I гуруҳ меҳнат фронти ногиронлари уларни кузатувчилар билан бирга санаторийларда дам олишлари мумкин. Илгари ушбу қоида I гуруҳ уруш ногиронларига татбиқ этилар эди.
Бундай имконият Вазирлар Маҳкамасининг 15.06.2015 йилдаги 158-сон Қарори билан Ҳукуматнинг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «1941–1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2014 йил 13 октябрдаги ПФ–4658-сон Фармонини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида» Қарорига (24.12.2014 йилдаги 361-сон) киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар туфайли юзага келди.
Ҳужжат билан белгиланишича, I гуруҳ ногирони бўлган уруш ва меҳнат фронти фахрийлари уларни кузатиб борувчи кишининг паспорти кўчирма нусхасини ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг айнан шу шахс ногиронни парваришлаши ҳақидаги маълумотномасини тақдим этишлари керак.
Йўлланмалар фахрийлар яшайдиган минтақада жойлашган санаторийларга ажратилади.
Эндиликда ушбу минтақада талаб қилинадиган соғломлаштириш йўналишидаги санаторий мавжуд бўлмаган тақдирда ёки унда бўш ўринлар мавжуд бўлмаганда йўлланмалар республика минтақаларидаги энг яқин жойлашган тегишли соғломлаштириш йўналишидаги санаторийларга ажратилиши мумкин.
Ҳужжат билан йўлланмалар ажратилиши ва тақсимланишини тартибга соладиган бошқа қатор ўзгартиришлар киритилди.
