90-йиллар бошида мен 4 йил икки жойда ишладим. Асосий иш жойим жамоатчилик ташкилоти – фонд эди. Гап шундаки, асосий иш жойида иш ҳақини мунтазам тўлаб боришмасди. Ўриндошлик бўйича эса меҳнат ҳақи тўланаётганда барча солиқ ва бадалларни ушлаб қолишарди. Бироқ меҳнат дафтарчасида ўриндошлик бўйича ёзувлар йўқ. Агар мен ўриндошлик бўйича ишлаган ташкилотдан ишим тўғрисида тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этсам, ушбу ҳолда пенсияни ҳисоблаш учун меҳнат стажига ўриндош бўлиб ишлаганим ҳисобга олинадими? Ёки фақат асосий иш жойи бўйича стаж ҳисобга олинадими?
К.Мироян. Тошкент шаҳри.
– Қонуннинг 37-моддаси «а» кичик бандига мувофиқ фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса, иш стажига қўшиб ҳисобланади.
Юқорида баён этилганни ҳисобга олиб, агар тегишли ҳужжатлар тақдим этилса, ўриндошлик бўйича иш стажга ҳисобланади, фақат асосий иш жойи бўйича суғурта бадаллари ажратилмаган даврлардагина.
Абдурашид ИСМОИЛОВ,
Тошкент шаҳар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бошқармасининг
пенсия ва нафақалар тайинлаш таҳлили ва мониторинги бўлими бошлиғи.