Мен бир МЧЖда кўп йиллар ишладим. Ўша даврларнинг бирида иш ҳажмларининг йўқлиги туфайли иш ҳақи ҳисоблаб ёзилмаган ва, тегишинча, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ўтказилмаган. Ноль даражали ҳисоботлар ўз вақтида топширилган.
Пенсияни расмийлаштириш чоғида умумий меҳнат стажидан иш ҳақи ҳисоблаб ёзилмаган ойларни чиқариб ташлаб, ижтимоий таъминот органлари тўғри иш қиляптими?
К.Н.
– Аввало шуни қайд этиш лозимки, корхонада иш ҳажмларининг бўлмаслиги (буюртмачиларнинг йўқлиги ва ҳоказо) иш берувчини ходимларга иш ҳақини тўлаш мажбуриятидан озод этмайди (Меҳнат кодексининг 154-моддаси).
Сўнгра шуни билиш лозимки, умумий меҳнат стажи (одатдаги тушунишда) ва пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган умумий меҳнат стажи – турли тушунчалардир. Одатдаги тушунишдаги стажга қоида тариқасида бутун меҳнат фаолияти даври, шу жумладан иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўлиш вақти ва ҳоказолар, киритилади.
Қонуннинг 37-моддасига кўра эса, пенсияни ҳисоблаш учун иш стажига фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ва у Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган ҳар қандай иш қўшиб ҳисобланади.
Шу сабабли, агар сиз бирон-бир даврда ўз хоҳишингизга кўра иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўлган ёки маълум бир ойларда иш ҳажмлари бўлмаганлиги боис сизга иш ҳақи ҳисоблаб ёзилмаган бўлса, Пенсия жамғармаси бўлими ходимлари ушбу меъёрга амал қилиб, уни пенсия ҳисоблаш учун стажга киритмай тўғри қилганлар. Зеро сиз корхона штатида бўлсангиз ҳам, меҳнат фаолиятини амалга оширмагансиз, иш ҳақи олмагансиз ва, тегишинча, суғурта бадаллари тўламагансиз.
Елена ЕРМОХИНА «Norma Profi» эксперти.