Фуқаролар ўзларига ҳисобланган суғурта бадаллари ҳақида Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ўтказилган суғурта бадалларини якка тартибда ҳисобга олишнинг марказлаштирилган электрон реестридан билиб олишлари мумкин. Реестрни шакллантириш ва юритиш тўғрисидаги низом Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлигининг қарори (АВ томонидан 16.06.2015 йилда 2683-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан тасдиқланди.
Реестр – ДСҚнинг маълумотлар ягона ахборот базаси негизида фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадалларининг якка тартибда ҳисобга олиш бўйича маълумотларнинг ягона электрон ахборот тизимидир. Суғурта бадалларини ҳисобга олиш реестри фуқароларнинг Пенсия жамғармасига ҳисобланган суғурта бадаллари тўғрисидаги маълумотлар асосида шаклланади.
Солиқ кодексининг (Кодекс) 172-моддасида назарда тутилган жисмоний шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича даромадларгина якка тартибда ҳисобга олинади.
Бунинг учун иш берувчи маълумотларни солиқ ҳисоби бўйича жойлашган давлат солиқ хизмати органларига йилнинг ҳар чорагида ва йил якунлари бўйича йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этади (Кодекснинг 310-моддаси). Солиқ органлари маълумотлар келиб тушишига кўра, уларни ДСҚнинг Марказлашган ахборот базасига киритади.
Пенсия жамғармасининг электрон сўрови ДСҚнинг Марказлашган ахборот базасида жойлашган маълумотлардан фойдаланишга ҳуқуқ бериш учун асос ҳисобланади, унинг сўрови келиб тушганда, якка тартибдаги ҳисобга олишнинг тегишли маълумотларини шакллантирилади ва юборилади.
Реестр юритилишидан фуқароларга қандай наф бўлади?
Улар:
иш берувчидан ойма-ой бўлинган ҳолдаги маълумотлар тўғрисида маълумотномани бепул олиш;
Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали фуқароларнинг ўтказилган суғурта бадаллари тўғрисидаги маълумотларини олиш бўйича давлат интерактив хизматидан фойдаланиш;
иш берувчи томонидан давлат солиқ хизмати органларига тақдим этилган маълумотларда хатоликлар аниқланган тақдирда иш берувчидан маълумотларни тўғрилаш ва қайта топширишни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Шу билан бирга улар:
СТИР берилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани олиши, уни сақлаши ва иш берувчининг талабига кўра тақдим этиши;
СТИР берилганлиги тўғрисидаги гувоҳномадаги маълумотлар ўзгарган тақдирда, шунингдек ушбу гувоҳнома йўқотилган тақдирда ариза билан давлат солиқ хизмати органларига мурожаат этиши;
солиқ органлари талабига мувофиқ солиқ тўловчининг идентификация рақами берилганлиги тўғрисидаги гувоҳномага киритилиши лозим бўлган маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши шарт.
Иш берувчи у ҳисобга қўйилган жойдаги давлат солиқ хизмати органлари билан якка тартибдаги ҳисобга олишни юритилишнинг тўғрилиги юзасидан маълумотларнинг ўзаро солиштиришни амалга ошириш ҳуқуқига эга.
Иш берувчи:
жисмоний шахснинг аризасига асосан мазкур жисмоний шахс бўйича ойма-ой бўлинган ҳолдаги маълумотлар тўғрисида маълумотномани ариза олинган кундан бошлаб 3 иш куни давомида бепул бериш;
маълумотларга тузатишлар киритилган ва давлат солиқ хизмати органларига қайта топширилган тақдирда жисмоний шахсни хабардор қилишга мажбур.
Юридик шахс қайта ташкил этилган тақдирда, маълумотлар тўғрисида маълумотномани бериш бўйича мажбурият унинг ҳуқуқий ворисига юклатилади.
Қарор «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 22.06.2015 йилдаги 24 (680)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.
Елена ЕРМОХИНА,
«Norma Profi» эксперти.