Полина Гагаринанинг Тошкентдаги концерти ташкилотчиси нотўғри реклама учун жавоб беради.
Евровидениенинг юлдузларидан саналган Полина Гагаринанинг шу йил 28 февраль куни Тошкентда, «Истиқлол» концерт залида бўлиб ўтган концерти қўшиқ шайдоларининг ҳафсаласини пир қилди. «Eldorado Production» МЧЖ ташкилотчиси томонидан Россия эстрада юлдузи концертининг катта қисми жонли ижро билан ўтади деб ваъда қилинган эди – бунинг ўрнига у фонограмма ёрдамида ўтди. Шунга ўхшаш ҳолларни аниқлаш мақсадида Қўмита ҳузурида ташкил этилган махсус ишчи гуруҳи ана шу факт ҳақиқатлигини аниқлади. Ишчи гуруҳнинг хулосаси асосида Қўмита ходимлари «Eldorado Production» томонидан «Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг (25.12.1998 йилдаги 723-I сон) 6 ва 13-моддалари бузилган деган хулосага келди. Бу ҳуқуқий нормаларда гап истеъмолчини чалғитадиган, унга зарар ва моддий зиён етказиши мумкин бўлган инсофсиз, нотўғри, била туриб ёлғон реклама бериш ҳақида бормоқда.
Россия шоу-бизнес юлдузи тошкентлик мухлисларини лақиллатмоқчи бўлган дейиш ўринсиз. Афтидан, у нотўғри рекламадан хабардор бўлмаган – бундай реклама учун ташкилотчи жавоб беради. Зотан, ташкилотчининг бу иши россиялик хонанданинг обрў-эътиборига путур етказади. Обрў-эътибор эса чинакам санъаткорлар учун пулдан ҳам қимматроқдир.
Қўмита «Eldorado Production»га нисбатан иш очди, мазкур иш доирасида ташкилотчига бундай қоидабузарликларни бартараф этиш хусусида кўрсатма берилди ва унга бунақа қоидабузарликка йўқ қўймаслик тайинланди. Амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексимизнинг 1781-моддаси асосида мансабдор шахсга нисбатан жарима жазоси қўлланилди.