Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 52 / Тарафдор ва қаршилар

Воситачими ёки етказиб берувчи?

 

«Куйни мобилникка юклаб олинг!» – телереклама шундай жар солади. Шу тариқа миллиардлаб сўмлик нарса кўчириб олинади, устига-устак нафақат рингтонлар, видео ва овоз ёзувлари, балки суратлар, гороскоплар, ўйинлар ва ҳоказолар ҳам юклаб олинади.

Бунда кимлар пул ишлаб олади? Ҳуқуқ эгалари – ушбу медиа-контент муаллифлари, уяли алоқа операторлари, контент-провайдерлар, реклама майдончалари.

Товушсиз мобил алоқа бозорининг энг марказида контент-провайдер – уяли алоқа абонентига ҳақ эвазига ахборот тақдим этувчи ташкилот туради. У ҳуқуқ эгалари билан лицензиявий шартномалар тузади ва уларнинг муаллифлик медиа-контентини сотиш ҳуқуқини олади. Уни истеъмолчиларга етказиб бериш тўғридан-тўғри эмас, балки уяли алоқа оператори орқали амалга оширилади. Медиа-контент учун пул ҳам абонент рақами ҳисобварағидан уяли алоқа оператори биллинги – тўловларга ишлов бериш тизимини улаш орқали ҳисобдан чиқарилади. Шу тариқа қуйидаги ҳалқа ҳосил бўлади: истеъмолчи уяли алоқа операторига, у эса контент-провайдерга, кейингиси эса мобил контентга доир ҳуқуқлар эгасига ҳақ тўлайди. Бир қарашда ўзаро муносабатларнинг очиқ-ойдин ва шаффоф чизмасига ўхшайди. Бироқ...

Амалиётда эса ҳамма ҳам баъзи нарсаларни тушунавермайди. Масалан, контент-провайдер қандай турдаги хизматларни кўрсатади? Баъзилар ўзининг моҳиятига кўра воситачилик хизматларини, бошқалар эса телекоммуникациялар хизматларини кўрсатади деб ҳисоблашади. «Бунинг қандай аҳамияти бор?» – деб сўраши мумкин газетхон. Истеъмолчи учун, албатта, ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Контент-провайдерлар учун эса (улар Ўзбекистонда ўндан ортиқ) жуда катта аҳамиятга эга. Зеро уларнинг фаолиятини қандай турга киритишга солиқ солиш объекти, солиқ базаси ва солиқ ставкаси боғлиқдир. Шу сабабли контент-провайдерлар фаолиятини воситачилик сифатида эътироф этиш «тарафдорлари» ва «қаршилар»нинг далил-исботларини батафсил кўриб чиқамиз.

 

«ТАРАФДОР»: КОНТЕНТ-ПРОВАЙДЕРЛАР ВОСИТАЧИЛАРДИР

 

Интернет тармоғидаги қомусий ахборот беришнинг энг нуфузли манбаларидан бири бўлмиш википедия воситачиликка шундай таъриф беради: «Воситачилик хизматлари – хом ашё, материаллар, маҳсулотлар, пуллар, валюта, ахборот, истеъмол товарлари муомаласини жадаллаштириш ҳамда енгиллаштириш билан ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар ўртасидаги алоқаларни йўлга қўйишга имкон яратишдан иборат бўлган тадбиркорлик фаолиятининг шакли».

Контент-провайдерларнинг фаолияти тўлалигича ушбу таърифга мос келади. Одатда улар ўз медиа-контентларини яратишмайди. Улар буни Интернет тармоғидан оладилар ёки ҳуқуқни ҳуқуқ эгаларидан сотиб оладилар ва истеъмолчилар – уяли алоқа абонентларига қайта сотадилар. Улар ўз контентларини барпо этмасликлари боис ахборий воситачилар ҳисобланадилар. Зеро уларнинг фаолияти контентнинг ишлаб чиқарувчидан истеъмолчига етиб боришини таъминлашдан иборат бўлиб, айни шу нарса воситачилик хизматларига киради.

Контент-провайдерлар хизматларини воситачилик хизматлари деб белгилаш тўғрисидаги хулоса улар билан уяли алоқа операторлари ўртасидаги шартномалар таҳлили чоғида ҳам келиб чиқади. Уларга мувофиқ контент-провайдерлар уяли алоқа операторлари билан абонентлар ўртасидаги воситачи бўлиб ҳисобланадилар. Хизматлар ушбу шартномаларда истеъмолчига эмас, балки уяли алоқа операторига тақдим этилади, айни у абонентга телекоммуникация хизматларини кўрсатади. Яъни контент-провайдер контент тақдим этиш бўйича хизматларни мустақил равишда кўрсатиш имкониятига эга эмас. Тегишинча, истеъмолчи-абонент пулни айни телекоммуникация хизматларини кўрсатувчи – уяли алоқа операторига тўлайди. Контент-провайдернинг роли эса уяли алоқа операторларига истеъмолчи маблағларидан ҳақ тўланадиган воситачилик бўлиб қолади.

Шартнома сиртдан воситачилик (топшириқ, агентлик) шартномаси шаклига эга бўлмаслигига қарамай, ўзининг мазмунига кўра у воситачилик шартномаси ҳисобланади.

Воситачилик шартномаларида солиқ базаси бўлиб воситачининг у кўрсатган воситачилик хизматларидан олинган даромадлар ҳисобланади. Масалан, уяли алоқа оператори абонентнинг ҳисобварағидан контентдан фойдаланганлик учун 10 000 сўм ечиб олди, бундан 4 000 сўмни контент-провайдерга тўлади. Ана шу 4 000 сўм ягона солиқ тўлови солиш базасини ҳосил қилади (агар контент-провайдер ЯСТ тўловчиси бўлса), унинг ставкаси воситачилик хизматлари чоғида 33%ни ташкил қилади*.

М.ПАРПИЕВ,

эксперт.

 

«ҚАРШИ»: КОНТЕНТ-ПРОВАЙДЕРЛАР ТЕЛЕКОММУНИКАЦИЯ ХИЗМАТЛАРИНИ ЕТКАЗИБ БЕРУВЧИЛАРДИР

 

Контент-провайдер хизматлар кўрсатишнинг ҳуқуқий шартлари ва таомилларини батафсилроқ кўриб чиқамиз.

1. У телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш ва уларни кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга оширишга лицензия олиши шарт (Телекоммуникациялар соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тўғрисида низомнинг 7-банди, ВМнинг 22.11.2000 йилдаги 458-сон Қарори балан тасдиқланган).

Шу тариқа, қонун ҳужжатларига биноан контент-провайдерларнинг фаолияти воситачилик эмас, балки телекоммуникация фаолияти сифатида эътироф этилади.

2. Контент-провайдер аппарат-дастурий мажмуага (ускуналар ва ДТ) эга бўлиши керак (мулк сифатида ёки ижара шартларида). У хизматлар кўрсатишнинг техник таъминоти учун фойдаланиб, абонентларга реал вақт режимида маълумотларни узатиш канали воситасида кириш имконини беради. Ушбу шарт контент-провайдер кўрсатадиган хизматлар воситачилик хизматлари эмас, балки техник телекоммуникация хизматлари эканлигининг яна бир далили бўлиб ҳисобланади.

3. Уяли алоқа оператори контент-провайдер билан абонентларга телекоммуникация хизматларини кўрсатиш чоғида унга сервис рақамини ажратиш ва контент-провайдерни техник таъминлаш бўйича тадбирларни амалга ошириш сифатида техник мадад бериш тўғрисида шартнома тузади.

4. Контент-провайдер бошқаларнинг интеллектуал мулкидан фойдаланган тақдирда у ҳуқуқ эгалари билан тақдим этилаётган контентга тегишли битим тузиши шарт. Унда контент-провайдер томонидан ҳуқуқ эгасига тўланадиган ҳақ миқдори – роялти белгиланади. Оддий қилиб айтганда, контент-провайдер мулкдордан унинг контентини учинчи шахсларга тарқатиш ҳуқуқини сотиб олади.

Ушбу шартнома, ўзининг моҳиятига кўра, интеллектуал мулк объектларидан фойдаланиш бўйича шартнома ҳисобланади ва Фуқаролик кодексида (46, 48-боблар ва бошқаларда) назарда тутилган воситачилик шартномалари таърифига мутлақо мувофиқ келмайди.

Контент-провайдернинг хизматлар кўрсатиши қандай юз беради? Абонент ушбу мақсадлар учун уяли алоқа оператори контент-провайдерга ажратган сервис рақамига қўнғироқ қилади. Уяли алоқа операторининг ускунаси унинг сўровига кўра контент-провайдернинг аппарат-дастурий мажмуасига уланади, мажмуа эса унга асосан абонент буюртирган контент ёки хизматни шакллантиради.

Энди солиқ солишнинг асосий элементлари – солиқ солинадиган база ва солиқ ставкаларини кўриб чиқамиз. Контентни тақдим этиш бўйича хизматлар қийматини контент-провайдер белгилайди. Унинг ўзи абонентлардан сўровлар қабул қилади ва, тегишинча, сифатли телекоммуникация хизматларини кўрсатганлик учун жавобгар бўлади. Шу сабабли ҳам, Солиқ кодексида белгиланганидек (356-модда), солиқ солинадиган база бўлиб контент-провайдернинг абонент-истеъмолчи ҳақ тўлаган хизматлари реализациясидан олинган тушум ҳисобланади. Масалан, хизмат 10 000 сўм туради, уни абонент операторнинг рақамига тўлайди, у эса контент-провайдерга 6 000 сўм бериб, ўзининг контент-провайдерга кўрсатган хизмати қийматини ўзида қолдиради. Мазкур ҳолда контент-провайдер тушум сифатида бухгалтерия ҳисобида абонентга реализация қилинган бутун сумма – 10 000 сўмни акс эттиради, айни у ЯСТ бўйича солиқ солинадиган база ҳисобланади (солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимида). Ушбу ҳолда солиқ ставкаси 2015 йилда – 6%.

Юқорида баён этилганлардан қуйидаги хулосаларни чиқариш мумкин:

● контент-провайдер уяли алоқа оператори билан ҳам, контентнинг ҳуқуқ эгалари билан ҳам воситачилик ёки топшириқ шартномаларини тузмайди. Унда телекоммуникация фаолиятига лицензия асосида хизматлар кўрсатиш учун ускуна мавжуд;

● абонентларга контент тақдим этиш билан боғлиқ барча харажатларни провайдер компаниянинг ўзи қилади, уларни, воситачилик шартномаси бўйича қабул қилганидек, уяли алоқа оператори ҳам, контентнинг ҳуқуқ эгалари ҳам қопламайдилар;

● контент-провайдернинг хизматларидан оператор ажратган сервис рақами орқали фойдаланган уяли алоқа абонентларидан олинган тушум унинг солиқ солинадиган базасини ҳосил қилади;

● контент-провайдернинг барча тушумига хизмат кўрсатиш соҳаси корхоналари учун белгиланган ставкада ЯСТ солинади (солиқ солишнинг соддалаштирилган тизими бўйича солиқ тўловчилар учун).

 

Хулосада шуни таъкидлаш лозимки, контент-провайдерлар солиқ солиш билан боғлиқ хатарларга йўл қўймаслик учун, тушум, харажатлар, контентдан, ўз контентидан фойдаланишга доир ҳуқуқларни бухгалтерия ҳисобида акс эттиришга масъулият билан ёндашишлари керак. Ҳуқуқ эгалари ва уяли алоқа оператори билан тузиладиган шартномаларга катта аҳамият бериш ва унинг шартларидан келиб чиқиб бухгалтерия операцияларининг мазмунини аниқ белгилаш лозим.

 

Г.ИСЛОМОВА,

«Baker Tilly Tashkent» МЧЖ АТ бошқаруви раиси.

 

 


*Президентнинг 4.12.2014 йилдаги ПҚ-2270-сон Қарорига 10-1-илованинг 9-банди.

Прочитано: 2421 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика