт тармоқларида маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган АЖлар фойдалана оладилар. Имтиёзнинг амал қилиш муддати тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестициялар ҳажмига боғлиқдир:

● 300 минг АҚШ долларидан 3 млн АҚШ долларигача – 3 йил муддатга;

● 3 млн дан ортиқ АҚШ долларидан 10 млн АҚШ долларигача – 5 йил муддатга;

● 10 млн АҚШ долларидан ортиқ бўлганда – 7 йил муддатга.

АЖ имтиёзларни қўллаши мумкин бўлган бир қатор шартларни ҳам ҳисобга олиш керак:

● мазкур корхоналарни, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятини истисно қилган ҳолда, республиканинг барча шаҳарлари ва қишлоқ аҳоли пунктларида жойлаштириш;

● хорижий инвесторлар томонидан тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни Ўзбекистон Республикасининг кафолати берилмаган ҳолда амалга ошириш;

● АЖнинг устав капиталида хорижий иштирокчиларнинг улуши камида 15%ни ташкил этиши лозим (Президентнинг ПҚ-2454-сон Қарорига мувофиқ);

● хорижий инвестицияларни эркин алмаштириладиган валюта ёки янги замонавий технологик ускуна тарзида қўйиш;

● мазкур имтиёзларни қўллаш муддати давомида имтиёзлардан олинган даромаднинг камида 50%ини корхонани янада ривожлантириш мақсадида қайта инвестициялашга йўналтириш.

Тегишли имтиёзлар олган корхонанинг фаолияти улар тақдим этилган муддат тугашидан кейин 1 йилдан камроқ вақтда тугатилган тақдирда, фойдани репатриация қилиш ва хорижий инвесторнинг капиталини хорижга олиб чиқиб кетиш фақат бюджетга тақдим этилган имтиёзларнинг суммалари қопланганидан кейингина амалга оширилади (Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб қилувчи корхоналар учун солиқ имтиёзларини қўллаш тартиби тўғрисида низом, АВ томонидан 11.01.2012 йилда 2312-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

 

Гўзал ИСЛОМОВА,

«Norma Online» МЧЖнинг бухгалтерия

ҳисоби ва солиқ солиш масалалари бўйича бўлим бошлиғи.

Прочитано: 2605 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика