Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 12 / Наврўзи олам муборак!

Наврўз ифори боқийдир

 

Ислом Каримов ташаббуси ва жасорати билан ҳали мустабид тузум ҳукмрон бўлиб турган даврда Наврўз байрами қайта тикланди. Президентимизнинг 1990 йил 3 майдаги Фармонига мувофиқ Наврўз умумхалқ байрами, 21 март дам олиш куни, деб эълон қилинди. Ўтган йилларда Наврўз мазмунан янада бойиди, халқимизнинг қадим маданияти, эзгу фазилатлари тимсолига айланди.

 

 

 

Марказий Осиё халқлари қадимда янги йилни Наврўзда нишонлаган. Бу чуқур илмий асосга эга: қуёш ҳамал буржига киради, кун ва тун тенглашади, ҳаво илийди, дарахтлар гуллай бошлайди, ердан буғ кўтарилиб, экишга тайёр бўлади, қир-адирлар кўм-кўк либосга бурканади.

Абу Райҳон Беруний, Умар Хайём, Алишер Навоий каби алломалар асарларида Наврўз ҳақида муҳим илмий маълумотлар келтирилган. Беруний «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» асарида бу байрамнинг ой бўйи давом этишини маълум қилган.

Наврўз тарихини ўрганиш бу байрамнинг Шарқда ҳунармандлик соҳасидаги бир қатор кашфиётлар натижасида пайдо бўлганини тасдиқлайди. Алишер Навоий «Тарихи мулуки ажам» рисоласида бу ҳақда кўплаб қимматли маълумот келтирган.

Баҳор айёмининг инсон руҳий оламида кўтаринки кайфият уйғотиши, тана аъзоларида тетиклик пайдо қилиши, шубҳасиз, адабиёт аҳли эътиборидан четда қолмаган. Баҳор халқ қалбида келажакка умид, турмушдан баҳраманд бўлиш кайфиятини уйғотган.

Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғотит турк» асарида келтирилган қуйидаги мисраларда аждодларимиз табиатни нақадар теран ҳис этгани ва уни гўзал ифодалаганини кўриш мумкин:

 

Яғмур ёғиб сачилди,

Турлук чечак сучулди,

Инжу қоби очилди,

Чиндан йипор югрушур.

 

Қадимий она тилимиздаги бу жумлалар маъносини англаш қийин эмас. Ёмғир ёғиб, ҳар тараф сочилгани, инжу қопи – дурлар хазинаси очилгани каби турли чечаклар уйғонгани, уларнинг йипори – ифори кезаётгани айтилмоқда.

Юсуф Хос Ҳожиб «Қутадғу билиг» достонининг дастлабки саҳифаларида гулзорда булбул минг овоз билан сайраши, дарахтлар яшил кийгани, қизил, сариқ, кўк гулларнинг очилганини моҳир мусаввирдек чизиб қўйган:

 

Қуримиш йиғочлар тананди йашил,

Безанди йапун ал, сариғ, кўк, қизил.

 

Мумтоз адабиётимиз тарихида ғазалларнинг дастлабки намуналари ҳам айнан баҳор мадҳи билан бошланган. Носируддин Бурҳонуддин Рабғузий «Қисаси Рабғузий» номли дидактик асарига назм чечаклари билан безак берар экан, «Баҳориёт» сарлавҳали ғазал битади. Унда шундай байтлар бор:

 

Кун ҳамалга кирди эрса келди олам наврўзи

Кечди баҳман замҳарир қиш қолмади қори бузи.

Кун келу минг кўрки ортиб тирилур ўлмиш жаҳон,

Тонг бадизлаб нақши бирла безанур бу ер юзи.

Тол йиғочлар минбаринда тўти қуш мажлис тутар,

Қумри булбул муқри бўлиб ун тузар тун-кундузи.

 

Эътибор берсак, юқоридаги мисолларда баҳор фаслининг табиатда мўъжиза яратиши, атрофга байрам безаклари билан файз бағишлаши маъно жиҳатдан бир-бирига яқин. Бадиий адабиётимиздаги бу анъана ижодкорлар учун доимий мавзуга айланди.

Бу борада ҳам Алишер Навоийнинг ўз ўрни, ўз ҳиммати бор. «Фарҳод ва Ширин» достонининг тўққизинчи бобидаги қуйидаги мисралар бадиий адабиётимиздаги жонлантириш санъатининг энг гўзал намуналаридан бири:

 

Чекар боғ ичра булбул анча афғон,

Ки афғони қилур гул бағрини қон.

 

Булбул баҳор айёмида ишқини шу қадар фиғон билан айтаяптики, унинг нолаларидан таъсирланган гул бағрини қон қилиб юборди. Достон давомида боғнинг ўт-аланга олгани айтилган ва қуйидаги байт берилган:

 

Бу ўт ёнида булбул маскан айлар,

Қанот урмоқ елидин равшан айлар.

 

Булбул қанот қоқиб, бу алангани янада равшанлаштирмоқда. Шоирнинг беназир истеъдоди билан инсонни ҳайратга солувчи манзара яратилган. Айни чоғда баҳорий мўъжизанинг ўқувчига ором бағишлашига эришилган.

Чўлпон «Кўклам келадир» шеърида баҳорнинг дилларга илиқлик, эркинлик инъом этишини орзу қилган:

Кўклам ойим йўлга чиққан, кўклам ойим қўзғалган,

Кўк кўйлакнинг битишига унча ҳам кўп қолмаган.

Қип яланғоч дарахтлар ҳам қучоқ очиб, кўз тутиб,

Кўк кўйлакнинг битишини чидамасдан кутурлар.

Қарғалар ҳам қишда қилган гуноҳларин унутиб,

Узр айтмасдан, индамасдан учиб-учиб кетурлар.

Кўнгиллар ҳам ҳаволардек кўклам ҳиди берсайди,

Дилларга ҳам ҳаволардек кўклам руҳи кирсайди.

 

Наврўз халқимизнинг онгу тафаккурига, турмуш тарзига сингиб кетган. Байрам тараддуди аҳолини бирлаштирган, меҳнат қилишга чорлаган. Ҳашарлар уюштирилиб, ариқ ва зовурлар тозаланган, ниҳоллар ўтқазилган. Аёллар совуқ қиш таъсирида намиққан гилам, кўрпа-ёстиқларни қуёшга ёйган, ҳовли-жойлар саришталанган. Қуриб қолган дарахтлар кесилган. Сумалак, ҳалим, кўксомсалар пиширилган. Ўзига тўқ одамлар эҳсонлар берган, дарвешоналар ўтказилган. Маҳалла-кўй, қариндош-уруғ бир-бирининг ҳолидан хабар олган, беморлар зиёрат қилинган. Сумалак пишириш асносида кайвони оналар туни билан қиз-жувонларга достонлар ўқишган, ибратли ривоятлар айтиб беришган. Буларнинг ҳаммаси халқни жипслаштирган, ёшларни тарбиялаган.

Собиқ тузум сиёсатдонларига айнан шу жиҳатлар маъқул бўлмаган. Наврўзга қарши узоқ курашган. Олиму мутахассисларнинг елиб-югуришларига, илмий асосларига ҳеч ким қулоқ солмаган. Наврўз сўзи олиб ташланган. Наврўз ўрнига сунъий равишда қандайдир байрам ихтиро қилмоқчи бўлишди. Табиийки, халқ қабул қилмади. Шу боис дарҳол ҳаммани эсидан чиқиб кетди. 1980-йилларнинг ўрталарида бу байрам мутлақ тақиқланган. Махсус одамлар уйма-уй юриб, сумалак пиширилаётган қозонларга тупроқ сепишган, керосин қуйишган. Асосий мақсад халқимиз ўз тарихини, миллий ўзлигини англашига тўсқинлик қилиш бўлган. Миллатимиз шукуҳини куйловчи «Алпомиш» достонининг қатағонга учраши Наврўзга ҳам қисмат бўлиб ўтган.

1990 йилда, ҳали мустабид тузум ҳукмрон бўлиб турган шароитда ­Ислом Каримов ташаббуси ва жасорати билан Наврўзни эмин-эркин нишонлаш бошланди. Давлатимиз раҳбарининг 1991 йил 12 февралдаги Фармонига мувофиқ Наврўз байрами катта тайёргарлик билан кенг нишонланди. Эсимда, ўша куни республикамизнинг барча ҳудудларида катта томошалар, концертлар уюштирилди. Тошкентнинг Хадра, Бешёғоч майдонларида ҳалим, сумалаклар тарқатилди. Бутун элимиз Наврўз тантаналарини байрам сифатида кенг нишонлади. Бу она Ватанимизда озодлик шабадаси эса бошлаганидан дарак эди.

Ҳар йили Президентимиз Ислом ­Каримов қарорига мувофиқ Наврўз байрамига катта тайёргарлик кўрилмоқда ва кенг нишонланмоқда. Пойтахтимизда ўтказиладиган тантаналар кўплаб мамлакатларга телеэфир воситасида трансляция қилинмоқда. Вилоятлар маркази, туманларда, қишлоқларда, маҳаллаларда ва оилаларда катта ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Мутахассисларнинг айтишича, чет эллик сайёҳлар Ўзбекистонга айнан Наврўз пайтида келишни исташар экан. ЮНЕСКО томонидан Наврўз инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилгани, 21 март Халқаро Наврўз куни деб эълон қилингани ҳам шундан далолат беради.

Бобо-момоларимиз асрлар давомида асраб, эъзозлаб келган Наврўз юртимизга гўзаллик, халқимизга хурсандчилик улашмоқда. Мамлакатимиздаги тинчлик-тотувлик, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамламоқда. Ўтмиши бой, келажаги буюк, миллий ғурури юксак халқимиз бор экан, бу байрам абадий бўлиб қолади.

 

Омонилла МАДАЕВ,

филология фанлари номзоди.

ЎзА.

Прочитано: 3464 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика