Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 38 / Ишбилармонлик муҳити

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари – бизнес кўмакчиси

Мамлакатимиз Президенти Ислом Каримовнинг ташаббуси билан яқинда Ўзэкспомарказда 2015–2019 йилларда иқтисодиётни  янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини амалга оширишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг роли ва масъулиятини ошириш чора-тадбирларига бағишланган республика конференция-семинари бўлиб ўтди. Унда ҳуқуқни муҳофаза қилиш, назорат ва суд органлари, Савдо-саноат палатаси, бир қатор вазирлик ва идораларнинг мансабдор шахслари иштирок этдилар. Ушбу учрашувда республикамизнинг барча минтақаларидан келган хусусий тадбиркорлик, кичик бизнес ва фермерлик вакиллари ҳам қатнашди. Унда Президентнинг 2015 йил 15 майдаги «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижроси тўғрисида сўз борди. 

 

Конференцияда иштирокчилар давлат органларининг кўргазма экспозициялари билан танишдилар. Ушбу тадбир қонун ҳужжатларидаги янгиликлар ва муайян вазирлик ёки идораларнинг қонун қоидаларини ҳаётга татбиқ этиш амалиёти тўғрисида батафсил суҳбатлашиш, фойдали ахборот ва батафсил тушунтиришлар олиш учун мақбул майдончага айланди.

 

ҲУКУМАТ ВА БИЗНЕС ҲАМКОР БЎЛИШИ КЕРАК

Ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам АЗИМОВ очди. Унинг таъкидлашича, жаҳон бозорларида барқарорлик бўлмаслигига қарамай, Ўзбекистонда иқтисодиётнинг барча секторлари тезкор ривожланмоқда, кенг миқёсли туб ўзгартиришлар давом этмоқда ва бозор механизмлари мустаҳкамланмоқда, экспорт салоҳияти ошмоқда, чет эл инвестициялари жалб этилмоқда. Президентнинг узоқни кўзлаган сиёсати кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, уларга кўпроқ эркинлик беришга, уларни ривожлантириш йўлидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этишга йўналтирилган. Бунинг учун давлат тузилмаларининг хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига аралашиши чекланяпти, уларга нисбатан санкциялар тизими қайта кўриб чиқилди, тадбиркорларга ресурслар олиш ва сотишга кенг имкониятлар берилди. Имтиёз ва преференцияларнинг, тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлашнинг самарали тизими барпо этилди.

Р.Азимов кейинги тўрт йил ичида 167 та рухсат берувчи таомил бекор қилинганлигини таъкидлади. Лицензияланадиган фаолият рўйхати 19 турга қисқартирилди. Рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш учун йиғимлар 2 баравар камайтирилди, 65 турдаги статистик ва 6 турдаги солиқ ҳисоботлари бекор қилинди.

Салмоқли ижобий натижаларга эришилди: ЯИМдаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 2000 йилдаги 31%дан ҳозирги вақтда 56%га етди. Иш билан банд аҳолининг 77%дан кўпроғи ушбу соҳада меҳнат қилмоқда.

Президентимиз Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилдаги иқтисодий дастурнинг энг муҳими устувор йўналишларига бағишланган мажлисида сўзга чиқиб, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги барча тўсиқлар ва чекловларни бартараф этишни истиқболдаги асосий вазифа деб белгилади. Р.Азимов таъкидлаганидек, бу давлат органлари билан тадбиркорлик тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштиришни талаб қилади. Ҳукумат ва бизнес ҳамкор бўлиши, бир-бирига мадад кўрсатиши, ташқи омиллар юзага келтирган муаммоларни биргаликда ҳал этиши, таркибий ўзгартиришларни амалга ошириш ва мамлакат иқтисодиётининг рақобат қобилиятини оширишда яқиндан ҳамкорлик қилиши керак.

Бош прокурор Ихтиёр АБДУЛЛАЕВ ва ДСҚ раиси Ботир ПАРПИЕВ ўз нутқларида Президентнинг 2015 йил 15 майдаги Фармонининг роли ва аҳамияти тўғрисида сўзладилар. Улар Дастурга киритилган чора-тадбирлар қандай амалга оширилаётганлиги тўғрисида ахборот бердилар.

Конференция иши «Хусусий мулк, тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва кафолатларини ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминлашда ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органлар фаолиятини кучайтириш», «Хусусий мулк ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган қонунчилик нормаларини ҳаётга татбиқ этишда суд органларининг роли», «Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ барча рўйхатга олиш, рухсат ва лицензия бериш тартиб-таомилларини соддалаштиришда давлат органларининг вазифалари» деб номланган 3 секция мажлисларида давом эттирилди. Секция мажлисларида бевосита мулоқот ва тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқишнинг самарадорлигини ошириш тўғрисида ҳам сўз борди.

 

ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТИ ҲУҚУҚЛАРИНИНГ УСТУВОРЛИГИ

Музраф ИКРОМОВ,

Ўзбекистон Республикасининг адлия вазири

Бугунги кунда республикада 580 958 тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтказилган, шулардан 227 600 нафари якка тартибдаги тадбиркорлар, 196 014 таси микрофирма ва кичик корхоналар, 79 398 таси фермер хўжаликлари, – М.Икромов ана шундай статистик маълумотларни келтирди.

2012–2014 йилларда қабул қилинган «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида», «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида», «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида», «Рақобат тўғрисида», «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонунлар – жами 15 дан ортиқ қонун ишбилармонлик муҳити ва бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилашга, хусусий мулкнинг ролини ошириш ҳамда уни ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Чунончи, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг амалдаги таҳририда тадбиркорлик субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги принципи белгиланган, унга мувофиқ қонун ҳужжатларидаги тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик субъектининг фойдасига талқин этилади. Улар фаолият юритаётганда қонун ҳужжатларининг бузилганини аниқлаб, давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ўзлари ваколат қилинган ва ушбу ҳуқуқбузарликни бартараф этиш билан бевосита боғланган чора-тадбирларнигина қўллашлари мумкин.

Қонун ҳужжатларининг тадбиркорликка таъсирини баҳолашни такомиллаштириш мақсадида 2015 йил 1 январдан бошлаб ишлаб чиқувчилар – давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари лойиҳалар ва қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни муҳокама қилиш учун Интерактив давлат хизматларининг ягона порталига ­(ИДХЯП) жойлаштиряптилар. Адлия вазирлиги уларни жойлаштириш бўйича талабларни мувофиқлаштиради ва уларнинг бажарилиши юзасидан мониторинг юритади, шунингдек ҳукуматга қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифларни киритади.

2016 йил 1 апрелдан бошлаб Ягона порталга интеграцияланган тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш тизими 24 соатлик автоматик иш режимига ўтади. Турли идораларнинг ишлаб турган хизмат кўрсатиш бўлинмалари ўрнига (инвентарлашнинг кўрсатишича, улар 200 дан ортиқ) туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказувчи инспекциялар негизида «бир дарча» қоидаси бўйича давлат хизматларини кўрсатувчи ягона марказлар тузилади. 2016 йил 1 январдан бошлаб ана шундай 17 марказ ишлай бошлайди. Бу эса хизматлардан фойдалана олиш даражасини оширади, давлат органлари фаолиятининг очиқ-ошкорлигини таъминлайди.

Рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ҳужжатларини тақдим этиш, лицензиялаш, ташқи иқтисодий фаолиятини амалга ошириш таомиллари соддалаштириляпти.

 

Тадбиркорларнинг қонуний фаолиятларига аралашувдан ҳимоя қилиш масалалари бўйича мурожаатлари Адлия вазирлигининг қуйидаги ишонч телефонлари орқали қабул қилинади: 1008, 236-26-99, 233-47-68, 236-05-09.

 

ТИФни ЭРКИНЛАШТИРИШ

Шуҳрат ХАЙРУЛЛАЕВ,

ДБҚ раисининг биринчи ўринбосари

Таомилларни соддалаштириш ва қисқартириш жараёни ташқи иқтисодий фаолият соҳасига ҳам тааллуқли бўлди, деб таъкидлади Ш.Хайруллаев. 2015 йил 20 августдаги Қонун билан киритилган ўзгартиришларда назарда тутилган жавобгарлик тўлалигича божхона органларининг ходимларига татбиқ этилади.

Тадбиркорлик субъекти рози бўлмаган қўшимча ҳисобланган божхона тўловлари эса энди фақат хўжалик судининг ҳал қилув қарорига асосан ундирилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 20.07.2015 йилдаги 197-сон Қарори билан Экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган ҳужжатларнинг тўлиқ рўйхати тасдиқланди. Қўшимча ҳужжатларни ёхуд божхона органлари ёки бошқа давлат органлари ва давлат хизматлари кўрсатувчи бошқа ташкилотлар тасарруфидаги ҳужжатларни талаб этиш тақиқланади.

Имтиёз ва преференциялар рўйхати ИДХЯПда чоп этилади ва доимо янгилаб борилади. Йил бошидан маҳаллийлаштириш, товарларни маҳаллий ишлаб чиқариш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, реконструкция қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш дастурлари доирасида товарлар олиб кирилишида улар 7,9 трлн сўм миқдорида берилган, бу эса ўтган йилнинг худди шундай давридагига қараганда 900 млрд сўмга ёки 12,9%га кўпдир. Имтиёз ва преференциялар олиш учун энди кичик тадбиркорлик субъектларининг давлат органига ёзма мурожаат қилиши керак эмас. Улар тадбиркорга мурожаат қилинмай берилади.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 20.07.2015 йилдаги 198-сон Қарори билан тижорат фаолияти учун мўлжалланган товарларни олиб келадиган, юридик шахсни ташкил этмаган якка тартибдаги тадбиркорларни ТИАИСВда давлат рўйхатидан ўтказиш бекор қилинди.

Шубҳасиз, меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, ТИФнинг очиқ-ошкоралигини таъминлаш учун божхона органларига божхона соҳасидаги у ёки бу ислоҳотлар масалалари бўйича бизнеснинг позицияси тўғрисида ахборот зарур. Божхона кодексининг Олий Мажлисга тақдим этилган янги таҳрири лойиҳаси устида ишлашда ҳам ДБҚ тадбиркорлар билан яқиндан алоқа боғлашга интилди.

 

ТАДБИРКОРЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИНИ КАФОЛАТЛАБ

Ислом ЖАСИМОВ,

Бош прокуратура бошқармаси бошлиғи

Жорий йилнинг 20 августидаги Қонун ва Президентнинг 2015 йил 15 майдаги Фармони маъмурий ва жиноятга доир қонун ҳужжатларини эркинлаштириш ҳисобига тадбиркорликка кўпроқ эркинлик беришга ҳам йўналтирилган, деб таъкидлади И.Жасимов. Хусусан, янги киритилган тартибга мувофиқ Жиноят кодексининг 184-«Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш» моддасида назарда тутилган жиноятни биринчи марта содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан бошлаб 30 кун ичида шу жумладан, пенялар ва бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопласа, жиноят иши қўзғатилмайди ва у жавобгарликдан озод қилинади.

«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунда ҳам назарда тутилишича, эндиликда қўзғатилган жиноят ишлари муносабати билан хўжалик субъектлари фаолиятининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан текширувлар текширилувчилар томонидан жалб этилган адвокатлар иштирок этган ҳолда (тадбиркорлик субъектлари томонидан ушбу ҳуқуқнинг ёзма равишда рад этилиши ҳоллари бундан мустасно) амалга оширилади.

