Пенсиялар билан бир қаторда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағларидан ижтимоий суғурта бўйича нафақалар ҳам тўланади.
Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомга (меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг АВ томонидан 8.05.2002 йилда 1136-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган) мувофиқ суғурталанган ходимлар (меҳнат шартномаси бўйича ишлайдиганларнинг барчаси шундай ходимлар ҳисобланади), тегишли ҳолатларда уларнинг оилалари нафақа олишга ҳақли бўлади. Бунда ходимлар қуйидагиларни олишлари мумкин:
нафақалар:
қўшимча дам олиш куни учун 16 ёшгача бўлган ногирон болани тарбиялаётган ота-оналардан бирига (ҳомийга ёки васийга) (Низомнинг 85-банди);
ҳомиладорлик ва туғиш учун учун (Низомнинг 4-параграфи);
бола туғилгани учун (Низомнинг 6-параграфи);
дафн этиш маросими учун (Низомнинг 8-параграфи);
ва пенсиялар:
ёшга доир;
ногиронлик бўйича;
боқувчисини йўқотганлик ҳолати бўйича.
2007 йил 1 январдан бошлаб вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизларга нафақа тўлаш билан боғлиқ харажатлар давлат суғуртаси маблағлари ҳисобидан эмас, балки бюджет ташкилотлари томонидан – меҳнат ҳақи жамғармасига ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан – фойда солиғини ҳисоблашда мазкур харажатлар солиққа тортиладиган базадан чиқариб ташланган ҳолда шахсий маблағлари ҳисобидан амалга оширилади (Солиқ кодексининг 141, 145-моддалари).
Юқорида айтиб ўтилган тўловлар молиялаштириш манбаидан қатъи назар ижтимоий суғурталаш бўйича нафақалар мақомига эга, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда тўлаш бўйича мажбуриятдан бўйин товлаш ҳолатларида иш берувчиларга ЭКИҲнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солинади (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-3-моддаси).
Нафақа:
ходимларга – уни олиш ҳуқуқи иш берувчи билан меҳнат муносабатларида бўлган даврда (синов даври ҳамда ишдан бўшатилган кунни ҳам қўшиб) пайдо бўлганда берилади;
юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахсларга – суғурта бадалини тўлаш даврида пайдо бўлса, берилади;
деҳқон хўжалиги аъзоларига – суғурта бадалини тўлаш даврида пайдо бўлса, берилади.
Маълумот учун. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва МВнинг қарори (АВ томонидан 30.06.2015 йилда 1339-4-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Олий таълим муассасалари талабаларига стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги йўриқномага киритилган қўшимча ва ўзгартиришларга мувофиқ 2 ёшгача боласи бўлган ва ўқишни таълимнинг кундузги шаклида давом эттираётган талаба аёлларга фақат стипендия тўлиқ миқдорда тўланади. Илгари мазкур даврда стипендия тўлиқ миқдорда ва ҳар ойлик болани парваришлаш нафақаси бир йўла тўланар эди.
P.S.
ЎЗИНГИЗНИ ТЕКШИРИНГ
1-савол.
Саломатликларини тиклаш учун республикамиз санаторийларига боришга қарор қилган 1941–1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари учун транспортда юриш учун қандай чегирмалар мавжуд?
а Транспортнинг барча турларида бепул юриш
б Пенсияга ЭКИҲнинг 2,5 баравари миқдорида қўшимча тўлов назарда тутилган
в Темир йўл транспортида бепул юриш, шунингдек авиачипталар харид қилишга чегирмалар тарзида имтиёзлар назарда тутилган. Улар ҳар йили бир марта бориш ва келиш қийматининг 50%ига тенг
2-савол
ШЖБПҲдан маблағ олинганда унга солиқ солинадими?
а Ҳа, жамғармалар умумий суммасининг 0,2%и миқдорида солиқ солинади
б Жамғариб бориладиган пенсия тўловларига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар солинмайди
в Ишлайдиган пенсионерлар учун солиқ солинади
3-савол
Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ишлайдиган пенсионерлар ҳам пенсия, ҳам иш ҳақини олишлари мумкинми?
а Фуқаролик-ҳуқуқий тарзидаги шартномалар бўйича ишлайдиган ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам миқдордан кам даромад (гонорар, мукофот ва бошқалар) оладиган пенсионерларга пенсия тўлиқ миқдорда тўланади.
б Ҳисоблаб ёзилган ёшга доир пенсиянинг миқдоридан кўп даромад оладиган пенсионерлар фақат фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномага кўра даромад оладилар
в Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ишлайдиган пенсионерлар ишлайдиган пенсионерларга тенглаштирилади ва уларга пенсиянинг 50%и тўланади
4-савол
Болани (болаларни) парваришлаш таътилида аёлнинг бўлиш даври пенсияни ҳисоблаб ёзиш учун меҳнат стажига қўшиб ҳисобланадими?
а Болани парваришлаш таътилининг бутун вақти ҳисобланади
б Болани парваришлаш таътилининг фақат 1 йили ҳисобланади
в Болаларни парваришлаш таътилларида аёлнинг жами уч йилдан кўп бўлмаган бўлиш даври ҳисобланади
5-савол
Ишламайдиган пенсионер квартирани ижарага беришдан даромад олади. Унга пенсия тўланиши сақланадими?
а Пенсия 50% миқдорида тўланади
б Пенсия миқдорини камайтириш назарда тутилмаган
в Пенсия тўланмайди
6-савол
Пенсия тайинлаш учун ҳисобга олинадиган иш стажига чет элда ўқиш вақти қўшиб ҳисобланадими?
а Йўқ, ҳисобга олинмайди
б Суғурта бадаллари тўланган тақдирда ҳисобга олинади
в Иш стажига қўшиб ҳисобланади
Тўғри жавоблар: 1в, 2б, 3а, 4в, 5б, 6в.
НАТИЖАЛАР
Ҳар бир тўғри жавоб учун – 1 балл
6-балл – аъло натижа. Сиз пенсия таъминоти масалаларидан қойилмақом хабардорсиз.
3–5 баллар – сиз, шубҳасиз, кўп нарса биласиз. Бироқ тўлиқ ишончга эга бўлиш учун жуда оз билим етишмайди. «Норма маслаҳатчи»ни ўқиб боринг ва сиз ҳар доим ҳуқуқ соҳасидаги барча янгиликлардан воқиф бўлиб борасиз.
3 балл ва ундан кам – афсус, сиз жуда кам нарса биласиз. Ёдда тутинг, билим кучдир. Айниқса у пенсия ёшида халақит бермайди. “Норма маслаҳатчи” билан доим бирга бўлишга ҳаракат қилинг, шунда яхши натижа сиз учун кафолатланган.
Мавзувий сонни мухбиримиз Алла РОМАШКО олиб боради.