Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 3 / Эътироф

Исми жисмига мос – Жасур!

Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими катта тезкор вакили, божхона хизмати капитани Жасур Якубовнинг божхона органлари хизматига қабул қилинганига ўн йилдан ошди. Шу йиллар давомида олиб борган самарали хизмати ўлароқ, бугунга келиб у божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш ва юртимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш борасида тажрибали божхоначилар сафидан жой олди. Ўтган йиллар давомида тиришқоқлиги, қатъиятлилиги, меҳнаткашлиги ва билимдонлиги билан ҳамкасбларининг эътиборига тушди, ҳурмат орттирди.  

 

Қаҳрамонимиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ўтказилган ўнлаб тезкор тадбирларда оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этган хавфли жиноятчиларни ушлашда иштирок этган. Унинг бундай жасорати ортида машаққатли хизмат, уйқусиз тунлар ва хавфли вазиятлар ётгани сир эмас.

2013 йилда Ж.Якубов Тошкент вилояти ҳудудида ҳаракатланаётган хорижий русумдаги автомашинани кўрикдан ўтказар экан, кутилмаганда ҳайдовчи унга ташланиб қолади. Аммо Жасур ўзини етарли тарзда ҳимоя қилиб, бир зумда ҳайдовчини ер тишлатди. Шу тарзда унинг қочишга бўлган уриниши чиппакка чиқди. Кўрик давомида ҳайдовчининг қинғир қилмиши фош бўлди – у автомашинага 8 кг гашиш яширган экан.

Ўтган йилнинг бошида эса Янгийўл туманида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ўтказилган тезкор тадбир давомида гиёҳванд моддалар контрабандаси билан шуғулланувчи хавфли жиноятчи қўлга олинади. Бунда ҳам Жасурнинг довюраклиги иш берди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари кузатувига тушиб қолганини сезиб қолган жиноятчи «Кобальт» автомобилида қочишга уринган пайтда Жасур чаққон ҳаракат қилиб машина капоти устига чиқиб олади. Автомашина ҳаракатланаётган бўлса-да, юқори маҳорат ва жасорат кўрсатган ҳолда машинани тўхтатишга ва жиноятчини ушлашга муваффақ бўлади. Автомашинадан эса 1 кг гиёҳванд моддаси топилади.

Яна бир ҳолатда эса унинг иштирокида жиноий гуруҳ томонидан гиёҳванд моддаларни Тожикистондан Қозоғистонга олиб ўтилишига нуқта қўйилди. Натижада 12 кг героин ва опий гиёҳванд моддалари ҳамда 28 минг АҚШ доллари мусодара қилинди.

– Президентимиз томонидан Мустақилликнинг илк кунлариданоқ божхона органларига кўрсатилаётган юксак эътиборни ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Масалан, уч йил муқаддам Президентимизнинг 2011 йил 10 августдаги «Давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори билан божхона органларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга, соҳага ахборот технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Биз – божхоначилардан эса яратилаётган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиш ва хизматга виждонан ёндашиш талаб қилинади. Собиқ Иттифоқ даврида ишлаган божхона фахрийлари билан суҳбатлашганимизда илгари божхона пости кичкинагина будка ва шлагбаумдан иборат эди дейишса, ҳозир тасаввуримизга сиғмайди.

 

Биз бугун кўриб турган божхона комплекслари ва постларининг барчаси жуда қисқа муддатда қад кўтарди, шу аснода, айнан Президентимиз ташаббуси билан миллий божхона тизимига асос солинди. Шуларни ўйлар эканман, ким эдигу ким бўлдик деган саволга ўзимда жавоб топаман.

 

Таъкидлаш керакки, божхона хизмати капитани Жасур Якубовнинг бу жасурликлари муносиб эътироф этилди. Хизмат бурчига виждонан, садоқат билан ёндашганлиги ва фидоийлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма уч йиллиги байрам арафасида Президентимиз Фармони билан у «Мардлик» ордени билан тақдирланди. У халқимизнинг муносиб ўғлони сифатида эътироф этилди.

– Менга берилган мазкур мукофотдан бошим осмонга етди, албатта. Бундай эъзозга жавобан ўзимни қарздор ҳис қилиб, давлатимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш йўлида белни янада маҳкам боғлаб, Ватаним олдидаги бурчни, Президентимиз билдирган ишончни оқлашга ўзимда масъулият ҳис этаман, – дейди камтарлик билан қаҳрамонимиз.


Ҳусен ТАНГРИЕВ,

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати катта инспектори.

Прочитано: 2204 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика