Бизнинг МЧЖ (ХХТУТ бўйича коди – 84300) реклама хизматларини кўрсатади. Ўтган йили иш ҳажми оз бўлди, IV чоракда буюртмалар умуман бўлмади. Молиявий натижалар тўғрисидаги йиллик ҳисоботда харажатлар соф тушумдан 30 млн сўмга ошганлиги маълум бўлди.
Агар тушум йўқ бўлса, реклама хизматлари кўрсатувчи корхона IV чорак учун ЯСТни қандай ҳисоблайди?
Реклама хизматларини кўрсатиш таннархи билан ундан олинган соф тушум ўртасидаги фарққа ЯСТ солинадими?
Г.Ахметова,
МЧЖ бухгалтери.
– Хизмат кўрсатиш соҳасидаги кичик корхоналар ЯСТни Солиқ кодексига мувофиқ, бироқ энг кам миқдордан – эгаллаб турган ер майдонидан келиб чиқиб, пасайтирувчи коэффициентларни ҳисобга олган ҳолда, жойлашган жойи ва амалга оширилаётган фаолият турларига боғлиқликда ҳисоблаб чиқарилган ер солиғининг уч бараваридан кам бўлмаган миқдорда тўлайдилар (Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом, АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
ЯСТнинг ҳисоблаб чиқарилган суммаси унинг энг кам миқдори билан қиёсланади. Агар у энг кам миқдордан кам бўлса (шу жумладан 2015 йилнинг IV чорагида тушум йўқлиги туфайли) энг кам миқдорнинг ҳисоблаб чиқарилган суммасидан ошган суммасида ЯСТ қўшимча ҳисоблаб ёзилади. Сиз бюджетга ЯСТнинг энг кам миқдори – ер солиғининг 3 баравар суммасини тўлашингиз лозим.
Солиқ кодексининг 355-моддаси қоидаларидан келиб чиқиб, товарлар ўз таннархидан паст нархда реализация қилинганда ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базага уларнинг таннархи (харид қилиш нархи) қўшилади. Мазкур норма хизмат кўрсатишга татбиқ этилмайди. Сизнинг ҳолатда реклама хизматлари реализациясидан олинган, ҳисобварақ-фактуралар билан тасдиқланган амалдаги тушумга солиқ солинади.
Дарина АБУХОВИЧ,
«Norma Online» эксперти.