Тадбиркорлар фаолиятига тўсқинлик қилганлиги ва ноқонуний аралашганлиги учун давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлиги анча кучайтирилди. Жиноят кодекси янги XIII-1-боб «Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа жиноятлар» билан тўлдирилди. Масалан, унинг моддаларидан бирида белгиланишича, назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда бошқа давлат органининг ва давлат ташкилотининг мансабдор шахси ёки хизматчиси томонидан хусусий мулкдорларнинг ҳуқуқларини бузиш йўли билан уларга зарар етказиш, ­яъни мулк ҳуқуқини қонунга хилоф равишда чеклаш ёки ундан маҳрум этиш содир этилган бўлса, ЭКИҲнинг 150 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд бир йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бош прокуратурага тадбиркорлик фаолияти эркинлиги кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари оғишмай бажарилиши ва янги меъёрлар амалда жорий этилиши устидан назоратни кучайтириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузганлик учун назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ваколатли давлат органлари мансабдор шахсларининг жиноий жазога қадар жавобгарлиги муқаррарлигини таъминлаш топширилди.

 

ИМТИЁЗЛАР + ШАРТЛАР

Эркин ГАДОЕВ,

ДСҚ раиси ўринбосари

Солиқчилар билан тадбиркорлар ўртасида очиқ-ошкора ва тизимли коммуникацияни барпо этиш солиқ хизматининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Президентнинг 2015 йил 15 майдаги Фармони бунинг учун яхши туртки бўлди. Солиқ соҳасида қабул қилинган янги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни бизнес аҳлига тушунтириш лозим. Кўпинча тадбиркорлар солиқ текширувлари қандай мезонлар бўйича олиб борилаётганлигини унчалик тушунмайдилар, деб таъкидлади Э.Гадоев. Бундай жиҳатларни бу хил конференцияларда бевосита мулоқотда тушунтирган мақбул.

20 августдаги Қонун жорий этган янгиликлар жумласида барча назорат қилувчи органлар учун режали текширувларнинг бир хил даврийлиги белгиланиши бор. Микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари фаолияти режали тартибда 4 йилда кўпи билан 1 марта, бошқа хўжалик субъектлари эса – 3 йилда кўпи билан 1 марта текширилади. Молия-хўжалик фаолияти билан боғланмаган, яъни бухгалтерияга оид ва бошқа ҳужжатларни ўрганишни талаб этмайдиган текширувларнинг муддати – 10 календарь кунидан кўп бўлмаган муддатни ташкил қилади. Улар қатъий тарзда фақат охирги режали текширувдан кейинги даврни қамраб олади. Шу муносабат билан 2015 йилги текширувларнинг тасдиқланган режа-жадвали қайта кўриб чиқилди. Натижада жорий йилнинг январь–августида текшириладиган субъектлар сони ўтган йилнинг худди шундай давридагига нисбатан 8%га қисқарди. Бундан ташқари, назорат қилувчи орган тадбиркорлик субъектини текширув бошланишидан камида 30 календарь кун аввал, унинг муддатлари ва предметини кўрсатган ҳолда, ёзма равишда хабардор қилиши керак.

Текширув тартибини бузганлик учун ҳам жавобгарлик кучайтирилди. Айбдорлар ЭКИҲнинг 150 бараваридан 600 бараваригача миқдордаги жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд ушбу муддатга ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан беш йилга қадар озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланадилар. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Жиноят кодексига тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Якка тартибдаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида шу йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб уларга, фаолият турига боғлиқ ҳолда, 1 нафардан 3 нафаргача ходимни ҳар бири учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ЭКИҲнинг 50%и миқдорида суғурта бадалларини ва уларга ўрнатилган қатъий белгиланган солиқнинг 30%ини тўлаган ҳолда ёллаш ҳуқуқи берилган. Бунда якка тартибдаги тадбиркорлар ёллаган касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун улар коллежни битирган санадан бошлаб 12 ой мобайнида қатъий белгиланган солиқни тўлашдан озод этиладилар. Якка тартибдаги тадбиркорлар учун имтиёзларнинг кенгайтирилиши, ўйлашимча, бундай тадбиркорлар сонини кўпайтиради, аҳолининг иш билан бандлигини оширади ва бюджетга ажратмалар ўсишига олиб келади.

 

БИЗНЕСГА ИМТИЁЗЛИ КРЕДИТЛАР

Улуғбек МУСТАФОЕВ,

Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари

Президентнинг «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тдбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонини бажариш учун Марказий банк томонидан банкларнинг тадбиркорлик субъектлари билан муносабатларини тартибга соладиган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича комплекс иш олиб бориляпти.

Амалга оширилаётган ишнинг йўналишларини аниқлаштириб, У.Мустафоев шуни таъкидладики, ишбилармонлик муҳити ва инвестиция иқлимини яхшилаш, банк соҳасида рақобатни ривожлантириш учун тадбиркорларга хизмат кўрсатиш сифати оширилмоқда ва уларни кредитлашнинг қулай шароитлари яратилмоқда. Кредитлар бериш тўғрисидаги аризалар 3 иш куни мобайнида кўриб чиқиляпти ва улар бўйича қарорлар қабул қилиняпти, кичик бизнес субъектларининг миллий валютадаги ҳисобварақлари бепул очиляпти.

Банк хизматларининг замонавий ва қулай шакллари тадбиркорларга маъқул тушмоқда. Чунончи, электрон тизимлар ёрдамида уларнинг банкдаги ҳисобварақларидан масофадан туриб солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланмоқда.

Кичик бизнес субъектлари давлат бюджетига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлаши чоғида банк хизматлари учун йиғим ундириш бекор қилинди. Иқтисодиётнинг реал секторида инвестиция фаоллигининг ўсишини қўллаб-қувватлаш мақсадида Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси 2015 йил 1 январдан бошлаб 10%дан 9%гача пасайтирилди.

Барча банкларда бевосита мулоқот линиялари ишлаяпти. Улар орқали келиб тушган мурожаатларга бир кун ичида малакали жавоб берилиши керак, уларнинг ижроси мониторинг қилиняпти. Марказий банкнинг расмий сайтида бизнес билан тижорат банклари муносабатларини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар жойлаштирилган. Ундаги ахборот мунтазам янгилаб борилади.

Тижорат банкларининг веб-сайтларида кредитлар, микрокредитлар бериш тартиби ва шартлари, шунингдек халқаро молия ташкилотлари ва чет эл банклари очадиган кредит линиялари тўғрисидаги ахборотни топиш мумкин. Ушбу сайтларда жамғармалардан фойдаланиш ва уларни олиш тўғрисидаги маълумотлар, пластик карточкалардан фойдаланувчилар учун терминаллар ва банкоматлар тўғрисидаги ахборот чоп этилади.
Жорий йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига 3,7 трлн сўм кредит бериш режалаштирилган. Улардан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга – 634 млрд, хизматлар ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш учун – 452 млрд, аёлларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга – 361 млрд сўм берилади. Банклар касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорликка жалб этишга, уларнинг бизнес лойиҳаларини молиялаштиришга жиддий эътибор беришяпти. Ушбу мақсадларга 94 млрд сўм кредитлаш ҳажми назарда тутилган.

Президент ва Ҳукуматнинг фармон ҳамда қарорларининг молия соҳасини такомиллаштиришга доир талаблари амалга оширилиши туфайли банклар ва тадбиркорлик субъектларининг муносабатлари истиқболда тамомила бошқача кўриниш олади. Уларнинг Интернет орқали кўрсатиладиган хизматлари ҳажми кенгаяди, бу эса бевосита алоқаларни камайтиради, бюрократик тўсиқларга барҳам беради, ушбу муносабатларнинг очиқ-ошкоралигини оширади. Мижозлар низоли масалаларни Марказий банк ва тижорат банкларининг расмий сайтларига электрон мурожаатларни жўнатиш йўли билан ҳам ҳал эта оладилар. 2020 йилга қадар банклар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш ҳажмини 22,5 трлн сўмгача кўпайтиришни режалаштиряптилар, инвестиция мақсадларига узоқ муддатли кредитлар ҳажми 2,5 баравар кўпаяди.

 

ТАДБИРКОРЛАР КУТГАН ҲУЖЖАТ

Марьям НИЁЗОВА, «Кумуш тола» ХК директори,

Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани

Ушбу конференцияда иштирок этганим, давлат органларининг вакилларидан кенг доирадаги масалалар бўйича кўплаб фойдали ахборот олганимдан хурсандман. Президентнинг 15 майдаги Фармони – тадбиркорлар учун муҳим ҳужжат. Зеро у бизларни давлат қўллаб-қувватлашини тизимга солади.

Ипакчиликка ихтисослашган корхонамизнинг 16 йиллик иши давомида кўп воқеалар бўлиб ўтган. Чунончи, бир неча йил аввал Давлат мулк қўмитаси билан ихтилофга борганмиз. Ҳақлигимизни узоқ вақт ва сабот билан ҳимоя қилишимизга тўғри келган. Охир-оқибатда хўжалик суди бизнинг фойдамизга ҳал қилув қарори чиқарган. Бироқ бунинг учун кўп меҳнат сарфлаганмиз. Ишлаб чиқариш билан шуғулланиш ўрнига турли расмиятчиликларга чалғишга, бир талай ҳужжатларни тайёрлашга мажбур бўлганмиз. Қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиришлар ва Президент Фармонининг хўжалик судларига тадбиркорлик субъекти шикоят қилаётган назорат қилувчи орган қарорининг ижросини тегишли даъвони кўриб чиқиш даврида тўхтатиб қўйиш ҳуқуқини берадиган қоидалари жуда долзарбдир.

Корхонамиз намунали солиқ тўловчи унвонига эга. Шу сабабли Фармоннинг солиқ ва бошқа мажбуриятларини ўз вақтида бажараётган тадбиркорлик субъектларини текширишларга мораторий эълон қилиш тўғрисидаги қоидаси ҳам бизга тааллуқлидир. Ишончим комилки, асоссиз аралашишларга нуқта қўйилади, – ҳужжатда ноқонуний текширув натижасида мулкдор ҳуқуқларини бузадиган шахсларга нисбатан жиноий жавобгарликка қадар жавобгарликнинг қатъий чоралари белгиланган. Назорат тадбирларининг сони ҳам жиддий равишда қисқарган, текширувчилар доираси аниқ белгилаб қўйилган. Корхоналар кўп сонли, кўпинча асоссиз текширувларга чалғимасдан, тўлақонли фаолият юритишлари мумкин.

* * *

Конференцияда бошқа тузилмаларнинг вакиллари ҳам сўзга чиқдилар. «Сам Антеп Гилам» ҚК директори К.Абдуллаев, «Контекс-Тошкент» МЧЖ раҳбари Н.Сотиволдиев, фермер Н.Орипхўжаев ушбу учрашув иштирокчилари номидан давлатимиз раҳбарига, ташкилотчиларга кичик ва хусусий бизнесни қўллаб-қувватлаганликлари учун миннатдорчилик билдирдилар, муҳокама этилган қонун ҳужжатларининг муҳимлигини таъкидладилар. Тадбиркорлар ўзларини қизиқтираётган саволларга мутахассислардан жавоб олдилар.

 

Конференция иши тўғрисидаги
материални махсус мухбиримиз
Гулнора АБДУНАЗАРОВА тайёрлади.

Прочитано: 3051 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика